Сиёсий инқироз. Қирғизистонда яна митингбозлик бошланди

Кампиробод сув омбори бўйича ҳукумат қарорига қарши чиққанлар қамоққа олинмоқда.

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 25 октябрга ўтар кечаси оммавий тартибсизликларни уюштирганликда гумон қилинган сиёсатчилар ва фаолларга нисбатан ҳимоя чорасини кўриб чиқди. Суд қарорига кўра 20 декабрга қадар қамоққа олинганлар 22 нафарни ташкил қилди. Улар орасида ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, фаоллар, сиёсатчилар, ҳатто МХДҚнинг собиқ раиси ва депутатлар борлиги айтилмоқда.

Жумладан, суд сиёсатчи Азимбек Бекназаровни 23 декабргача, фаол Улуқбек Маматаевни 22 декабргача, ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартовани эса 21 декабргача ҳибсда қолдирди. Ҳибсга олинганларнинг барчаси Бишкекнинг 1-тергов изоляторида қамоқда бўлишади.

Фаол Талант Эшалиевга нисбатан ҳам Биринчи май тумани судида эҳтиёт чораси кўриб чиқилиши керак эди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулованинг айтишича, Эшалиев судга юрак ҳуружи бошланган ҳолатида келтирилган. Шундан сўнг фаолнинг аҳволи оғирлашгани учун яна шифохонага олиб кетилган. Эшалиев ҳам бошқа сиёсатчилар ва фаоллар каби оммавий тартибсизликларни уюштирганликда гумон қилинмоқда.

Фаол Қапаров унга нисбатан эҳтиёт чораси эълон қилинганидан кейин суд қароридан норозилигини билдирди.

«Бу ҳукуматдан яхшилик кутиш мумкин эмас. Бир пайтлар уларни қўллаб-қувватлаганман, энди бундан афсусдаман. Ер ва сув биздан кейинги авлодларга тегишли. Сизлар ҳам, орқа-олдингизни ўйламанг. Келажак авлод бизни кечирмайди. Биз адолат талаб қиламиз. Бу репрессия. Ҳеч қандай қонун бузилиши кузатилмади. Мен ўша йиғилишда оддий тингловчи сифатида қатнашганман, ҳеч қандай иштирокчи ёки ташкилотчи эмас эдим», – дейди фаол.

У шунингдек халққа мурожаат қилиб, ҳибсга олинган фаолларни қўллаб-қувватлашни илтимос қилди.

«Агар ҳибсга олишса, мамлакатда эркинлик бўлмайди. Мамлакатимиз иккинчи Туркманистонга айланади. Қирғиз халқим, бундай бўлишига йўл қўйманг. Бугун бизни синдиради, эртага сизларнинг фарзандларингизга ҳам етади. Ҳозирги ҳокимиятдагилар – безорилар. Қонун билан  эмас, ўз тушунчалари билан яшамоқда», –  дея қўшимча қилди у.

Ҳибсга олигаларида яа бири Али Шабдан унга қўйилган айбловлар ноқонуний эканини айтди.

 «Ҳаммаси ноқонуний. [Айбловни] ўқисангиз, латифа. Беспредел», – – деди у.

Бу орада адвокат Замир Жоошев ҳибсдаги фаоллар билан сиёсатчиларнинг судга борган адвокатларидан ҳеч бири жиноий иш қўзғатилган қарорни кўрмагани, у  судга ҳам тақдим этилмаганини айтди. Шу боис фаол Али Шабданнинг адвокати ишни асоссиз кўраётган судьяни ўзгартиришни сўради.

«Кеча ҳаммага ҳибсга олиш ордерининг нусхаси берилди. Жиноий иш қўзғатилганлиги ҳақидаги қарорни эса кўрсатишмади ҳам», – деб ёзади Жоошев.

Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилганларнинг бир гуруҳи ҳибсга олиниб, бунинг учун ҳукуматни танқид қилган фаоллар ва сиёсатчиларнинг уйларида 23 октябрь куни тинтув қилинди.

Ҳақиқатчи институти раҳбари Атир Абдраҳматова тинтув давомида милиция ходимлари бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйганлигини, хусусан, қўлга олинганларга таҳдид қилиш, сўроққа чақирув қоғозисиз чақиришганини қайд этган.

ИИВдан эса Жиноят кодексининг «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилишди. Маҳкама маълумотларига кўра, тергов давомида «айрим шахсларнинг оммавий тартибсизликлар уюштиришга, кейин эса ҳокимиятни ноқонуний эгаллаб олиш ҳолатларига алоқадорлиги тўғрисида далиллар олинди».

Депутатлар ҳам норози

Тинтув ва ҳибсга олинишни парламент депутатлари Исхақ Масалиев, Тазабек Икрамов, Дастан Бекешев ва Жанар Ақаевлар ҳам танқид қилди.

Икрамов ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳатти-ҳаракатлари демократиянинг асосий қадриятларига зид эканини таъкидласа, Масалиев тартибсизликни тўхтатишда ёрдам сўраб фуқароларга мурожаат қилган.

Бекешев фаоллар билан сиёсатчиларга қарши жиноий ишларни «бўлмаган нарса» деб атади ва Қирғизистон «авторитаризмга бориб қолган»ини қўшимча қилди. Ақаев эса фаоллар билан сиёсатчиларнинг ҳибсга олинишини ноқонуний деб ҳисоблайди. У Конституцияга кўра, ҳар бир Қирғизистон фуқароси ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади.

Бишкек ва Ўш шаҳарларида сиёсий таъқибларга ва Кампиробод сув омборини берилишига қарши митинглар 24-октябрь куни бўлиб ўтди.

Ўзган ва Жалолободда эса президент Садир Жапаровни қўллаб-қувватлаш митинги бўлиб ўтди. Йиғилганлар бир овоздан «бизга тинчлик керак» деб,  «ҳукуматни қўллаб-қувватлашга» чақирди. Шунингдек, улар 23 октябрь куни сиёсатчилар ва фаолларнинг ҳибсга олинишини «тўғри» деб билишларини айтишди.

Кейинроқ президент Садир Жапаров оммавий ҳибсга олишларга изоҳ бериб, Кампиробод масаласи бўйича аввалроқ сиёсатчилар ва фаоллар билан учрашганини, аммо натижа бўлмаганини айтди.

Президентнинг сўзларига кўра, у «Бутун Қирғизистон» мухолифат фракцияси раҳбари Адахан Мадумаров билан бир неча бор учрашган,  сув омбори ҳақида ҳамма нарсани тушунтирган. Жапаров ўзганликлар билан учрашганини эслатди — бир марта Бишкекдаги Ҳукумат уйида учрашган. Ўшанда учрашув беш соатдан ортиқ давом этган.

Жапаров ҳибсга олинганларни Кампиробод масаласи «қизиқтирмайди», улар сув омбори масаласини «ҳукуматнинг бирор жойига илиниб қолсам», деган ниятда фойдаланишмоқда деб ҳисоблайди.

«Human Rights Watch» (HRW) ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон ҳукуматини ҳибсдаги қўлга олинган фаол ва сиёсатчиларни озод этиб, уларнинг ҳақларини, жумладан келажакдаги барча тергов жараёнларида процессуал ҳуқуқларини таъминлашга чақирмоқда.

“Судлар қўлга олинганларни икки ойга қамоқда қолдиришди. Қамалганларларнинг барига оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш айби қўйилди. Милиция “махсус тергов давомида аниқланди, деб айтган далиллар” айрим қўлга олинганларнинг ўзаро сўзлашувларини яширин тинглаш орқали ёздириб олиб, монтаж қилинган овозларнинг тўплами бўлиб чиқди”, – дейилади HRW мурожаатида.

Шу билан бирга, халқаро ташкилот “ҳибсга олишлар Кампиробод сув омборидаги ерларнинг Ўзбекистонга ўтказилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин”, – деб ёзади.

Ҳуқуқшунос Сания Тоқтоғазиева судларнинг сиёсатчилар ва фаолларга нисбатан чиқарган ҳукмини танқид қилиб, Қирғизистондаги судлар тизимли турда қонунларни бузиб келади, деб ёзди.

“Улар 30 йилдан бери ҳар бир президентнинг ва куч ишлатувчи тизимларнинг қўлида қонуний террор қуролига айланишдан бошқа ҳеч нарса қилишмайди. Уят!” – деб ёзган ҳуқуқшунос ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

Муаммо нимада ўзи

Қирғизистон ҳукумати берган маълумотларга кўра, Ўзбекистон билан ўртадаги 1378 километрлик чегаранинг 85 фоизи бўйича келишувга эришилиб, чегара масаласини ҳал қилиш ишлари ниҳоясига етиб қолган. Жорий йилнинг 26-сентябрида икки давлат ўртасидаги чегаранинг айрим ҳудудлари бўйича лойиҳаларни келишув тамойилларини бошлашга имкон берувчи протокол имзоланган.

Шу билан бирга, чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегацияси раҳбари ва миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг етакчиси Қамчибек Ташиев Кампиробод сув омбори остидаги ерлар Ўзбекистонга ўтказилаётганини айтган. Шунингдек, у сув омборидан ҳар икки давлат тенг фойдаланиш имконига эга бўлганини маълум қилган.

Ташиев берган маълумотга кўра, Кампиробод сув омборидаги ер эвазига чегарадош туманлардаги бир нечта баҳсли ҳудудларига 19 минг 699 гектари Қирғизистонга ўтказилган.

Аммо маҳаллий аҳоли ва айрим сиёсатчилар Кампирободнинг Ўзбекистонга берилишига қаршилик қилиб, бир неча бор норозилик намойишлари ва ҳатто халқ қурултойини ўтказишган.

Кампиробод сув омбори остидаги ерлар ҳужжатларга кўра баҳсли ерлар эмас. Бу ҳақда 20-октябрь куни бўлиб ўтган парламентнинг йиғилишида «Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги битим лойиҳаси»ни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолашдан бош тортгани учун лавозимидан олинган Халқаро алоқалар қўмитасининг собиқ раиси Чингиз Айдарбеков билдирди.

Қўмита қабул қилган қарорнинг энг мунозарали томони Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказиш имконияти бўлмоқда.

Оқбура, бишкк.

Сурат интрнтдан олинди

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг