АҚШ ҳарбий самолётлари қисман Ўзбекистон ва Тожикистонга берилиши мумкин…ми?

Бу техникани учувчилар Афғонистонда Толибонларнинг шиддатли ҳужумлари пайтида олиб ўтишган эди.

Aмерика Қўшма Штатлари бир пайтлар Aфғонистон ҳукуматига қўллов сифатида берилган ҳарбий самолёт ва вертолётларнинг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистонга ўтказиб беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Politico нашри АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали мулозими ва музокараларга кириш ҳуқуқига эга Конгресс ёрдамчисига таяниб ёзган.

Ўтган йили АҚШ мудофаа вазирлиги (ўзи жойлашган бино шакли билан кўпроқ Пентагон деб аталади) билдирганидек, 2021 йилнинг августида қулаган Афғонистон ҳукумати армиясига қарашли бўлган вертолётлар Қобул шаҳри “Толибон” ҳаракатига таслим бўлганидан кейин Тожикистон ва Ўзбекистонга учиб кетган эди. Техника таркибида ҳарбий самолётлар ҳам борлиги маълум. Гап 46 дона самолёт ҳамда бир нечта ҳарбий вертолётлар ҳақида кетяпти.

Бунгача Толибон ҳукумати вакиллари бир неча бор Тожикистон ва Ўзбекистонни ушбу вертолётларни Афғонистонга қайтаришга чақирган. Аввалроқ ОАВда Душанбе ва Тошкент маълум миқдордаги вертолётларни қолдириш ҳуқуқини беришни сўраб, АҚШга мурожаат қилгани ҳақида хабарлар ҳам тарқалган. Бунинг сабаби ўша вертолётларни бир пайтлар Афғонистонга айнан АҚШ ҳукумати совға қилган эди.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирби 2022 йил январида ўтган брифингда, улар охир-оқибат нима қилишлари ва вертолётлар қаерга бориши ҳақидаги мунозаралар давом этаётганини айтган. Бунгача Толибон ҳукуматидаги вазирлардан бири ўша самолёт ва вертолётларни Афғонистонга қайтариши кераклиги ҳақида огоҳлантирган эди.

«Толибон» ҳаракатининг асосчиси Мулла Умарнинг ўғли, ҳозирда Афғонистон мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Муҳаммад Ёқуб 11 январь куни Тожикистон ва Ўзбекистонга таҳдид қилиб, «агар самолётларимиз Тожикистон ёки Ўзбекистонда бўлса, бизга қайтарилиши керак. Самолётларимиз хорижда қолишига ва у ерда ишлатилишига ҳеч қачон рухсат бермаймиз», деган ва «агар самолётлар Афғонистонга қайтарилмаса, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини» ҳам қўшимча қилган.

Кейинроқ Reuters агентлиги Тожикистон ва Ўзбекистоннинг бу ҳарбий самолёт ва вертолётларни Афғонистонга қайтармаслик ниятида экани ҳақида хабар берди. Ушбу агентлик маълумотларига кўра, ҳар икки давлат АҚШдан аталган вертолётларнинг бир қисмини ўзларида сақлаб қолишга рухсат беришни сўраб, мурожаат қилган.

Politico ҳозирда AҚШ хавфсизлик ва терроризмга қарши алоқаларни чуқурлаштириш бўйича норасмий келишув эвазига самолётларнинг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларига бериш имкониятини кўриб чиқмоқда эканини ёзган.

Келишув узоқ муддатда разведка маълумотлари алмашинувини кенгайтириш ёки Aфғонистондаги террорчилик фаолиятини назорат қилиш учун минтақавий таянч сифатида ушбу мамлакатларда қўшин ёки самолётларни жойлаштиришни ўз ичига олиши мумкин, дея тахмин қилади нашр.

Икки давлат ҳозирча бу ҳақда расмий маълумот берганлари йўқ.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг