Қирғизистонда вирусли инфекция ҳуружи туфайли мактаблар ёпиляпти

Хасталанганларнинг асосий қисмини ўн тўрт ёшгача бўлган болалар ташкил қилмоқда.

Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўш шаҳридаги умумий таълим мактаблари ўн кунга ёпилди. Бунга мамлакатда тобора кенг тарқалиб келаётган ўткир нафас йўллари вируси инфекцияси (ЎНВИ) сабаб бўлган. Бу ҳақда бугун, 15-декабрда Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги махсус буйруқ чиқарди.

Таълим ва фан вазирлиги берган маълумотга кўра, умумий ҳисобда мамлакатда инфекция хавфи туфайли сабабли 500дан ортиқ мактаб ва қарийб 170 болалар боғчаси карантинга ёпилди.

Мактаб ўқувчилари ўртасида тилга олинган инфекциянинг янада тарқалиши ва эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашишига йўл қўймаслик мақсадида Ўш шаҳар таълим бошқармаси ҳам махсус буйруқ чиқарди ва шаҳардаги умумтаълим ташкилотларининг барчаси 15-декабрдан 24-декабргача ёпилиб, онлайн ўқишга ўтилди.

Қонунга кўра, таълим муассасасидаги ўқувчиларнинг 20 фоизи грипп ва ЎНВИ касаллиги туфайли ўқишга кела олмай қолган ҳолатларда Соғликни сақлаш вазирлигининг буйруғи асосида жойларда маҳаллий санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан карантинга ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Унга кўра мактаб ва боғчалар карантин ҳолатига ўтказилади.

Бугунгача республика бўйича эпидемиологик вазият туфайли 172 та таълим муассасаси карантинга ўтказилган эди. Таълим вазирлиги маълумотига кўра, уларнинг 32 таси Чуй вилоятида, 111 таси Толас вилояти, 3 таси Иссиқкўл, 6 таси Жалолобод, 12 таси Ўш ва 8 таси Бишкек шаҳрида.

Жумладан, 1710 та мактабгача таълим муассасаларидан 168 таси яъни 9,8 фоизи карантинга ёпилган эди. Умуман Қирғизистонда 2357 та таълим муассасаси фаолият юритади.

Ўтган хафтада ОРВИ ва грипп билан касалланиш ҳолатлари кескин кўпайиб, ҳафта давомида 14 минг касаллик ҳолати қайд этилган. Бу аввалги ҳафтага кўра бир ярим баробар кўп дегани. Нафас олиш йўллари инфекцияларининг тез тарқалиши туфайли ҳудудлардаги касалхоналарда вирусга қарши кураш бўйича кўплаб бўлимлар аллақачон тўлиб бўлган, поликлиникаларда узун навбатлар юзага келган, беморлар тунги вақтларда ҳам қабул қилинмоқда.

Касалликларни олдини олиш ва давлат санитария-эпидемиология назорат маркази ҳам Қирғизистонда ОРВИ ва грипп билан касалланиш бир ярим баробарга ошганини маълум қилди. Марказнинг маълумотига кўра, 2022 йилнинг 5-12 декабрида республика бўйича деярли 14 000 ОРВИ ва 85 нафар гриппга чалинган шахс қайд этилган. Касалланганларнинг 68,7 фоизи 14 ёшгача бўлган болалардир.

Марказ ўрганган намуналарга кўра,  қайд этилганлар орасида чўчқа гриппи 39,3 фоизни, “оддий” грипп 42,8 фоизни ташкил этди. Лекин эпидемиологик вазият қабул қилинган чегарадан чиқиб кетмаган, ўсиш суръати ўртача деб баҳоланган. Даволаш муассасаларидаги навбатлар, мактаб ва боғчадан хасталаниб келаётган болаларнинг кўайиши туфайли аҳоли ўртасида бироз ваҳима ҳам пайдо бўлди.

Жумладан, оддий гриппни Ковид-19 билан адаштириб ваҳима қилаётганлар ҳам бор. Аслида эса 2022 йилнинг 11 ою 11 куни натижаларига кўра, мамлакатда 21 минг 800дан кўпроқ Ковид-19 вирусига чалинган ҳолат қайд этилган. Улардан қарийб 91 фоизи лаборатория шароитида, қолгани эса клиник ва эпидемиологик шароитларда тасдиқланган.

Расмий маълумотларга кўра бугунги кунда республика бўйича 62 мингга яқин аҳоли гриппга қарши  “Гриппол Плюс” вакцинаси билан бепул эмланган. 22 минг аҳоли UNICEF ташкилоти инсонпарварлик йўналиши орқали олинган GCFLU вакцинасини олган.

Вакцина олганлар асосан сурункали касалликка чалинганлар, тез-тез касал бўладиган нимжон болалар, меҳрибонлик уйлари, мактаб-интернатлар тарбияланувчилари, ҳомиладор аёллар ва тиббиёт ходимларидир.

Шифокорларнинг айтишича, грипп ва ОРВИ билан касалланишнинг бундай ўсиши ҳар йили декабр ойида кузатилади. Шу боис аҳоли жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиши ва одамлар орасида ижтимоий масофани сақлашлари шарт.

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг