Бетараф бўлолмаган Туркманистон: Кимнингдир қаноти остига кириш ғамидами?

Туркманистон ҳукумати ғарб давлатлари таъсиридан қочиб, Россияни қўллаш сиёсатини бошладилар.

Мустақилликка эришгач, ўзининг Швейцария каби бетарафлигини эълон қилиб, мутлақо ёпиқлиги билан қўшниларидан ажралиб турадиган Туркманистон, ниҳоят халқаро ҳамжамият аъзоси бўла туриб, дунёда бўлаётган воқеалардан четда туриш мумкин эмаслигини тушунган кўринади.

Эҳтимол, туркман расмийлари мамлакатда кучайиб бораётган иқтисодий танглик туфайли «бетараф давлат» сиёсатининг тобора боши берк кўчага кириб бораётганини англаб, энди қандайдир бир кучлироқ давлатнинг қаноти остига киришга эҳтиёж сеза бошлагандирлар?

Туркманистон ҳукумати халқаро миқёсда расмий баёнот бермаган бўлсада, Россия-Украина урушида Киев расмийлари ва уларга ёрдам бераётган ғарб давлатларини қоралаб, Россияни қўллаб-қувватлаётганлари маълум бўлди.

Маълумки, Туркманистон бетараф ўлка сифатида собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида тузилган турли ташкилотларга аъзо бўлишдан ҳам бош тортган. Лекин бошқа қитъалардаги давлатлар билан ҳам иқтисодий-сиёсий ва маданий алоқалари жуда суст бўлган ҳукумат охирги пайтда ўз ташқи сиёсий доктринасини ўзгартиришга мажбур бўлаётган кўринади.

Мамлакатда эркин оммавий ахборот воситалари йўқлиги, давлат нашрлари эса доимий равишда туркман халқининг воқеликдан узоқ, эртаклардагидек чиройли ҳаёт кечираётганини ташвиқ қилиш билан оворалиги сабабли у ерда амалда нималар бўлаётганини билиш мушкулроқ. Аммо иложини топиб, Туркманистондан чиқиб кета олган фуқаролар, жумладан мухолафат кайфиятидаги фаоллар, журналистлар у ерда юзага келган вазият ҳақида тўғри маълумот бериб турадилар.

Жумладан, Туркманистондан олинаётган жуда қисқа, узуқ-юлуқ маълумотларга кўра, бугунги кунда туркман расмийлари Киев ҳукуматини ва уни қўллаб-қувватлаётган Ғарбни қоралаб, Украинага бостириб кирган Москванинг ҳаракатларини оқламоқда. Шу кунларда мамлакат ичкарисида аҳоли орасида бу йўналишда кенг ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

“Марказий Осиё янгиликлари” хизмати тарқатган маълумотларга кўра, мамлакатда ўқитувчилар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан биргаликда республика вилоятларида ўқувчилар ва ишчилар билан учрашувлар ўтказганлар. Улар билан суҳбатда ташвиқотчилар тингловчиларни Ғарб оммавий ахборот воситалари ва маданиятидан воз кечишга чақирган. Улар Ғарб маданияти ва нашрлари туркман ёшларининг миясини заҳарлашини таъкидлаганлар. Бу эса мамлакатни урушга олиб келиши мумкин.

“Агар биз ёшларимизни Ғарб оммавий ахборот воситалари ва маданиятидан узоқлаштирмасак, эртага Туркманистонда ҳам Украинадагидек уруш бўлиши мумкин”, дея расмийларнинг гапини келтиради исмини ошкор қилишни истамаган йиғилиш қатнашчиси.

Йиғилиш иштирокчиларига «Америка ва Европа оммавий ахборот воситаларидаги маълумотлар Украинадаги урушнинг асосий сабаби бўлгани»ни уқтиришган. Шу сабабли туркманлар Ғарб оммавий ахборот воситаларининг уруш ҳақидаги хабарларини ўқимасликлари керак экан. Қизиғи, интернет тармоғи жуда қаттиқ назорат остида бўлган, аҳолининг жуда кам қисмигина интернетдан фойдаланадиган бу давлат аҳолиси ғарб давлатлари хабарларини қаердан ўқиши мумкин экан? Қолаверса, сўнгги йилларда Туркманистонда инглиз ва ёки бошқа давлатларнинг тиллари уёқда турсин, рус тили ҳам унутилиб боряпти.

Учрашувлар чоғида расмий вакиллар Туркманистондаги барқарор вазиятни издан чиқаришга интилаётган “хорижий агентлар”, яъни туркман фуқаролари ҳам борлиги ҳақида огоҳлантиришган.

Учрашувларнинг асосий хулосасига кўра, “мустақил, бетараф, нефть ва табиий газга бой Туркманистон Россия билан дўстлик ва биродарлик алоқаларини мустаҳкамламоқда».

Маълумки, туркман расмийлари ҳалигача Россиянинг Украинадаги босқинига нисбатан ўз позициясини ошкора эълон қилмадилар. Шу вақтнинг ўзида Россия билан яқин алоқаларини сақлаб келмоқдалар.

Оммавий ахборот воситалари берган маълумотга кўра, 1 декабрь куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Вазирлар кенгашидаги нутқи чоғида Туркманистоннинг ташкилотдаги вакили Ҳамро Аманназаров залдан чиқиб кетган ва Кулеба нутқини тугатгандан сўнг қайтиб кирган.

Туркманистон ҳукуматига яқин манбаларнинг “Озодлик” радиосига берган маълумотларига кўра, туркман расмийлари мамлакатнинг улкан табиий бойликларига қарамай кенг ёйилган қашшоқлик ва озиқ-овқат тақчиллигидан қийналган оддий халқ орасида норозилик кучайиши мумкинлигидан хавотирдалар. Мамлакатда тобора ишсизлик ва коррупция авж олиб бормоқда.

Бундан ташқари халқаро миқёсда яккаланиб қолган Россия зўр бериб Марказий Осиё давлатлари ва бошқа минтақалардан ўзига ҳамкорлар изламоқда. Имкон топган жойида бунга зўрлик билан эришишга интилмоқда.

Яқинда Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ўзига хос “Газ иттифоқини” тузишни таклиф қилди. Аммо ҳар икки давлат ҳам буни рад этдилар. Қозоғистон бундай иттифоқ туфайли Россияга қарамлиги ошишини истамаслигини ошкора айтган бўлса, Ўзбекистон ҳам газ масаласини ҳал қилишда сиёсий мақсадлар кўзланишига қарши эканини маълум қилди.

Афтидан, Россия билан муносабатларда бундай қатъий позицияда туриш учун Туркманистоннинг иқтисодий-сиёсий аҳволи, халқаро ҳамжамиятда деярли йўқ ҳисобида бўлган нуфузи сабаб бўлса керак. Қолаверса, охирги пайтда ғарбнинг асосий душманларидан бири бўлган Эрон ҳам Россия билан алоқаларини сақлаб қолган ҳолда, Украинага қарши урушда қўлланиш учун унга замонавий қуроллар етказиб берияпти. Туркманистон эса, қўшниси сифатида ва бошқа сабабларга кўра Эрон билан мустаҳкам иқтисодий алоқаларга эга.

Бу таҳминга асос бўлиши мумкин бўлган яна бир ҳолат шуки, бу йил Туркманистоннинг Турк давлатлари ташкилотига аъзо бўлиши кутилаётган эди. Лекин ташкилотнинг яқинда Самарқандда бўлиб ўтган саммитида Туркманистон кузатувчи сифатида қолишини маълум қилди. Маълумки, Туркиянинг минтақа ва Ислом дунёсидаги асосий рақобатчиларидан бири бўлган Эрон ва Марказий Осиё давлатларини ўз таъсири остида ушлаб туришга уринаётган Россия туркий давлатларнинг бирлашишидан, юмшоқ қилиб айтганда, манфаатдор эмаслар.

Туркманистоннинг ҳамкор танлашда нақадар тўғри йўл тутганини, албатта вақт кўрсатади. Лекин тили бир, дини бир, тарихи муштарак қондош давлатлар билан иттифоқда бўлишдан воз кечаётгани бугунги туркман расмийларининг ташқи сиёсатда тутган йўлининг келажаги борлигига шубҳа уйғотади.

Бугунги кунда Туркманистон ҳукумати ўз фуқароларининг чет элга чиқишларини кескин қисқартирган. Чет элга чиқиш учун одамлар махсус ички виза олишлари керак. Ҳатто маълум ёшгача мамлакатдан ташқарига чиқишни тақиқловчи қонун ҳам қабул қилинган.

Туркманистонда бугун мустақил матбуот тақиқланганидан ташқари, ижтимоий тармоқлар ва мустақил манбаларга киришнинг ҳам деярли имкони йўқ. Давлат буни қаттиқ назорат остига олган. Ҳукуматни танқид қилганлар зудлик билан ҳибсга олинади ёки турли йўллар билан чет эллатга қочиб кетишга мажбур бўлишади. Бошқа давлатларда ўқиётган талабалар ҳам ўзларини қаерда экани, нима иш билан машғул экани ҳақида бировга ва интернет тармоғида маълумот бермайдилар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг