Чегара хусусида АҚШ қарсак чалмоқда, Қирғизистондаги маҳбуслар нима бўлади?

Танқид учун оммавий тарзда қамоққа олинганларнинг тақдири ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.

Амеика Қўшма Штатлари Давлат котиби Энтони Блинкен Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан учрашув чоғида Қирғизистон билан чегараларни аниқлашда эришган келишуви учун қарсак чалишга тайёр эканини маълум қилди. Блинкен Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий бутунлигини ҳамиша қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.

Чиндан ҳам таҳсинга лойиқ иш

Давлатнинг бу позицияси ва юқори мартабали амалдорнинг ушбу сўзлари АҚШ Давлат департаментининг сайтида жойлаштирилган стенограмма келтирилган.

“Мен чиндан ҳам Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарани аниқлашдаги келишувга эришгани сабабли қарсак чалишни истайман, – деган Энтони Блинкен. – Мен бу воқеа минтақадаги ва ундан ташқаридаги кўпчиликка бундай муаммоларни ҳал қилишда дипломатия имкониятларининг муҳимлиги ҳақида кучли бир белги беради”.

АҚШ Давлат котиби шунингдек Ўзбекистонда дин эркинлиги, мажбурий меҳнат соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар бўйича қилинаётган ишларни қадрлаши маълум қилди ва ҳали муҳокама қилиш мумкин бўлган масалалар, жумладан Афғонистон бўйича, бор эканини ҳам айтиб ўтган. Одатда инсон ҳуқуқлари масаласини рўкач қилиб, дунё давлатларини танқид қиладиган АҚШ давлати вакили бу сафар ушбу мавзуни четлаб ўтди.

Бугунги халқаро сиёсий аҳвол ниҳоятда мураккаблашиб турган бир вазиятда дунёнинг қудратли давлатларидан бирининг бундай баҳоси жуда муҳим экани ойдай равшан. Айниқса, ҳамон Россия ва Хитойнинг “манфаатлари доирасида” қолаётган янги мустақил давлатлар учун.

Эслатиб ўтамиз, ноябр-декабр ойларида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўзаро чегараларини тўла аниқлашиб, Қирғизистон жамиятида жиддий мунозараларга сабаб бўлган Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш бўйича зарур ҳужжатларни имзолашди. Бу билан икки давлат ўртасидаги чегара муаммолари тўла ечимини топди ва шу кунларда икки давлат ўртасида кўп йиллардан буён ёпиқ турган чегара бекатларининг қайтадан очилиши ҳақида расмий маълумотлар тарқамоқда. Бу чегаранинг ҳар икки томонида яшаган оддий халқ вакилларига зўр қувонч бағишламоқда.

Мавҳум қолаётган масала

Ўзбекистонга нисбатан Қирғизистонда чегара масаласи, айниқса Кампиробод сув омборининг тақдири билан боғлиқ масала жиддий мунозараларга сабаб бўлди. Имзоланиши кутилаётган келишувларнинг Қирғизистон манфаатларига зид деб ҳисоблаган айрим сиёсатчилар ва фуқаролик фаоллари расмийлар олиб бораётган сиёсатга қарши норозилик акцияларини ташкил қилдилар.

Уларнинг бир қатор фаоллари давлатда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўришда гумон қилиниб, ҳибсга олиндилар. Лекин мана неча ҳафта ва ойлар ўтяптики, уларнинг тақдирлари мавҳумлигича қоляпти. Чунки уларга нисбатан тергов амалиётлари олиб борилмаяпти, шу билан бирга уларни қамоқдан чиқариш талаблари ҳам рад этилмоқда.

Куни-кеча фуқаролик фаолларидан Чингиз Қапаров, Илгиз Чаменов, Айданбек Ақматов, Ақил Айтбаевлар келаси йилнинг 20 февралига қадар Бишкекдаги 1-тергов ҳибсхонасида қолишди. Бишкек шаҳрининг Биринчи Май тумани суди қарорига кўра, Кампиробод иши бўйича юқорида қайд этилган айбланувчилар сафида бўлган яна бир шахс – Нурлан Асанбеков уй қамоғида қолдирилди.

Бир неча кун аввал, 9 декабр куни туман суди таниқли сиёсатчи, бир пайтлар Жалолобод вилоятининг Ахси туманида бир неча фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган собиқ депутат Азимбек Бекназаров ва мухолифатдаги “Бутун Қирғизистон” партияси аъзоси Ўрўзайим Нарматовани 1-тергов ҳибсхонасида сақлаш муддатини узайтирган эди.

Айрим таҳминларга кўра, тергов давомида 2020 йилнинг июнидаги миллий низо кунларида ортиқча фаоллик кўрсатган Бекназаровга нисбатан ана шу воқеалар бўйича ҳам саволлар туғилиши мумкин.

Ўтиб бораётган йилнинг 22 октябрида Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитаси тузилган эди. Эртаси куни Бишкекда уларнинг аъзоларини оммавий ҳибсга олишлар бошланди. Қамоққа олинган сиёсатчи, фаол ва блогерларнинг сони 26 кишига етди. Шу вақтнинг ўзида парламент депутатлари мамлакатда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини чеклашга қаратилган қонун лойиҳаларини илгари сурмоқдалар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг