Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити иш бошлади

Бу сафар саммит Россия-Украина уруши туфайли мислсиз умумжаҳон ўзгаришлари шароитида ўтмоқда.

Бугун, 15 сенябрь куни қадимий Самарқанд шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатларининг олий даражадаги учрашувлари бошланди. Саммит иши икки кун давом этади.

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил 15 июнда Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан ташкил этилган. 2017 йилда ташкилотга Ҳиндистон ва Покистон қўшилди. Ҳозирда унга 8 мамлакат доимий аъзо, 4 мамлакат (Беларус, Афғонистон, Эрон, Мўғулистон) кузатувчи мақомига эга ва яна 6 давлат (Туркия, Озарбойжон, Непал, Шри-Ланка, Камбоджа ва Арманистон) ташкилот билан ҳамкор ҳисобланишади.

ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий ҳудуди Евросиё ҳудудининг 60 фоизини ташкил қилиб, умумий аҳолиси сони тахминан 3,4 миллиард кишига тенг. Ўтган 2021 йилда аъзо давлатларнинг (Эронни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) умумий ялпи ички маҳсулоти жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарий, чорак қисмини ташкил қилди.

Самарқанд саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Россия президенти Владимир Путин, Хитой раиси Си Жинпинг, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Беларус президенти Александр Лукашенко, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовларнинг иштирок этиши кутилмоқда.

Тадбирнинг сўзсиз энг асосий меҳмони Россия президенти Владимир Путин бўлиши кутилмоқда. Шу йилнинг февралида Украинага қарши бошланган урушдан кейин Путин ташқи дунё билан боғланишларини кескин қисқартириб, шу даврда бўлгани 1-2 давлатга сафар қилди, холос. Унинг Самарқандга келиши туфайли мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилди. АҚШ ва Ғарб давлатларининг кучли санкциялари остида қолган Россия ўзининг йиғилиб қолган муаммоларига ҳаммадан кўра кўпроқ ечим излаши тайин.

Шунингдек, Самарқанд саммитига БМТ ҳамда унинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, ЮНЕСКО, МДҲ, КХШТ, ЕОИК, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси каби халқаро ташкилотлар ҳам иштирок этмоқдалар.

Саммитга кузатувчи давлатлардан Арманистон бош вазири Николь Пашинян Озарбайжон билан бошланган қуролли жанжал туфайли келолмаслиги маълум бўлди. Афғонистонда ўз ҳукмронлигини ўрнатган Толибон ҳаракати вакиллари ҳам Самарқандга келишмайди, чунки бу ҳукумат ҳали расман тан олинмаган.

Самарқанд саммитида ташкилотга Эроннинг тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниши кутилмоқда.

Ташкилотга бугунги кунда ҳарб давлатлари билан алоқалари жуда таранглашиб кетган Россия, Хитой, Беларус ва энди Эрон давлатларининг кириши ШҲТнинг қандайдир Ғарбга қарши тузилган ташкилот сифатида қабул қилинишига ҳам олиб келмоқда. Ваҳоланки, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг бир қанчаси унинг ҳарбий тузилмага айланишини қўллаб-қувватламайди.

Бугунги саммитга мезбонлик қилаётган Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясида ҳам мамлакатнинг ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслиги аниқ кўрсатилган. Ўзи аъзо бўлган ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда Ўзбекистоннинг улардан чиқиш ҳуқуқини кўзда тутилган. Саммит олдидан президент Шавкат Мирзиёв саммит муносабати билан мақола эълон қилиб бу масалага яна бир бор очиқ ойдин муносабатини билдирган.

«Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти– сиёсий ёки ҳарбий блок эмас, балки очиқ, кенг минтақавий ва глобал ҳамкорлик тарафдори, унда барча иштирокчилар тенг ва бир-бирларининг манфаатларига ҳурмат билан қарайди. Қолаверса, шаклланаётган янги дунёда ШҲТ бугуннинг ва келажакнинг чақириқ ва таҳдидларига қарши самарали мулоқот механизми бўлиши керак», – дейилади Шавкат Мирзиёевнинг мақоласида.

Икки кун давом этадиган олий даражадаги учрашувлар чоғида бугунги глобал ўзгаришлар чоғида ташкилотнинг ўрни ва келажакка стратегияси, аъзо давлатларнинг ўзаро муносабатлари, биргаликда ҳаракатланиш йўл ва йўналишлари, биринчи галда глобал хавфсизлик, умумжаҳон иқтисодий ўзгаришлар борасида муҳим битимларга келиниши кутилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг