Истиқлол муборак, азиз дўстлар!

Мухлисларимизни Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги билан самимий табриклаймиз.

Сайтимиз жамоаси Ўзбекистон халқини, бу муқаддас юртни ўз ватани деб билган барча миллатлар вакилларини кўҳна ва шарафли тарихга эга бўлган ўзбек халқининг тақдирида янги даврни бошлаб берган Истиқлол куни билан чин юракдан муборакбод этади!

Давлат бошқаруви, халқаро алоқалар ва ижтимоий масалаларни ҳал қилишда бой тарихий тажрибага эга бўлган Ўзбекистон ва унинг раҳбарияти, меҳнатсевар, бағри кенг ўзбек халқи бундан 31 йил аввал Оллоҳ инъом этган истиқлол неъматини зўр қувонч, масъулият ва шукуҳ билан қабул қилиб, унинг имкониятларидан оқиллик билан фойдаланиб келмоқда. Мамлакат тез орада қаддини ростлаб, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллади.

Мустақиллик туфайли қанотини кенг ёзган Ўзбекистон давлати сўнгги йилларда янада юксак мақсадлар сари интилиб, иқтисодиёт, сиёсат ва турмушнинг барча жабҳаларида улкан ютуқлар намунасини кўрсатиб келмоқда. Чуқур мулоҳаза ва аниқ режаларга, ўзаро манфаатдорлик асосига қурилган оқилона ташқи сиёсат юритиш натижасида минтақавий ва халқаро муносабатларда зўр бурилиш амалга оширилди. Жумладан, Қирғизистон эли ҳам қардош ўзбек халқининг бу улуғ шодиёна тўйида унинг ёнида камарбаста бўлиб, хурсандчилигига шерикдир.

Адолат ва тенгликка асосланган, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларига мос, аҳоли турмуш тарзини янги даражаларга кўтаришга қаратилган ички сиёсат туфайли кўп миллатли Ўзбекистон халқи янги-янги зафарлар сари ишонч билан олға интилмоқда.

Сайтимиз раҳбарияти ва ижодий жамоаси бутун Ўзбекистон халқини, бу буюк давлатни севиб, унинг ёрқин келажагига хайрихоҳ бўлган ҳар бир инсонни шу улуғ байрам билан табриклайди. Барчангизга мусаффо осмон, тинчлик ва ҳотиржамлик, мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга файз-барака ва улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.

“Оқбура” сайти жамоаси.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг