Натижасиз битимлар: Қирғизистон-Тожикистон можароси яна кучайди

Тожикистон ўқ отишни тўхтатиш ҳақидаги битимни бузиб, оғир техника билан ҳужум қилмоқда.  

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг бугун, 17 сентябрь тунда тарқатган маълумотига кўра, қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашувда 24 қирғизистонлик ҳалок бўлди. 90 нафарга яқин фуқаро турли даражада ўқ ва мина парчаларидан тан жароҳатлари олган. Бунгача 15 ёшли қизалоқнинг ана шундай жароҳат олиб, қурбон бўлгани айтилган эди.

Бугун эрталаб соат 8.00 да вазият тинч. Туни билан отишма тўхтаб, ҳозирда томонларнинг навбатдаги музокараларига тайёргарлик кўрилмоқда экани расмий маълум қилинган пайтда яна Тожикистон томон Қирғизистоннинг Пастки Ариқ қишлоғини миномётдан 5 дақиқа давомида ўққа тутди.

Бунгача Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ўқ отишни тўхтатишга келишиб олингани, лекин вазият оғирлигича қолаётганини маълум қилган эди. Кеча у тожикистонлик ҳамкасби, Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов билан музокаралар давомида ўқ отишни тўхтатиш ҳақида битимга келингани ва Тожикистон томон оғир техникасини чегарадан нари олиб кетаётганини айтган ва одамлар хавотир олмасликка чақирган эди.

Орадан бир неча соат ўтиб, ўтмай ҳали тўла тўхтамаган отишма янги куч билан давом этди. Тожикистон отишмада оғир техника ва ҳатто ёппасига ўқ отувчи ракета тизимларидан фойдаланган. Оқибатда юқорида айтилган қурбонлар берилди. Ташиев ҳар ярим соатда Тожикистон Давлат хавфсизлик қўмитаси раҳбари билан музокаралар олиб борилаётгани, лекин эртага аҳвол қандай бўлиши мумкинлигини айтиб бўлмаслигини маълум қилди.

Шунингдек Ташиев Қирғизистон катта йўқотишларга гирифтор бўлганини айтди.

“Ҳарбийлар орасида йўқотишлар бор. Тилакка қарши улар кўп. Ҳозир аниқлаяпмиз”, деди у видео мурожаат билан чиқиб.

Унинг айтишича, ҳозир тўқнашув бўлаётган жойда тинч аҳоли вакиллари қолмаган. Умумий ҳисобда чегара ёнидаги қишлоқлардан 120 минг киши хавфсиз жойларга олиб чиқиб кетилган. Шунингдек Қамчибек Ташиев Қирғизистоннинг босқинга қарши туришга кучи етарли эканини айтган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси тарқатган хабарларда Тожикистон тарафнинг ўқ отишни бас қилиш ҳақидаги эришилган битимларга қарамай, яна ўқ узишда давом этаётганини бир неча бор айтилди. Тожикистон ҳарбийлари Қирғизистоннинг чегара заставаларигина эмас, балки мактаб, боғча ва савдо нуқталари, тиббиёт пунктлари ва одамларнинг уйларини ўққа тутмоқдалар.

Ўз навбатида Тожикистон томон ҳам Қирғизистонни ўқ отишни биринчи бошлаганликда айбламоқда. Давлат хавфсизлик қўмитаси қирғиз ҳарбийларини Тожикистон ҳудудини ўққа тутганликда айблади. Бунинг натижасида ўнга яқин тинч фуқаро жабр тортгани айтилмоқда. Кейинроқ бир чегарачининг ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берилди.

Қирғизистондан фарқли ўлароқ, расмий Душанбе ҳарбий ва тинч аҳоли ўртасидаги талафотлар ҳақида батафсил маълумот бермаяпти. Балки, бундай талафотнинг ўзи йўқдир? Ахир ўқ ёмғири асосан у томондан ёғиляптику!

Европа Иттифоқи чегарада юзага келган бу вазиятдан ташвиш билдириб, томонларни барча ихтилофларни тинч йўл билан ҳал қилишга даъват этди.

Кеча БМТ Халқаро озиқ-овқат дастурининг Қирғизистоннинг Боткен вилоятига 400 тонна миқдорида ун ва ўсимлик мойи етказиб беришга қарор қилгани маълум бўлди.

Орада эришилган битимларга қарамай, чегарадаги жанжалнинг бу қадар чўзилиб, чуқурлашиб бораётгани ташвиш туғдиради. Икки давлат Миллий хавфсизлик қўмиталари, чегара хизматлари ва маҳаллий ҳокимиятлари раҳбарлари бир неча бор тортишувларни тинч йўл билан ҳал қилиш, ўқ отмаслик ҳақида битимларга эришишган. Кеча эса Самарқандда икки давлат президентлари ҳам ўқ отишни тўхтатиш ҳақида келишиб олишган эди. Лекин отишма вақти-вақти билан янгиланиб, тинч аҳоли орасида йўқотишларга олиб келмоқда. Ижтимоий ва иқтисодий объектлар, айниқса, Қирғизистон томондан, жиддий зарар кўрмоқда. Ҳар сафар иккала томон ҳам бири-бирини битимларни бузишда айбламоқда. Буни қандай тушуниш мумкин?

Марказий Осиё бўйича россиялик таниқли эксперт Аркадий Дубнов ҳам ўртада эришилган битимларнинг самарасиз бўлаётганини айтар экан, бу ерда учинчи кучларнинг қўли борлигини тахмин қилади. Унинг фикрича, бу масалада асосий қарорни чегарадаги контрабанда, жумладан, гиёҳванд моддалар савдосини назорат қилувчи кучлар қабул қилаётган бўлишини айтади. Ёки бўлмаса, ундан ҳам жиддийроқ – минтақага Афғонистондан жангариларни киритишни режалаштириш мақсадида чегаранинг заиф қисмларини синаб кўриш учун ана шундай иғволар уюштирилаётган бўлиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам навбатдаги тўқнашувнинг айнан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига кирувчи давлатлар раҳбарларининг учрашуви (Самарқанд, 15-16 сентябрь, 2022 йил) чоғида янгидан аланга олиши жиддий фикр юритишга сабаб бўлади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг