Азиза Абдирасулова: Кўпчиликка ёрдам беролмай қолганимга ўкинаман

Қирғизистонда одамлар бош вазирнинг исмини билмаслиги мумкин, лекин ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасуловани танимаганлар бўлмаса керак. Мисли кўрилмаган адолатпарвар бу инсон билан Ўш воқеаларининг 11 йиллиги арафасида суҳбатлашдик.

– Азиза Папановна, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидан кетганингизни расмий эълон қилганингизга роса бир йил бўлди. Бу орада сизнингча қандай ўзгаришлар бўлди?

– “Қилим шами” ташкилоти раҳбарлигидан кетсам ҳам, унинг таъсисчиси, ташкилотнинг ягона эгаси сифатида унинг ишини назорат қиламан. Ички масалалар, молиявий, кадрлар масаласида бевосита иштирок этаман, ёшларга кенгашлар бериб тураман. Ахир бу менинг кўп йиллик меҳнатим.

Қирғизистон тажрибасида ҳокимият алмашуви ҳар сафар оммавий тарзда инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади. Бугунги вазиятнинг аввалгилардан фарқи шуки, масалан, Асқар Ақаев даврида икки сиёсий куч, яъни “ақаевчилар” ва уларга қарши кучлар бўлса, ҳозир бир неча сиёсий гуруҳлар бор. Масалан, “жапаровчилар” “бабановчилар”, “сооронбаевчилар”, “атамбаевчилар” ва бошқалар каби. Афсуски, суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам ўша кучлар таъсирида бўлиниб қолди. Оқибатда қонунлар тўла ишламаяпти, тартиб йўқ.

Азиза Абдирасулова.

Пандемия шароити ҳам бу соҳага салбий таъсир қилди. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг, медикларнинг ва беморларнинг ҳуқуқлари бузиляпти. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бундай офатга тайёр эмаслиги кўриниб қолди.

Дин радикаллашяпти. Давлат идеологияси бўлмагач, динчилар бу бўш жойни эгаллашяпти. Масалан аёллар, айниқса Қирғизистон жанубида, ўзлари қиз топиб эрларини уйлантириб қўйишяпти. Бунга улар диний идеология, пропаганда, иқтисодий тобелик туфайли мажбур бўлишяпти. Қўш хотинлиликка қарши қонун бор, лекин давлат органларининг сусткашлиги туфайли у ишламаяпти. Аҳвол шу тарзда кетса, яқин орада кўп хотинлиликни қонунлаштириш масаласи кўтарилиши мумкин.

– Бунга амалдорлар ва депутатларнинг хайрихоҳлиги ҳам сабаб бўлмаяптими?

– Депутатлар қонунларни қабул қилиб беришади холос. Уларнинг бажарилиши ижрочи ҳокимият бўйнида. Ҳокимият органларида кўпроқ эркаклар ишлагани учун улар эркакларнинг манфаатларини қўллаётган бўлиши мумкин. Қонун бўйича қўш хотин олган одамга чора кўрилиши учун унинг аёли ариза ёзиб бериши керак. Улар қандай ёзишсин? Бирининг борар жойи бўлмаса, иккинчисининг боқувчиси йўқ, яна бирови болалари учун оиласини сақлаб қолишни истайди.

– Мана шундай ҳолатда сиздай жонкуяр жамоатчининг дам олишга чиқиб кетиши кутилмаган ҳол бўлди…

– Ўтган йили оғриб қолдим. Бунгача ҳам кўп ишларни охирига етказолмай қаттиқ асабийлашардим, кучсизлик, нотавонлик хисси қийнаб келарди. Азимжон Асқаровнинг ўлими охирги нуқтани қўйди. Ўз касбдошимни қамоқдан чиқариб олишгаям ярамасам, нима қилиб юрибман ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб? Бунгача биз ҳокимиятдан уни бўшатиб юборишини неча марта сўрандик, талаб қилдик? Ахир ноҳақ қамалган, етмишга кириб, қаттиқ ҳаста бўлиб турган одамни ҳеч бўлмаганда ўн кун олдин чиқариб юборишса бўлардику?

Қолаверса, ёшим анчага бориб қолди. Ташкилотда кучли ёшлар етилиб қолди. Улар менинг соямда юравермай, ўсишсин дедим.

– Бугунги кунда ўзингизни оптимист деб ҳисоблайсизми, ёки пессимистми?

– 2005 йилгача оптимист эдим, кейин пессимист бўла бошладим. Ахир бир ишни ўн йиллаб ҳал қила олмасак… Масалан, Азимжон Асқаровнинг айбсиз экани ҳақида қанча исбот ва далиллар келтирилди? Жаҳон ҳамжамияти бу ишга қаттиқ киришиб унинг озод қилинишини талаб қилди. Лекин ҳеч нарсани ҳал қилолмадик. Бунга ўхшаш ишлар менинг тажрибамда ўнлаб топилади. Шунақада пессимист бўлиб қоларкансан.

– Бу ишларни ҳисобга олмаганда сиз ўзингизни бахтли деб ҳисоблайсизми?

– Борига шукур қилиб яшашимиз керак. Турмушимдан розиман, болаларим, невараларим бор. Турмуш ўртоғим билан бир ғиштдан уриб юриб уйимизни тикладик. Шукр қилмасам бўлмайди. Лекин армонларим ҳам оз эмас. Биринчиси, иш, турмуш билан бўлиб, хаста отамни вақтида врачларга қаратиб, парваришлаб, сақлаб қололмадим. У яна яшаши мумкин эди. Вақтида ишга камроқ югуриб, ота-онамга қарасам бўлар экан. Иккинчиси, иш фаолиятимда, айниқса, 2010 йилги июнь воқеалари пайтида иш кўплигидан уларни ҳаммасига етиша олмадик. Ёрдамга муҳтож одамларни кўзим билан кўриб туриб, кўпига ёрдам бера олмаганимга ўкинаман.

Навбатдаги норозилик чиқишида.

– Ўш воқеалари материалларини қайта кўриб чиқиш ташаббусига қандай қарайсиз?

– Биринчидан, мен бу масалага доир президент фармони ёки қарорини кўрмадим. Иккинчидан, берилган топшириқ сиёсий масалами ёки ҳуқуқийми? Бу жуда мураккаб, кенг кўламли иш. Ўз вақтида 5300 иш қўзғалиб, уларнинг асосий қисми очилмаган. Одам ўлдириш, уйлар ва бизнес объектларига ўт қўйиш, қуролларни тортиб олиш каби ишлар умуман қаралмаган. Ҳозир жабр тортган одамларга бориб, ишни қайта қарайлик деса, кўнишмайди. Тинч яшайлик дейди.

Бу воқеаларда бир миллат кўпроқ жабр тортди.

Бу ташаббус ноҳақ қамалганларга, умуман элга фойдаси тегадиган бўлса, яхши. Агар у қонунчиликнинг, адолатнинг тикланишига ёрдам бермаса, бу ишни қўзғаб, одамларнинг энди битиб келаётган яраларини тирнамаган афзал. Чунки суд ишлари қайта қаралса, жабр тортганлар яна ўтган ишларни эслашлари, ўша фожиаларни қайтадан бошдан кечиришлари керак бўлади. Муҳими, бундан бирор натижа чиқадими? Ахир 11 йилдан кейин ким нимани, қандай исботлайди?

– Ноҳақ қамалганларнинг айримлари қамоқхонада ўлим топди. Қанчаси ҳалиям турмада, юзлаб юртдошларимиз адолат бўлишини кутиб, сиртда юрибди. Уларнинг тақдири нима бўлади?

– Бу бўйича афви умумий эълон қилиш керак. Адолатсиз қамалгани исботланганларга, давлат товон тўлаб берсин. Чет элларда юрган фуқароларимизга ватанига қайтишга имкон бериш керак. Айби қонуний йўл билан исботланса, қонунда белгиланган жазосини олсин. Шу жумладан, собиқ президентларимиз Асқар Ақаев ва Қурманбек Бакиевга ҳам. Улар юртига келолмай, мусофирликда ўлиб кетишса яхши иш бўлмайди. Мана Алмазбек Атамбаев уч йилдан бери ҳукмини кутиб ўтирибди. Ахир айби бўлса қамангларда!

Турмада ноҳақ ўтирганлар жуда кўп. Қочиб кетмаса, бировга зарар еткизмаса, кимлиги ва қаерда яшаши аниқ бўлса, бошқа жиноят қилмаслигига кафиллик бўлса, уларни оилаларига қайтариш керак. Турмада ушлаб ўтиришнинг нима кераги бор?

– Июнь воқеалаларига ўхшаш фожиаларнинг такрорланмаслиги учун нима қилиш керак?

Азиза Абдирасулова ҳамкасби Азимжон Асқаровни озодликка чиқариш учун кўп ҳаракат қилди.

– Уларнинг олдини олиш керак. Бунинг учун қонунлар ишлаши, судлар адолатли бўлиши керак.

– Инсон ҳуқуқлари борасида Қирғизистон халқаро ташкилотларни инкор қилиб келяпти. Бу ҳақда фикрингиз қандай?

– Ҳозир халқаро ташкилотларни очиқчасига инкор қилиш ҳамма давлатларда бор. Янаям Қирғизистон бу масалада анча очиқ. Масалан, Ўш воқеалари бўйича халқаро комиссия тузилиб, воқеалар ҳақидаги хулосаларини баралла айтди. Солиштириш учун айтсак, 2005 йилги Андижон воқеалари бўйича ёпиқ қозон ёпиқлигича қолди. Ошкораликнинг фойдаси кўп-ку! Масалан, бизда 2010 йилги июнь воқеаларида 5000 гача одам ўлди деган гап бўлганди. Бизнинг ташкилот ҳалок бўлганларнинг аниқ рўйхатини тузиб чиққач, ҳақиқат маълум бўлди. Яъни, ўлганлар сони бу қадар кўп эмас экан.

Чўнголой. Помирдан келган этник қирғизлар билан учрашув чоғи. 2021 йил, 11 июнь.

Халқаро ташкилотларнинг аҳамияти зўр. Мана, тожик-қирғиз можаросида халқаро комиссияга эҳтиёж бўляпти. Агар халқаро комиссия ишласа, можарога холисона баҳо берилиб, муаммонинг ҳал бўлиши анча енгиллашган ва тезлашган бўларди.

– Суҳбатингиз учун раҳмат, саломат бўлинг!

Абдумўмин Мамараимов суҳбатлашди.

Суратлар Азиза Абдирасулованинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг