Ўшда ҳажвчи адиб Абдуғани Абдуғафуровнинг ижодий кечаси бўлиб ўтди
Таниқли адиб, журналист, таржимон, устоз санъаткор, жамоат арбоби Абдуғани Абдуғофуров 81 ёшини қарши олди.
Ўш шаҳридаги Максим Горький номли 8-сон умумтаълим мактабида 17 декабр куни Қирғизистон ва Россия ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси, Россия Ижтимоий фанлар академиясининг фахрий профессори, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, республика маданияти соҳаси аълочиси Абдуғани Абдуғафуровнинг ижодига бағишланган “Дуо ва меҳнат – умрим безаги” номли адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.
Тадбирда адабиёт ихлосмандлари, педагоглар, китобсевар ёшлар ва республикамизнинг зиёли қатлами вакиллари, жумладан, журналист Ўктамбек Каримов, таниқли уламо Раҳматилла Қосимов, Қирғизистон Жўғўрқу кенеши депутати Фарҳод Алимжанов ва бошқалар иштирок этдилар.
Шунингдек, Ўш ва Жалолобод вилоятларининг Новқат, Аравон, Бозорқўрғон, Сузоқ туманлари тарафлардан ҳам шоир, ёзувчилар келиб, қадрдон ҳамкасби ва устозларига ўз тилакларини билдирдилар. Тадбир Қуръон тиловати билан бошланиб, марҳумлар ҳаққига дуолар қилинди. Жуда гўзал тарзда тайёрланган ўқувчи ёшларнинг шеърий композицияси билан давом этди, адибнинг асарлари, шеърларидан намуналар ўқилди ҳамда куй-қўшиқлар ижро этилди.
Кечада сўз олганлар шу куни 81 ёшини қаршилаган отахон адибимизнинг ҳаёти ва ижоди, унинг миллатимиз учун амалга оширган салмоқли ишлари ҳамда адабиётимизга қўшган ҳиссасининг бугунги ёш авлод маънавий ҳаётида тутган ўрни хусусида гапириб ўтдилар.
Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Салима Шарипова: “Абдуғани Абдуғофуровни мен жуда ёш пайтимдан танийман, икки халқни боғлаган адиб, қирғиз ёзувчи, шоирларининг асарларини нафақат ўқишга балки театр саҳналарида кўришга сабабчи бўлган таржимондир”, деди.
Халқаро даражада танилган журналист Ўктамбек Каримов: “Мен ҳаётим давомида иккитагина муҳаррир кўрганман ва улардан ўрганганман. Биринчиси Обидов, иккинчиси Абдуғани ака эди. Муҳаррирлик жуда инжиқ, қийин вазифа бўлса ҳам, улар кенгфеъл, доим очиқ юзли бўлишиб, ҳамма хато ва камчиликларни ҳазил-мутойиба билан баён қилишар эди”, – дея таъкидлади.
Новқатлик ғазалнавис шоир Қосимжон Раҳмиев устознинг қувваи хофизаси, ақли шуурига тасаннолар айтиб, Ўш ва шаҳарнинг зиёли халқига аталган ажойиб ғазалини ўқиб берди. Ушбу кеча бўлиб ўтган Максим Горкий номли мактаб директори Зулфия опа Қодирова тадбир 4 кун ичида завқу-шавқ билан ўзи бошчилигида ташкил этилганини, бундай фахрий адибларимизни ҳаммамиз қадрлашимиз кераклигини айтиб ўтди.
Абдуғани Абдуғафуров 1941 йилнинг 17 декабрида Ўш шаҳрининг Темиркўча маҳалласида туғилган. Кўплаб асарлар, драма, эссе, ҳикоя, сатира, комедияларнинг муаллифи. “Манас” эпосининг ва бир қатор таниқли қирғиз драматурглари асарларининг таржимони. “Данакер” ордени, “Манас” ва “Данк” медаллари нишондори.
Абдуғани Абдуғофуров меҳнат фаолиятини Ўш вилояти “Ленин йўли” газетасида адабий ходим, бўлим мудири сифатида ишлаб бошлаган. 1973-1983 йилларда Ўш ўзбек мусиқали театри директори. 1986 йилдан Қирғизистон давлат нашриёти қўмитасининг Ўш вилояти бўлимини бошқарган. Кўп йиллар вилоят “Ўш садоси” газетасининг бош муҳаррири вазифасида ишлаган. Уч бора Ўш шаҳар кенгашига депутат бўлиб сайланган.
Унинг биринчи “Тавба” комедияси Ўш мусиқали драма театрида 1969 йили саҳналаштирилган. “Очкўзлик”, “Ширин рақиб”, “Оталар мероси” каби пеьсалари ўз вақтида жуда ҳам машхур бўлган. 1974-йили шеърий асарлари ҳам босилиб чиққан. Қирғиз ёзувчиларидан Тўқтўбўлўт Абдумўмунов, Чингиз Айтматов, Сўўронбай Жусуев, Мирзабек Тўйбаев, Мар Байжиев, Асанбек Стамов, Бексултан Жакиев кабиларнинг асарларини ўзбек тилига янгича нафас бериб, таржима қилган. Йигирмадан ортиқ китоблари, рисола, шеърий тўплам ва драмалари дунё юзини кўрган.
Кечада Абдуғани Абдуғофуровнинг ўзи ҳам сўзлаб, ҳозирги кунда ҳам бирор куни адабиётсиз, мутолааю ижодсиз ўтмаслигини маълум қилди. Охирги ўқиган асарлари, улардаги маъно ва мазмун ҳақида гапириб, ҳозирги зиёлилар, шогирдлари ютуқларидан қувонаётганини баён қилди.
Тадбир ҳазил-мутойибалар билан, иштирокчиларнинг дилларига кириб борувчи сўзлар айтилиб, шеърлар ўқилиб, энг яхши тилаклар изҳори билан ўтди. Тадбирни филология фанлари номзоди Равшанбек Турсунов олиб борди.
Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш.
Расмлар Одилжон Дадажоновнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди