Чегара хизмати: Тожикистон томон аҳоли пунктларини оғир техникадан ўққа тутмоқда

Бундан ташқари Тожикистон ҳарбийлари тинч аҳолини «тирик қалқон» сифатида фойдаланмоқда.

Боткен виоятининг Тожикистон билан чегардош кенг ҳудудларида бугун 16 сентябрь куни кутилмаганда яна отишмалар бошланиб кетди. Қирғизистон Миллий хавсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) берган баёнотга кўра, Боткендаги Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги жанжалда Тожикистон томон оғир техникадан, жумладан ёппасига ўқ отувчи комплексларни ишга солмоқда. Бундан ташқари, улар тинч аҳолидан “тирик қалқон” сифатида фойдаланилмоқда.

Қирғизистон чекистлари аниқлаган яна бир маълумотга кўра, Тожикистон томондан қуролли тўқнашувда ҳарбий бўлмаган фуқаролар иштирок этишмоқда. Бу одамларнинг кийим-кечаклари  Тожикистоннинг қандайдир бир қуролли кучларига тегишли эканлиги маълум эмас.

«Шахсий таркиб шиддатли курашни давом эттириб, вазиятга қараб тегишли чоралар кўрмоқда, душман ўқ отишини тўхтатиш учун замонавий қурол-яроғ ва техникадан фойдаланмоқда», — дея таъкидлашди Чегара хизматидан.

Чегара яқинидаги қишлоқларнинг ўққа тутилиши оқибатида Қирғизистон томондан 4о нафардан ортиқ киши тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. Айрим ярадорлар Бишкекка жўнатилган. Боткенликларга ёрдам бериш учун турли мутахассисликдаги тиббиёт ходимлари Бишкекдан воқеа бўлаётган жойга етиб борган.

«Боткен вилоят бирлашган шифохонасига жами 31 нафар жабрланувчи турли тан жароҳатлари билан ётқизилди. Уларнинг аҳволи ва ташхиси ҳақида кейинроқ маълумот берилади», — дейилади хабарда.

Касалхоналарда тиббий ёрдам кўрсатиш учун етарли миқдорда қон компонентлари, дори-дармонлар ва тиббий буюмлар мавжуд.

Президентнинг Боткен вилоятидаги вакили Абдикарим Алимбаев Тожикистон томони аввал эришилган келишувларга қарамай, чегаранинг барча участкаларидан «кутилмаганда оғир техникадан ўқ узмоқда» деди. У буни «тажовуз» деб баҳолади. У тегишли раҳбарлар томонидан икки томонлама музокаралар ўтказилиши режалаштирилганини қайд этди.

Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳам буни “Қирғизистон ҳудудини босиб олиш учун ҳаракат” деб баҳолади. Шунингдек Қирғизистон ҳудудидаги мактаблардан бирини Тожикистон ҳарбийлар эгаллаб олишган. Мактабнинг устига Тожикистон байроғини илиб қўйган аскарнинг тожик тилида бир нималар деб бақиргани ҳақида видео тарқади.

Буйруқ бор, отишма тўхтамаяпти

«Ҳозир отишма тўхтагани йўқ. Бироқ тегишли раҳбарлар, генерал Ташиев тожикистонлик ҳамкасби билан суҳбатлашган. Барча томонларга ўт очишни тўхтатиш буйруғи берилган, аммо отишмалар тўхтагани йўқ. Агар отишма тўхтаса, бугун йиғилиш ўтказамиз», — деди Алимбаев.

Шунингдек Алимбаев чегарадош қишлоқлар аҳолиси хавфсиз жойларга кўчирилаётганини таъкидлади. Унга кўра, маҳаллий ҳукумат вакиллари эвакуация қилинган аҳоли учун турар жой тайёрлаб қўйган.

“Чегарага яқин жойлашган қишлоқлар аҳолисини эвакуация қилмоқдамиз. Улар ўз машиналари билан кетмоқда, ФҲВнинг маҳаллий хизмати ҳам чиқармоқда. Ҳозирда қишлоқларда ҳеч кимни қолдирмасликка ҳаракат қиляпмиз», — деди у.

Шунингдек вилоят раҳбари хавфли ҳудудларда йўллар ёпиб қўйилганини таъкидлаб, у ерларга рухсатсиз бормаслик ҳақида огоҳлантирди.

«Эрталаб Оқ-Турпоқдан келаётгандаги Боткен туманининг Чўн-Тала қишлоғида, Тожикистон томонидан Лахкан қишлоғидан отишма бўлди. Биз вақтинча бу йўлни ёпиб қўйдик. Вақтинчалик одамларни ўтказмаяпмиз. Сўх вилоятида эса ҳокимлар сўзлашмоқда. Ўшга кетаётганлар Сўх анклавидан ўтишлари мумкин», — дея қўшимча қилди Алимбаев.

Бугун, 16 сентябрь куни эрталаб МХДҚ Тожикистон томон аввал эришилган барча келишувларни бузганини ва Боткен вилоятининг Боткен туманидаги қирғиз-тожик давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб чегара ва фуқаролик объектларига «хиёнаткорона» ҳужум бошлаганини маълум қилди.

Ўз навбатида Қирғизистон томон Тожикистоннинг чегара заставаларини ўққа тутиб, унинг бир қатор ҳарбий техникасини йўқ қилгани ҳақида хабар тарқатди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги отишма сабабли Тожикистонга норозилик нотаси юборди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, нота «Тожикистон томонининг ноқонуний ва бузғунчи ҳаракатлари» учун берилган. Маҳкамадан Тожикистон томони Боткен ва Лейлек туманларидаги фуқаролик объектларига оғир ҳарбий техникадан фойдаланган ҳолда ҳужум қилганини билдиришди.

ТИВ чегара масалаларини фақат дипломатик йўл билан ҳал қилиш кераклигини қўшимча қилди.

Боткен вилоятида чегарадаги отишмалар 14-сентябрда бошланиб, 16-сентябрда яна авж олган. Қирғизистон Чегара хизмати маълумотларига кўра, 16-сентябрь куни эрталаб тожик томони чегара отрядлари ва Эки-Тош, Чир-Добо ва Қум-Қум-Тош вилоятларидаги Қирғизистон томонининг позицияларини ўққа тута бошлаган. Бу ҳолат кечгача давом этмоқда.
Қирғизистон расмийлари ҳудуддаги етти қишлоқ аҳолиси хавсиз жойларга кўчиришга мажбур бўлди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг