ЕВРОИТТИФОҚНИНГ ПУЛИ МУҲИММИ ЁКИ…
“24kg ахборот агентлиги”нинг яна хабар беришича, Қирғизистон ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Айбек Джунушалиев Евроиттифоқнинг Ўрта Осиёдаги махсус вакили Петер Буриан билан учрашган. Учрашувда А.Джунушалиев Евроиттифоқ билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устивор жиҳати экани, пандемия даврида қўллаб-қувватлагани ва давлат чегарасида содир бўлган воқеалар муносабати билан Брюсселнинг ҚРга моддий ёрдам бериш ҳақидаги қарори учун Қирғизистон ЕИ дан жуда миннатдор эканини таъкидлади.
Шу ҳақда ўқиб ўтириб, кўнглимдан кўп гаплар кечди. Йўқ. Европа Иттифоқидан биргина Қирғизистон эмас, Ўрта Осиёдаги барча мамлакатлар миннатдор. Биз ҳаммамиз ҳар йили камида беш мартадан ЕИга эгилиб салом берамиз. Биргина ЕИгами? АҚШ, Россия, айниқса Хитой раҳбарларининг бизнинг ҳар эгилганимизда кўзлари қувончдан чақнаб кетганини афсуски кўрмаймиз. Чунки ўша пайт бизнинг нигоҳларимиз ерга қадалган бўлади…
Савол туғилади: Уларнинг қўл учида берган ширинкомалари учун қачонгача эгиламиз? Белларимиз синиб кетмасмикан? Ахир мана шу қуллуққа (қулликка деб ўқи) эгилаётган бел бизники эмас, Қадим Туркистоннинг бели эканини қачон англаймиз? Қачон ўзимизга келиб, орадаги ихтилофларни орқага ташлаб, бир миллат, бир дин тутумини тутиб, бирлашамиз?
Бизга аслида ЕИнинг пули эмас, унинг тизими муҳим. Эй барака топгур Марказий Осиёнинг подшоҳлари, ҳаммангиз бир давлат эгаси ўлароқ, тахтингизда баҳузур ўлтираверинг! Аммо Европа Иттифоқи мисолида бир тизимга, бир қўрага бирлашинг! Чегарангиз бир бўлсин! Пулингиз бир бўлсин! Сизлар ЕИдан ҳам кучлироқ, камида 80 миллион аҳолига эга Иттифоқ бўласиз. Чунки сизнинг миллатингиз, динингиз ҳам бир! Шу тўхтамга келмагунча чегара, сув можаролари давом этаверади, ҳукмрон давлатлар қаршисида муте бўлиб тураверасиз. Келинглар, биз ҳам ўз еримизга, ўз дилимизга, ўз келажагимизга ҳукмрон бўлайлик!
ХОЛИС НАЗАР