Европада фавқулодда қурғоқчилик, Покистонда мисли кўрилмаган тошқинлар

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ офатлар миллионлаб одамларга кулфат келтирмоқда.

Покистон ҳукумати тарқатган маълумотларга кўра, жорий йилнинг август ойида Синд вилоятида ўртача кўрсаткичга нисбатан қарийб 8 баробар, Белужистон вилоятида эса деярли беш баробар кўпроқ ёмғир ёққан. Оқибатда пайдо бўлган сув тошқинлари мингдан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган. Юз минглаб уйлар вайрон бўлиб, одамлар чодирларга ёки очиқ осмон остида яшашга мажбур бўлишмоқда. Аслида бу кўрсаткичлар бундан да кўп бўлиши мумкин, чунки офат давом этмоқда ва кўпчилик ҳудудларни ҳали давлат тўла назоратга ололмаган.

Покистон ҳукуматининг ҳисоб-китобларига кўра, табиий офат у ёки бу даражада 33 миллион киши ёки мамлакат аҳолисининг 15 фоизининг ҳаётига салбий таъсир кўрсатган. Муссон ёмғирлари тинмаётгани боис аҳвол бундан ҳам оғирлашиши мумкинлиги таҳмин қилинмоқда.

Мамлакат бош вазири Шаҳбоз Шариф қутқарувчиларнинг одамлар эвакуация қилиниши лозим бўлган кўплаб ҳудудларга етиб бора олмаётганини тан олган ва халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраган. Расмийлар бу офатларни иқлим ўзгариши билан боғлаган ва бунинг мамлакат тарихидаги энг кучли сув тошқини эканини айтганлар. Ҳукумат 26 август куни сув тошқинлари туфайли фавқулодда ҳолат режимини жорий этди.

Шу вақтнинг ўзида Европанинг кўплаган қисми қурғоқчиликдан азият чекмоқда, минглаб гектар ўрмонлар ёнғин туфайли йўқ бўлган. Қурғоқчилик обсерваториясининг августдаги ҳисоботига кўра, қитъанинг 47 фоизи тупроқ намлиги танқислиги билан огоҳлантириш, 17 фоиз ҳудуди эса фавқулодда ҳолатга тушиб қолган. Оқибатда қитъанинг сув йўллари қатновининг қисқариши, электр таъминоти ва далаларда ҳосилнинг камайиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши хавфи пайдо бўлган. Бу йилги аҳвол охирги 500 йилликдаги энг ёмон қурғоқчилик деб баҳоланди ва унинг то ноябр ойигача давом этиши тахмин қилинмоқда.

Европадаги энг ривожланган давлатлар ҳам табиий офат қаршисида ожиз қолишмоқда

Қурғоқчилик оқибатида Европада 2022 йилда маккажўхори олдинги беш йилдаги ўртача кўрсаткичдан 16 фоизга паст бўлиши, соя 15 фоизга, кунгабоқар ҳосили ҳам жиддий камайиши кутилмоқда.

Ўрмон ёнғинлари бўйича Европа маълумот тизими тарқатган маълумотга кўра, ёнғин қоплаган ўрмон ҳудудлари бу йил анча кўп. Энг кўп зарар кўрган Чехияда бундай ёнғинларда 158 марта, Словенияда эса 76 марта кўпроқ ўрмонлар ҳудудлари куйиб кетган. Францияда бу йил одатдагига қараганда 8 баробар кўп ўрмонлар ёниб кетган, бутун Европа бўйича олганда аввалги йилларга қараганда 4 баробар кўпроқ ўрмон ҳудудлари ёниб кетган. Ёнғин ҳамласидан умумий ҳисобда 663 мингдан кўпроқ ўрмонлар ёниб, кул бўлган.

Айрим мутахассислар яқин йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам кучли қурғоқчилик бўлшини тахмин қилмоқдалар.

Оқбура, Бишкек

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг