Ғазнамиз бўш эмас… Президент Жапаров хушёрликка чақирди

Ўқ отиш тўхтади, Қирғизистон-Тожикистон ўртасида ўзаро тинчлик протоколи имзоланди.

Ниҳоят, 19 сентябрь куни президент Садир Жапаров қирғиз халқига Боткен вилоятидаги аҳвол юзасидан мурожаат қилди. Президент жонли эфирда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, уларнинг оила аъзолари муаммоларини давлат ўз бўйнига олишинини таъкидлади. Бу сўзларни айтар экан, юрт раҳбари, тўлқинланиб, кўзларига ёш олди ва ўзини босиб олиш учун, тўхтаб-тўхтаб гапирди.

Президент Жапаров мамлакат қуролли кучларининг аҳволи ҳақида гапирар экан, юртдошларини тинчлантиришга ҳаракат қилди.

“Бизнинг ғазнамиз бўш эмас, давлатимиз ҳарбийлар ва ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган юртдошларимизнинг эҳтиёжларини қоплаш имкониятига эга. Бизнинг армиямиз икки йил аввалги қурол-яроқ ва бошқалар етишмаган, кучсиз армия эмас. Ҳозир армиямиз кучайиб бормоқда. Ватанни ҳимоя қилишга шай мард аскарларимиз бор… Вайрон бўлган уйларни яқин келажакда тиклаш учун давлат етарли маблағга эга”, деди президент ўз мурожаатида.

Шунингдек, у қирғиз халқини турли иғволарга берилмасликка, интернетда тарқатилаётган ёлғонларга эмас, фақат расмий маълумотларга ишонишга чақирди. Шунингдек, у Боткен вилоятига жанг қилиш учун бормоқчи бўлганларга мурожаат қилиб, бунга ҳожат йўқлигини, қирғиз армияси мамлакат чегарасидаги босқинларни қайтаришга қодирлигини таъкидлади.

Қирғизистонда 19 сентябрь Боткен вилоятида ҳалок бўлганлар хотирасига миллий мотам куни деб эълон қилинди.

Яна битта протокол

Шу вақт орасида икки давлат Миллий хавфсизлик хизматлари раҳбарлари томонидан икки давлат ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича протокол имзоланди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев бу ҳужжатнинг имзоланишини “чегарада босқичма-босқич тикланаётган тинчлик сари қўйилган яна бир қадам”, деб атади.

Тинимсиз қуролли тўқнашувлар бўлиб келаётган Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазият 14 сентябрь куни яна кескинлашди. Томонлар навбатдаги жанжалнинг бошланишида бири бирларини айблашди. Орада ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганига қарамай, 17 сентябрь куни чегарада яна кучли отишма давом этди. Ҳар икки томон яна бири-бирини битимни бузишда айблади.

Афсуски, бунгача ҳам икки давлат ўртасида тинчликка доир кўп битимлар имзоланган, бироқ бир неча йилдирки, вақти-вақти билан ўртада жанжал чиқиб, қуролли тўқнашувларга айланиб кетяпти. Икки давлат ўртасидаги чегарани аниқлашда жуда кўп муаммолар мавжуд.

Охирги расмий маълумотларга кўра, 14-17 сентябрь кунлари юз берган қуролли тўқнашувларда камида 59 қирғизистонлик ҳалок бўлган, улардан 40 нафари ҳарбий хизматчи экани айтилди. Яна икки ҳарбий дом-дараксиз йўқолган. Тўрт ҳарбий тутқундан озод қилинди. Тинч аҳолини қўшиб ҳисоблаганда 164 киши жароҳатланган.

Қирғизистон билан чегарадош қишлоқлардан 140 мингдан ортиқ аҳоли хавфсиз жойларга вақтинча кўчирилди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги узоқ вақт сукутдан сўнг 41 нафар фуқароси ҳалок бўлгани ва 100 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари яралангани ҳақида расман маълум қилди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг