Қирғизистондаги ўзбеклар: Ўш шаҳри ўзбек жамоатчилиги янги раҳбар сайлаб олди

Жамиятнинг янги раиси ўз ишини сўз билан эмас, амалда кўрсатишга бел боғлаганини айтди.

Ўш шаҳри миллий-маданий марказининг иши халқ орасида кўпдан йиллардан бери муҳокама қилиниб келаётган эсада, 2016 йилдан буён, қурултой ўтказиш, янги раҳбар сайлаш масаласи ҳал бўлмай келаётган эди. Бунга бошқа сабаблар билан бирга коронавирус пандемияси ҳам сабаб қилиб кўрсатилди.

Ниҳоят, жорий йилнинг 5-декабрида ташкилот “Амир Темур” ўзбек миллий ва маданий жамияти” жамоатчилик бирлашмаси сифатида қайта рўйхатдан ўтказилди ва кеча, 17-декабр куни унинг биринчи қурултойи бўлиб ўтди. Анжуманда 120 делегат ва таклиф қилинганлар билан 140-150 нафарга яқин киши иштирок этди.

Қурултойга Ўш шаҳрида яшаётган қардош турк, уйғур ва бошқа миллий-маданий марказлар бошлиқлари, Қирғизистон халқи Ассамблеясининг Ўш вилоят бўлими бошлиғи Балтағул Нурунбетов, Ўш шаҳар қозиси Мирланбек Тўқтўмушев, республика Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбариятидан Бахтиёр Фаттоҳов ва бошқалар иштирок этишди.

Қурултой кўтаринки руҳда, Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Ҳамидулла Матҳолиқовнинг қўшиқлари билан бошланди. Йиғилиш Ўш шаҳридаги биноси қўшни Ўзбекистон томонидан қурилиб берилган Алишер Навоий номидаги мактабда ўтказилгани қандайдир рамзий маънога эга бўлди. Мактабда ўқиш қирғиз ва рус тилларида олиб борилади.

Жуда қисқа вақт давом этган Қурултойда асосан икки масала кўрилди. Биринчи масала бўйича миллий-маданий марказнинг раҳбари Рашидхон Ходжаев ташкилотнинг шу кунгача олиб борган фаолияти ҳақида ҳисобот берди. Унинг регламентга асосланиб қисқа тақдим этган ҳисоботига кўра, Ходжаев марказга 2009 йилдан буён, яъни ўзбек жамоатчилигининг энг мураккаб, масъулиятли даврларида раҳбарлик қилгани айтиб ўтилди. Маърузачи бу даврда олиб борилган ишлар маҳаллий газеталарда ёритиб борилгани ва ўша газеталарнинг нусхалари қурултой иштирокчиларига тарқатиб берилганини айтди.

Масала юзасидан сўзга чиққан Бахтиёр Фаттоҳов ўзининг 30 йил давомида республика Ўзбек миллий-маданий марказига раҳбарлик қилганини, марказнинг бундан буён ҳам фаолият олиб бориши муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек у қирғизистонлик ўзбекларга нисбатан “диаспора” иборасини ишлатмаслик лозимлигига урғу берди. Бунга изоҳ сифатида у қирғизистонлик ўзбеклар мамлакатнинг туб аҳолиси бўлиб, шу ерда қирғиз халқи билан қадимдан бирга, бир халқ бўлиб яшаб келаётганини айтиб ўтди. Диаспора жумласи эса бошқа давлатлардан келиб яшаб қолган халқлар гуруҳларига нисбатан айтилади.

Иккинчи, кўпчиликни қизиқтираётган асосий масала Ўзбек миллий-маданий марказига, эндиликда жамият деб аталадиган ташкилотга янги раис сайлаш масаласи бўлди.

Бунгача бу лавозимга сайланиши эҳтимоллиги бўлган номзодлар сифатида бир неча одамнинг, жумладан Равшан Собиров, Дилмурод Эшонов, Дониёр Нурматов ва Алмаз Иминжоновларнинг номи аҳоли орасида айтилиб келаётган эди. Қурултойда улардан Равшан Собиров ва Алмаз Иминжоновларнинг номзодлари таклиф этилди. Равшан Собиров ўз номзодини олиб қўйгач, ягона номзод Алмаз Иминжонов бир овоздан раисликка сайланди.

Алмаз (Олмос) Иминжонов 1973-йили Ўш шаҳрида таваллуд топган, миллати ўзбек, тадбиркор, февраль ойидан бошлаб, “Ата-Журт – Қирғизистон” партиясидан Ўш шаҳар кенгаши депутати сифатида фаолият юрита бошлаган.

“Мен ҳар хил ваъдалар бериб, ортиқча сўзлар айтмайман. Мен иш бажараман – кўрасизлар”, – дея гапини қисқа қилди янги раис, овоз бериш натижалари эълон қилингач.

Шунингдек қурултой иштирокчилари турли масалаларни муҳокама қилишди.

Шу ўринда сўз олган Ассамблея вакили Балтағул Нурунбетов ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари ҳақида айтиб, шу кунгача икки марта бўлиб ўтган оғир синовли кунларни эслатиб ўтди. Сўзи давомида меҳмон бир вақтлар Ўз вилояти ўзбеклар жамияти томонидан Сулаймон тоғи этагида барпо этила бошлаган, ҳозирда чала-ярим қурилган иморат ҳолида турган иншоот тақдири масаласини тилга олди.

Унинг айтишича, бу иншоот ҳозирда Ўш шаҳри кўкаламзорлаштириш корхонаси балансига ўтказилган. Нурунбетов бу иморатни давлат ихтиёрига ўтказиб, уни “Дўстлик маркази” биноси сифатида фойдаланишни таклиф этди. Йиғилганлар бунга изоҳ ёки жавоб беришмади. Чунки вилоят миқёсидаги ва умуман бошқа ташкилотга қарашли кўчмас мулк тақдирини ўша ташкилотгина муҳокама қилиши ва ҳал қилиши мумкин.

Қурултой сўнгида йиғилганлар янги раисга мустаҳкам соғлик ва яқин келажакдаги ишларида муваффақиятлар тиладилар.

“Оқбура” сайти раҳбарияти ва ижодий жамоаси ҳам айтилган тилакларга қўшилади ва жамиятнинг янги раиси Алмаз Иминжоновга ўзбек халқининг маданиятини юксалтириш, миллий қадриятларини тиклаш ва сақлаш, энг муҳими, ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги қадимий дўстлик ва биродарлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасида қилинажак ишларида улкан муваффақиятлар тилайди.

Ўз навбатида биз жамиятнинг иши ва унинг фаолияти билан боғлиқ долзарб масалаларни ёритиб боришга, бу масалаларни муҳокама қилиш учун сайтимиз саҳифаларидан ўрин беришга тайёр эканимизни ҳам маълум қиламиз.

Оқбура, Ўш

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг