Тун тинч ўтди. Лекин хавотир қачонгача давом этади?

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги отишмаларда ўн бир яшар бола жиддий яраланди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) берган маълумотга кўра, кеча бирин-кетин юзага келган отишмалардан кейин томонлар ўз ҳарбий кучларини жанжал бўлган жойдан олиб кетиб, икки давлат чегарасида тинчлик ўрнатилди. Бу ҳақда томонлар воқеа содир бўлган жойда ўтказилган музокараларда келишиб олишган.

Боткен вилоятининг қирғиз-тожик чегарасидаги можаро чоғида тожик аскарлари томонидан отишма натижасида 11 ёшли бола ҳам яраланган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. Унинг елкасига ва жағ қисмига ўқнинг учқунлари теккан бўлиб, ҳозирда Лайлак туманидаги касалхонада. Шифокорлар унинг аҳволини  ўртача оғир деб баҳолашмоқда.

Бу билан жароҳатланганлар сони беш кишига етди. Улардан икки нафари ҳарбий хизматчилардир.

Миномёт снарядидан бир чегарачи енгил яраланган. Иккинчи аскарнинг танасини снаряд учқунлари шилиб ўтиб, мияси чайқалган.

Вазирлик чегарадаги отишмада яраланган яна икки фуқаронинг аҳволи ҳақида ҳам маълумот берди. Унга кўра, 21 ёшли фуқаро бошидан ўқ жароҳати олган. Аҳволи ўртача оғир. 31 ёшли фуқаронинг қорин қисмига ўқ теккан. Унинг аҳволи ўта оғир деб баҳоланиб, операция қилинди.

“Боткен вилоятидаги барча тиббиёт муассасалари кучайтирилган иш режимига ўтказилди”, — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

“Озодлик” радиосининг тожик хизмати ўз манбаларига таяниб, Тожикистон томонидан икки чегарачи ҳалок бўлгани, 11 нафари яралангани ҳақида хабар берди. “Азия-Плюс” ахборот агентлиги эса Исфара туманидаги Ворух қишлоғидаги ўз манбаларига таяниб, жароҳатланганларнинг олти нафари чегарачилар, беш нафари маҳаллий аҳоли эканини маълум қилган.

Кеча, 14-сентябрь куни МХДҚ Чегара хизмати Қирғизистон-Тожикистон чегарасида – Боткен вилоятининг Боткен тумани, Булоқбоши ҳудудида эрталабки соат 8:10да икки давлат чегарачилари ўртасида қуролли можаро содир бўлганини маълум қилди. Соат 9:30 га келиб, вақти-вақти билан отишма бўлиб турди. Соат 14:00 да Боткен туманининг Как-Сай ҳудудида Тожикистон чегарачилари Қирғизистон Республикаси МХДҚ  Чегара хизматининг Боткен чегара отрядининг “Достук” чегара қўшинлари чегарачиларига қарата ўт очган. Соат 15:08 да берган маълумотларига кўра, Тожикистон томонидан яна ўқ узилган.

“Тожикистон Чегара хизмати чегарачилари бу сафар Боткен чегара отрядининг “Самарқандек” чегара пости чегарачиларига қарата ўқ узди”, — дейилади хабарда.

Қирғизистон томон берган маълумотларга кўра, Тожикистон томони аввал эришилган келишувларни бузган ҳолда, давлат чегарасининг белгиланмаган қисмида жанговар позицияларни эгаллаган. Қирғизистон томонининг ҳудудни тарк этиш ҳақидаги қонуний талабларига эътибор бермай, тожик чегарачилари ўт очган. Бунга жавобан Қирғизистон чегарачилари ҳам қурол ишлатган.

“Шу сабабли чегарачилар ўртасида отишма бошланди, Тожикистон томони миномётлардан фойдаланди”, — дейилади МХДҚ хабарида.

Тожикистон томонидан отишма чоғида қора кийимдаги, соқол қўйган, ҳеч қандай белгиси бўлмаган шахсларнинг тинч аҳоли, инфратузилма объектлари, турар-жой бинолари ва фуқароларнинг бошқа мулкларига қарата асоссиз ўқ узгани хавфсизлик хизматларида алоҳида ташвиш уйғотмоқда.

Ўз навбатида Тожикистон Чегара хизмати бу низода Қирғизистон томонни айбламоқда. «Азия Плюс» нашрининг Чегара хизматга таяниб берган маълумотида «14 сентябрь тонги соат 07:15да қирғиз аскарлари «Кех» тожик заставасига миномётдан ўқ отгани» айтилади.

«Улар ҳеч қандай сабабсиз тожик ҳарбийларига ўқ отган. Бундан ташқари Қирғизистон томондан қўшимча техника жалб қилинди», — дейилади хабарда.

Тожикистондаги “Ховар” ахборот агентлиги ҳам мамлакат чегара хизматига таяниб, “Қирғиз чегарачилари биринчи ўқни Булоқбошида отиб, қўшимча куч ва воситаларни олиб келган”, – деб ёзган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги аниқланмаган участкалар туфайли чегара можаролари тез-тез содир бўлиб туради. Охирги низолар жорий йилнинг апрель ва июнь ойларида бўлиб, унда бир нечта  қирғизистонлик жароҳат олган эди.

Ҳар сафар расмийлар қуролли тўқнашув бўлган жойда музокаралар ўтказилгани, қуролли кучлар воқеа содир бўлган жойдан олиб кетилгани ҳақида бир хил хабар беришади. Лекин бу аҳвол қачонгача давом этади, чегаранинг икки томонидаги маҳаллий аҳоли қачон тинч, осуда ҳаёт билан яшаб қолади? Афтидан яқин орада бу саволларга жавоб олиш мушкул.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг