Бедаволар: Қирғизистонлик журналистни Россияга паспортсиз бадарға қилишган

Суриштирувчи журналист Болот Темиров адолатсиз суд ҳукмига қарши шикоят келтириш ниятида.

Россияга бадарға қилинган қирғизистонлик таниқли журналист Болот Темировнинг 24.kg маълумот агентлигига берган хабарига кўра, 23 ноябрь куни уни суд залидан куч билан олиб чиқиб кетишган ва тўғри аэропортга олиб боришиб, у ердан икки милиция ходими қуршовида Москвага учириб юборишган. Уни аэропортгача худди хавфли жиноятчи каби 6-7 милиция ходими куч билан олиб кетишган.

“Мени 4 соат “Манас” аэропорти милиция бўлимида ушлаб туришди. Россия элчихонаси орқали мени ўз ватанига қайтаётган Россия фуқароси каби расмийлаштиришга уринишди. Лекин милиция ходимлари буни уддалай олишмади. Шу сабабли мени ҳужжатсиз, икки милиция ходими кузатувида Москвага жўнатиб юборишди”, – дейди Темиров.

Москвага боргач, Бишкек вақти билан тунги соат биргача суд қарорини кутиб ўтиришган. Яъни унинг қўлида суд қарорининг нусхаси ҳам бўлмаган.

“Мени Россия Федерал хавфсизлик хизматига қарашли Чегара хизмати ходимлари сўроқ қилишди. Мени нима сабабдан бадарға қилишганини эшитиб, улар ҳайратланишди. Менга Россия фуқароси каби муносабатда бўлишди, уларнинг менга ҳеч қандай даъволари йўқ эди”, дейди у ҳамкасби билан суҳбатда.

Болот Темиров Россия чегарачиларига Совет даврида Қирғизистонда туғилгани ва 14 йил олдин Қирғизистон паспортини олганини айтиб берганда улар ҳайратланишиб, бу ҳолда уни Қирғизистондан чиқариб юборишлари нотўғри бўлганини айтишган. Журналистнинг Россия фуқаролиги ҳам бўлгани учун унинг маълумотлар базасидан топишган, лекин унинг паспорти Бишкекда қолиб кетган эди. Чунки у судга Қирғизистон фуқароси сифатида бориб, ўзи билан Россия паспортини олиб юрмас эди.

Бугунги кунда юз минглаб қирғизистонликлар ҳам Қирғизистон, ҳам Россия паспортига эга. Чунки ҳар икки давлат қонунчилиги ҳам буни инкор этмайди. Лекин кейинги пайтларда Россия паспортини олиш учун Қирғизистон фуқаролигидан воз кечиш талаб қилинмоқда.

Болот Темиров Қирғизистонда катта амалдорларнинг ноқонуний ишларини ошкор қилишга қаратилган суриштирувлари билан танилган. Жумладан у Миллий хавфсизлик хизмати давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг яқинларига тегишли мулк ва ишбилармонлик ҳақида танқидий материаллар берган. Шундан сўнг унга қарши босим кучайган.

Охири 23 ноябрь куни Бишкек шаҳар суди уни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилган ва уни суд залидаёқ қўлга олишиб, аэропортга олиб кетишган.

Бунгача Бишкек шаҳар Свердлов тумани суди Темировни Қирғизистон паспортини ноқонуний олганликда айбдор деб топган.

Халқаро акс-садо

Суд қароридан кейин кўп ўтмай, бир қатор маҳаллий ва халқаро ташкилотлар, ғарб давлатлари элчихоналари Болот Темировнинг Қирғизистондан Россияга депортация қилинишини қоралаб чиқдилар.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси буни “демократик тамойилларга зид” дея баҳолади. АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс ўзининг Твиттердаги саҳифасида журналистнинг бадарға қилинишидан «хавотирда» эканини айтди.

Буюк Британиянинг Қирғизистондаги элчихонаси Бишкек шаҳар судининг қароридан “ҳафсаласи пир бўлганини” айтса, Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги делегацияси ҳуқуқ-тартибот идораларининг терговчи журналистга нисбатан ҳаракатлари Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятларига зид, деб ҳисоблайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус маърузачиси Мери Лоулор аввалроқ Қирғизистон ҳукуматини Темировни чиқариб юборишни тўхтатишга чақирган эди. Лоулор суднинг журналистни чиқариб юбориш ҳақидаги қарорини унинг коррупцияга қарши кураши учун «қасос»и деб тахмин қилди.

Ўзининг танқидий фикрларини Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси (SPJ), “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти, ва бошқалар ҳам маълум қилишди.

Темировнинг адвокатлари суд қарорини “ҳуқуқий бошбошдоқлик” деб аташди.

“Temirov LIVE YouTube” канали асосчиси Болот Темировга қарши шу йилнинг январида жиноят иши қўзғатилиб, у ноқонуний равишда гиёҳванд модда сақлашда гумон қилинган.

Жорий йилнинг апрель ойида Болот Темировга қарши “Ҳужжатларни қалбакилаштириш” ва “Қирғизистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш” бўйича яна икки жиноят иши очилган.

Шу йилнинг 28 сентябрида Бишкекнинг Свердлов туман суди журналистни икки ҳолат – ноқонуний гиёҳванд модда сақлаш ва давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш бўйича оқлаган эди. Шунда Темировга нисбатан ишларда адолат қарор топишига умид пайдо бўлган эди. Лекин ўша суд қарорига кўра, журналист Қирғизистон паспортини олишда қалбаки ҳарбий билет ва қалбаки вақтинча шахсий гувоҳномадан фойдаланганликда айбдор деб топилган. Темиров ҳукмнинг шу қисми бекор қилиниши учун уринаётган эди.

Оқбура, Бишкек

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг