Россиядаги ҳалокат: Қурбонлар махсус самолётда олиб келиниб, ерга берилди

Автоҳалокат айбдори фура ҳайдовчиси юрак ҳуружидан рулда ўлиб қолган экан.

Қирғизистонлик 14 фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган автоҳалокатда айбдор деб аталган юк машинаси ҳайдовчиси машъум йўл-транспорти ҳодисасигача жони узилган экани маълум бўлди. Тергов ва экспертизанинг аниқлашича, ҳалокат содир бўлишидан олдин унинг юраги ҳуруж қилиб, тўхтаб қолган. Бу ҳақда Ульяновск вилояти губернатори Алексей Русских маълум қилган.

Фожиа муносабати билан Қирғизистонда 23 август куни мотам куни деб эълон қилинди. Шу куни кечга яқин қурбонларнинг жасадлари махсус самолётда ватанларига олиб келиниб, ерга берилди. Дафн маросимида президентнинг вилоятлардаги вакиллари ва маҳаллий ҳокимият раҳбарлари иштирок этишди. Республика масжидларида уларга атаб Қуръон тиловат қилинди.

Ҳукумат қарори билан жабрланланганларнинг оилаларига 300 минг сўмдан ($3,6 минг атрофида) ёрдам пули берилди. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Бақит Торобаев маълум қилди.

Торобаевнинг айтишича, автоҳалокатда омон қолиб, ҳозирда Ульяновск вилояти касалхонасида даволанаётган 3 қирғизистонликка ҳам шу миқдорда пул ёрдами берилади. Улардан иккитаси умумий палатага олиб ўтилган, биттаси ҳамон жонлантириш бўлимида ётгани айтилмоқда.

Расмий хабарларга кўра шахси аниқланмаган яна бир марҳумнинг кимлиги аниқланди. У Қадамжон туманида яшаган 44 ёшли Алмазбек Ирисбаев бўлиб чиқди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 21 августида Россиянинг Ульяновск вилояти ҳудудида катта автоҳалокат юз бериб, унда 14 киши ҳалок бўлган. Йўл четида тўхтаб турганда катта юк машинаси келиб урилган микроавтобусда ҳайдовчи билан ҳисоблаганда 16 нафар Қирғизистон фуқароси бўлган. Бус икки юк машинаси орасида қолиб, мажақланиб кетган.

Ҳалок бўлганрар мамлакатнинг жанубий вилоятларидан бўлиб, Россияга ишлагани кетаётган бўлишган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг