Аниқ тергов амалиёти йўқ: Бишкекда йигирма нафар маҳбус очлик эълон қилди

Улар Кампиробод сув омбори бўйича ҳукуматга қарши чиққанлар бўлиб, ораларида аёллар ҳам бор.

Қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулованинг ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасида маълум қилишича, “Кампиробод иши” бўйича очлик эълон қилган айбланувчиларнинг сони 19 нафарга етди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида имзоланиб, ратификация қилинган битимларга кўра, Қирғизистон ҳудудида жойлашган, лекин ўн йиллар давомида Ўзбекистон тасарруф қилиб келган Кампиробод сув омбори жойлашган ер Ўзбекистонга ўтди ва икки давлат иншоотни биргаликда бошқарадиган бўлди. Чегараларни аниқлаш бўйича имзоланган иккинчи битимга кўра, 19 минг гектар атрофидаги талаш бўлиб келаётган ер участкалари Қирғизистонга ўтди.

Икки давлат ўртасидаги бу келишувга ҳатто халқаро ташкилотлар ва турли давлат бошлиқлари ҳам юқори баҳо беришди. Қирғизистонда эса айрим кучлар Кампиробод сув омборини бермаслик керак эди, деган позицияда туришиб, турли даражада норозилик акциялари ўтказишган.

Абдирасулованинг айтишича, икки кун аввал, 14 декабрь куни ҳибсга олинган етти киши Жазони ижро этиш хизматига очлик эълон қилиш бошлашгани ҳақида расмий маълумот беришган.

“Бугун, 15 декабрь куни улар сафига яна 12 киши қўшилди. Ҳаммаси бўлиб 19 киши очлик эълон қилди, адвокатлар бу ҳақда расмий хабарнома тайёрламоқда”, – деди Абдирасулова «Озодлик» радиосининг қирғиз хизматига.

Жазони ижро этиш хизмати матбуот котиби Элеонора Сабатарова етти кишидан расмий билдирув тушганини тасдиқлади. Қолган 12 кишидан ҳозирча бундай мурожаат тушмаган.

Бир икки кун аввал маҳбуслардан Атай Бейшенбек, Рита Қарасартова, Клара Сооронқулова, Равшан Жеенбеков, Перизат Суранова ва Орозайим Нарматовалар суднинг уларни февралнинг охиригача ҳибсда сақлаш ҳақидаги қарорига норозилик сифатида очлик эълон қилишган эди.

Очлик эълон қилганлар бу ишга “кенг доирадаги сиёсатчилар, фаоллар, журналистлар ва блогерларга нисбатан сохта жиноят ишлари, адолатсизлик ва қонунбузарликлар билан ўтаётган кенг миқёсли сиёсий тазйиқлар” жазм қилганларини айтиб, Қирғизистон жамоатчилиги ва халқаро ташкилотларга очиқ мурожаатномаларини эълон қилишди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 октябрида Бишкекда 30 га яқин сиёсатчи ва фуқаролик фаоли қўлга олинган. Уларнинг уйлари тинтув қилинган. Икки кун ўтгач эса, Бишкекнинг Биринчи Май (Первомайский) тумани суди ҳибсга олинганларнинг деярли барчасини икки ой, яъни тергов давомида ҳибсда сақлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Расмий хабарларга кўра, маҳбуслар оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўришда гумонланиб, тергов ишлари бошланган. Бироқ ҳибсга олинганлар ўтган давр мобайнида бирорта тергов амали юритилмаганини айтиб келишди. Шунга қарамай, шу ҳафта бошида айтилган туман суди маҳбусларни ҳибсда сақлаш муддатини узайтирди. Улардан бири – Нурлан Асанбеков уй қамоғида қолдирилди.

Маҳбуслар орасида аввалда юқори лавозимларда ишлаган шахслар, жумладан собиқ Конституциявий суд судьяси Клара Сооронқулова, собиқ Марказий сайлов комиссиясининг собиқ аъзоси Гулнара Жўрабаева ва бошқалар бор.

Маҳбуслар ва уларнинг ҳамкасблари, турли даражадаги маҳаллий ва халқаро ташкилотлар уларга қўйилган айбловлар асоссиз эканини айтишиб, давлат президенти Садир Жапаровдан уларни озод қилишни сўраб мурожаат қилишди, лекин ҳозирча расмий жавоб олишгани йўқ.

Оқбура, Бишкек.

Расмда маҳбус Клара Сооронқулова суд залида ўғли билан очлик эълон қилишдан аввал.

Азиза Абдирасулованинг «Фейсбук»даги саҳифасидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг