Алишер Соиповнинг иши яна ёпилди. Нега асосий гувоҳ ҳамон сўроқ қилинмаяпти?

Қирғизистон расмийлари таниқли журналист Алишер Соиповнинг ўлимини астойдил тергов қилишмаяпти.

Бу ҳақда аввало ўн беш йил аввал Ўш шаҳрининг марказий кўчаларининг бирида шундоқ одамлар кўзи ўнгида отиб ўлдирилган журналист Алишер Соиповнинг укаси Шоҳрух Соипов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёзди. Унинг сўзларига кўра, жиноий иш қисқартирилганини у август ойи ўрталарида терговчи билан учрашганда билган.

Истеъдодли ва жасур журналист Алишер Саипов 2007 йилнинг 24-октябрида ўлдирилган. Кечга яқин ишдан уйига қайтаётган вақтда номаълум одам икки марта бошига ва бир марта ўнг оёғига тўппончадан ўқ отган. Ўшанда Соипов 26 ёшда бўлиб, ортида рафиқаси ва бир неча ойлик бўлган ёлғиз қизи қолган эди.

Тез орада иш тўхтатилгани ҳақидаги маълумотни Қирғизистон Бош прокуратураси ҳам тасдиқлади.

“Терговчи менга акамнинг ўлими бўйича тергов айбдор топилмагани учун тўхтатилганини тушунтирди. Бошқача айтганда, акамни отган қотил топилмагани учун”, – деб ёзади Шоҳрух Соипов.

Соипов мазкур жиноий иш ёпилиб кетгач, тўрт йил аввал қайта янгилангани, бироқ ўшандан буён терговчи томонидан ҳеч қандай тергов ҳаракатлари ўтказилмаганини таъкидлайди.

“Терговчи бизнинг оиламизни ҳеч қачон суҳбатга таклиф қилмаган. Ҳеч қандай сўроқ қилмади. Энг муҳими, терговчи акамнинг ўлими бўйича асосий гувоҳ бўлган Иқбол Мирсаитовдан сўрамади ҳам. Нега Мирсаитов шунча йиллардан бери сўроқ қилинмади, тергов доирасида биз билан юзлашмади?” – дея ўринли савол ташлайди журналист.

Иқбол Мирсаитов 15 йилдан буён сукут сақлаб келмоқда. Буни ундан кимдир талаб қиляптими?

Дарҳақиқат, 15 йил ўтибди ҳамки, тергов бирор марта Мирсаитовнинг тергов қилингани ва унинг натижалари ҳақида ошкора бирор нарса эълон қилмаган. Ваҳоланки, қотиллик содир бўлган пайтда Қирғизистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар иститутининг собиқ ходими Иқбол Мирсаитов Алишер Соиповнинг ёнида бўлган.

Қотиллик унинг кўз ўнгида содир бўлгани боис у жуда кўп нарсаларга аниқлик киритиб бериши мумкин бўлган ҳолда у ҳамон кўланкада қолиб келмоқда. Кўпчиликнинг фикрича, тергов органлари Мирсаитовни тергов қилган, лекин нега бу тергов натижаларини эълон қилиниб, тергов ишига қўшилмаётгани ҳамон турли саволлар ва жиддий шубҳа туғдириб келмоқда.

Шу кунларда қаерда ва нима билан машғул экани ҳам ноъмалум Мирсаитовнинг ўзи нега шу пайтгача сукут сақлаб келаётгани ҳам жумбоқ. Фақат уни кимдир тилини тийиб юришини айтиб қўрқитиб қўйган, деб гумон қилиш мумкин холос.

“Орадан 15 йил ўтиб ҳам Мирсаитов биздан қочиб юрибди, Алишер ўлдирилган кундаги воқеани айтиб беришни истамаяпти”, – деб ёзади марҳумнинг укаси.

Бундан ташқари, айрим одамлар қотиллик содир бўлган пайтда ўқ отган одамни расмга олиб ҳам улгуришган. Бу расмдаги одамнинг маҳаллий турғунлардан эмаслиги ҳам айтилиб келади.

Куни кеча Қирғизистон омбудсмени Атир Абдрахматова “Озодлик” радиосининг қирғиз хизматига Алишер Соиповнинг ўлимига оид иш яна нима учун тўхтатилгани билан боғлиқ вазиятни шахсан ўрганиб чиқишини айтган.

Алишернинг ҳамкасблари унинг қўрқмас ва жасур эканидан нафақат ҳайратланишар, балки бундан ташвиш ҳам билдиришарди

Катта шов-шувга сабаб бўлган бу қотиллик бўйича зудлик билан тергов ишлари бошланиб, Қирғизистоннинг ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Молдомуса Қонғантиев бу ишни шахсий назоратига олганини маълум қилган. Кейинроқ, жаҳон журналистлар ҳамжамияти, ҳуқуқ ҳимоячилари ва бошқа турли халқаро ташкилотлар бу ишни тезроқ охирига етказиб, қотиллар ва буюртмачини топишни талаб қилаверганда, бу ишни шахсан назорат қилаётганини президент Қурманбек Бакиев ҳам айтган.

Фақат 2009 йили журналистни ўлдиришга гумонланиб, Боткен вилоятидаги Лайлак туманининг турғуни, собиқ милиция ходими Абдулфарид Расулов қўлга олинган. Унинг айби гўёки исботланиб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бироқ унинг қотил экани ҳақида чўпчакка на марҳумнинг яқинлари ва на ҳамкасблари ишонмадилар. Расуловнинг яқинлари ҳам унинг айбдор эмаслигини айтиб чиқдилар.

Икки йилдан кейин Олий суд Расуловни оқлаб, қамоқдан озод қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Сабаби унинг қариндошлари судга жиноят содир этилган куни Расуловнинг яқинларидан бирининг тўйида бўлганини исботловчи видеоёзувларни топширишган. Шу аснода 2013 йилнинг 6 декабрида бу жиноий иш тўхтатилган.

Асосан ўзбек ва рус тилларида ижод қилиб келган журналист Алишер Соипов турли даврларда «Озодлик» ва «Америка овози» радиоларида мухбир бўлиб, «Фергана.ру» ахборот агентлигининг Қирғизистондаги мухбири ва вакили бўлган.

Кейинчалик Соипов «Сиёсат» деб аталган ўзбек тилидаги газетага асос солган. Газета биргина Қирғизистонда эмас, Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида ҳам ўз ўқувчиларини топиб жуда оммалашиб кетган эди. Газетада қўшни Ўзбекистондаги сиёсий воқеаларга доир мақолалар ҳам чоп этиларди. У ҳамиша ҳақиқатни айтиб, икки давлат раҳбариятини ҳам кескин танқид остига олиб келарди.

Алишер Соиповнинг номи АҚШнинг Вашингтон шаҳрида жойлашган Newseum медиамузейида ўз вазифасини ўташ пайтда ҳалок бўлган журналистлар рўйхати қаторига киритилиб, махсус фахрий тахтачага ёзиб қўйилган. Унинг сурати “Америка Овози” радиосининг Вашингтондаги идорасида ҳам илинган.

Халқаро “Чегарасиз репортерлар” ташкилоти Алишер Соиповнинг ўлимини “Журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолаётганининг рамзи” деб атаган. Бу бошқа ўнлар ҳалқаро ташкилотлар ҳамон Соиповнинг ўлимини холис тергов қилиб, қотил ва буюртмачиларни топиб, жазолашни талаб қилиб келишмоқда.

Орадан ўн беш йил ўтди. Қирғизистон расмийларини бу ишда ҳақиқатни тиклаб, юзларини оқлаб олишдан нима қайтаряпти экан? Ҳақиқат юзага чиқиши учун яна қанча кутиш керак?

Оқбура, Бишкек.

Расмлар Шоҳрух Соиповнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг