Англашилмовчиликми ёки босим ўтказиш ҳаракатими?

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси вакили Гулноза Саид Ўзбекистонга киришда муаммога дуч келди.

Идораси АҚШда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг (CPJ) Европа ва Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчиси Гулноза Саид Ўзбекистон пойтахти Тошкент аэропортида мамлакатга киритилмай бир неча соат кутиб қолди.

Бу ҳақда зудлик билан баёнот тарқатган Қўмитанинг билдирилишича, 30 август тонгида Тошкентга учиб келган Гулноза Саидга иммиграция тизимида унинг мамлакатга киришига рухсат йўқлиги қайд этилгани айтилган. Унга 1 сентябрга қадар, яъни Нью-Йорк рейси учгунига қадар аэропортда қолиши мумкинлигини маълум қилишган.

Бугун эрталаб Ўзбекистондаги Масс-медиа фондининг телеграм каналида муаммонинг ҳал бўлгани ҳақида хабар чиқди. Унгача америкалик меҳмон аэропортда беш соат вақт ўтказишга мажбур бўлган.

Фонднинг маълум қилишича, ташкилот “зудлик билан Ўзбекистонга кириш ва чиқиш масалаларини тартибга солувчи давлат органларига тегишли сўров билан мурожаат қилди. Олинган маълумотларга кўра, ҳозирда ушбу масала ҳал этилган ва Гулноза Саидга мамлакатга кириш учун рухсат берилган”.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Гулноза Саиднинг ташкилот топшириғи билан Грузия ва Латвияда бўлгач, яқинларини кўриш учун Тошкентга сафар қилганини айтади.

“Ўзбекистон расмийлари Гулноза Саидга мамлакат ичига кириб, ўғлини олиб, хотиржам тарзда ортга қайтишига рухсат беришлари лозим”, деган  расмий баёнотда CPJ президенти Жоди Гинзберг.

Гинзберг Гулноза Саиднинг Ўзбекистонга киритилмаганини таъқиб қилишнинг бир шакли деб ҳисоблашини маълум қилган.

АҚШ фуқароси бўлган Гулноза Саид айрим маълумотларга кўра, беш ҳафта аввал Ўзбекистонга муаммосиз борган ва у ерда уч ҳафтача бўлгач, мамлакатни муаммосиз тарк этган эди.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг