Бухорода банкоматларга ўт кетди

Одамлар ва пуллар зарар кўргани йўқ, ёнғин сабаблари аниқланмоқда.

Бухоро шаҳрининг Алпомиш кўчасида жойлашган тўрт банкомат турган жойда ёнғин чиққани тўғрисида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси 5 сентябрда маълум қилди. Ҳодиса бир кун аввал содир бўлган.

Расмий хабарда айтилишича, банкоматлар Тenge Bank банкига тегишли бўлган. Ёнғин чиққани тўғрисида хабар келиши билан ўт ўчириш хизматининг уч экипажи бир неча дақиқа ичида воқеа жойига етиб борган ва ёнғин 15 дақиқа ичида ўчирилган.

Очиқ маълумотлардан маълумки, Тenge Bank “Қозоғистон Халқ банки”нинг (Halyk Bank) 100 фоизлик филиали ҳисобланади. Асосий идораси Тошкентда жойлашган бўлиб, Ўзбекистонда 14 филиали мавжуд. Улардан иккитаси Самарқанд ва Фарғонада, қолгани Тошкентда жойлашган.

Банкоматлар жойлашган майдонда 24 квадрат метр том ва девордаги пластик қопламалар ёнган. Тўрттала банкоматнинг ҳаммаси тўла сақлаб қолинган. Ёнғинга электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Ҳозирда ёнғин сабаблари ва етказилган моддий зарар кўлами аниқланмоқда.

“Ёнғин оқибатида фуқароларнинг куйиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмади”,-дейилади фавқулодда вазиятлар бошқармаси тарқатган билдирувда.

Оқбура, Бишкек

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг