Нафс илинжида ялтоқланиш – ватанпарварлик эмас, қулликдир
Россиялик ўзбекларни Украинага қарши урушга даъват қилиш атрофидаги гапларга доир
Россиянинг Пермь шаҳридаги ўзбек жамоатчилиги лидерларидан бири Жаҳонгир Жалоловнинг пермлик ўзбекларни Украинага қарши урушга чақириғи қизғин муҳокама қилинаётган вақтда Россиянинг Ростов-на-Дону шаҳрида бир фожиа юз берди. Рус армиясининг 33 ёшли зобити 51 ёшли маҳаллий таксичи билан гап талашиб қолиб, уни отиб ўлдирган.
Маълум бўлишича, бир қанча “қайноқ нуқталарда” бўлиб келган капитан Украина урушининг ҳақлигини исботлаш учун қуролсиз одамга 4 марта (!) ўқ узган. Исми-шарифига қараганда миллати грузин, Озарбайжондан келиб, Россияда яшаб қолган таксичи ўша ерда ҳалок бўлган. Унинг айби – зобитнинг фикрини қўлламагани бўлган. Мана урушнинг яна бир фожиаси.
Энди асосий масалага қайтамиз.
Ўт билан ўйнашма
Интернетда кенг тарқалган видеода номи ҳам мужмал бўлган “Пермь ўлкаси ўзбекларининг Марказий Осиё жамияти” ташкилоти раҳбари Жаҳонгир Жалолов Украинага қарши урушда қатнашиш учун ўзбек кўнгиллиларидан иборат батальон ташкил қилишга даъват қилган. Хонада ўтирган 30-40 нафар одам уни қўллаб, қарсак чалган. Жалоловнинг фикрича, ўзбеклар “фарзандлари болалар боғчасига бораётгани, мактаб ва университетларда таълим олишаётгани учун, Россияда яшаб, ишлашаётгани учун” шундай қилишлари зарур.
“Биз еяётган нонимизни нафақат оқлашимиз керак, биз бунга мажбурмиз. Шу боис кўнгиллилардан батальон тузишни ва уни буюк Амир Темур номи билан аташни таклиф қиламан”, – деган у.
Жаҳонгир Жалоловнинг 38 ёшда экани, бир пайтлар Тожикистон фуқароси сифатида шу давлат қуролли кучлари зобити бўлгани маълум. Ҳозирда Россия фуқароси, шу ерда бизнеси бор.
Унинг таклифи Россиядаги путинпарастларнинг чироғига роса мой қуйса, ижтимоий тармоқларда қаттиқ танқидга учраган. Россиялик журналист, Кремлнинг энг садоқатли пропагандачиларидан бўлган Маргарита Симоньян бу ташаббусни илҳомланиб олқишлаган.
“Баракалла! Агар ҳамма диаспоралар шунақа бўлишганда, мамлакатимизда умуман миллий масала бўлмаган бўларди”, – деб ёзди у ўзининг телеграм каналида.
Кейинроқ жаҳон мамлакатларида Россия сиёсатини ташвиқот қилувчи Спутник сайти Жаҳонгир Жалоловни минглаб одамлар қўллай бошлагани ҳақида хабар тарқатди. Лекин Жалоловнинг ўзи ҳозирча унинг ташаббусини қанча одам қўллаб-қувватлаганини билмаслигини айтган.
“Энг муҳими – маълум миқдорда одам тўплаш, қисқа ўқув-машғулотидан ўтиш ва нимадир қилиб президентга ёрдам бериш керак”, – дейди у.
Пермда янграган бу гумроҳликка Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳам тезда давоб қайтарди. Элчихона хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальон тузиш ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноят эканини айтиб, Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди, уларни “бундай даъватларга берилмасликка, эҳтиёткорлик билан иш кўришга” чақирди.
Элчихона сайтида қайд этилишича, Жиноят кодексида ўзга давлат армиясига ёлланганларни ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қаралган. Мамлакат фуқароларини чет давлатларда ҳарбий хизматга, хавфсизлик органлари, полиция, ҳарбий юстиция ва бошқа шунга ўхшаш органларда хизмат ўташга даъват қилганлар 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Бунгача Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирган. Агентлик мамлакат фуқароларини Россияда катта ойлик эвазига иш таклиф қилинса, бунга хушёрлик билан муносабатда бўлиш лозимлиги, уларнинг мақсади фуқароларни Россия ва Украина ўртасидаги урушга жалб қилиш бўлиши мумкинлигини эътироф этган.
Ўзбекистон парламенти спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров эса бошқа давлат фойдасига урушда қатнашган ўзбекистонликларни фуқароликдан маҳрум қилиб, Ўзбекистонга киришни умрбод таъқиқлашни таклиф қилди. Бундай чақириқлар ижтимоий тармоқларда ҳам янграмоқда.
Кўр-кўрона қўлловдан тавқи-лаънатгача
Ўзбекистон расмий идоралари ўзига хос вазминлик намоён қилган бўлса, ижтимоий тармоқларда Жалоловнинг ташаббуси хоинлик, қуллик ва турли жиноятлар қатори баҳоланмоқда. Айримлар Жалоловни очиқча “қул”, “малъун”, “сотқин”, “иккиюзламачи” ва ҳоказо каби сўзлар билан ҳақорат қилишмоқда.
Кўпчиликнинг фикрича, бу даъват – ўзга давлатнинг тинч аҳолисини қириш, унинг мустақиллигига шак келтириш ва босқинчиликни қўллаб-қувватлашдан, тириклик илинжида ота юртидан олисда ишлаб юрган фуқароларни беъмани ўлимга туртишдан бошқа нарса эмас.
Пермдаги яна бир ташкилот, Перм ўзбеклари жамоатчилиги маркази раиси Фатхиддин Хамидов “Озодлик” радиосига берган суҳбатида Жалоловнинг ташаббусини кескин қоралаб, Жалоловнинг ўзини “ҳеч ким” деб атайди.
“Ўзбеклар орасида бунақа гап йўқ. Жалолов ким? У ҳеч киммас. Бундайлар шайтонга динини сотганлар. Бу ерга ишлагани келдими, ишини қилсин!”, – деган Хамидов.
Жалоловнинг ижтимоий тармоқларда ёзишича, унга мисли кўрилмаган босим ўтказилмоқда. Бироқ у бўш келишни истамайди, аксинча қуллик, лаганбардорлик табиатини янада ёрқинроқ намоён қилади.
“… Ҳеч қандай босимга қарамай, Россияни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш позициямдан қайтмайман. …Сўнгги нафасимгача президентим Владимир Владимирович Путинни ҳимоя қиламан”, деб ёзади Жалолов ўзининг ВКонтакте тармоғидаги саҳифасида.
Шу муносабат билан саволлар туғилади.
Биринчиси. Жалоловнинг ўзи кўнгиллилар сафига ёзилармикан? Бир пайтлар ҳарбий бўлгани унга жуда қўл келган бўларди-да! Балки унинг ўғиллари ёки ака-укалари боришар урушга? Бунга шубҳамиз бор. Одатда бундайлар оломонга чақириқ ташлаб қўяди-да, ўзлари секин четга чиқиб олишади. Кейин минглаб бегуноҳ қурбонлар эвазига ўзи қуллик қилган ҳукмдорлардан лавозим ёки пул кўринишида мукофотлар олишади.
Иккинчи савол: “Еяётган нонини оқлаш” жумласини қандай тушуниш керак? Нима, Россиядаги меҳнат муҳожирларига давлат бепул нон улашяптими? Ахир мусофирликдаги ноннинг нақадар қаттиқ бўлиши ҳаммага маълумку! Россияда эса бу арзимас чақа учун қора терга ботиб, ишлашгина эмас, аксари ҳолларда таҳқирланиш, ҳақоратларга чидаш ҳам дегани-ку!
«Нонни оқлаш» тайини йўқ урушда одам ўлдириш ва жон фидо қилиш билан бўлмайди. Тўғрироғи, меҳнат муҳожирлари, уларнинг паспорти қанақа бўлишидан қатьий назар, давлатга солиқ тўлаб, ўша давлат иқтисодини ривожлантириш, ижтиомий муаммоларини ҳал қилиш билан ўз нонларини оқлаб еяптилар. Улар тўлаган солиқлардан анча қисми давлат бюджетига кетади бу армияга ҳам ажратилади. Ана ўша армия ўз ишини қилаверсин, тинч меҳнат аҳлининг иши бошқа.
Учинчи ва энг муҳим савол: Жалолов жаноблари ўзи тузган батальон жангчиларини қандай тасаввур қиларкин? Умрида қурол ушламаган, содда ва ювош-мўмин ўзбек йигитлари жанг майдонида ўзларини қандай тутадилар?
Маълумки, Украина армиясида АҚШ ва Европа давлатларининг, НАТОнинг энг кучли ҳарбий инструкторлари иш олиб боришяпти. Англия расмий равишда ўн минглаб украин аскарларини ўз ҳарбий полигонларида беш ойлик ҳарбий тайёргарликдан ўтказиб беришни зиммасига олган, ғарб давлатлари Украинага энг замонавий қурол-аслаҳани етказиб бербришяпти. Бу ҳақда Россия пропагандачилари куну-тун айтиб келишяпти.
Шу сабабли урушнинг дастлабки кунларида Россиянинг мана мен деган энг кучли десант-штурм қисмлари аскарлари тутдай тўкилиб қолишмадими? Эсини танигандан бери уруш илмини ўрганиб келаётган аскарларнинг ҳоли шундай бўлиб турганда Жалоловнинг кўнгиллилари фронтда нима қилиб бера олади? Тўппа-тўғри, улар асосий аскарларни ҳимоя қилувчи қалқон, душманга ташланган “гўшт” вазифасини ўтаб беришади. Бу Россия бюджети учун жуда фойдали. Чунки, ҳар бир ҳалок бўлган аскар учун давлат унинг яқинларига умумий ҳисобда 7 миллион рублгача товон тўлаб бериши керак.
Кўнгиллиларгачи? Уларга ҳемири ҳам йўқ, ахир уларни давлат мажбур қилгани йўқ, ўзлари кўнгилли равишда боришади-ку урушга!
Фожиа шундаки, икки давлат аскарлари ҳамда тинч аҳолиси Россия ва Ғарб давлатлари, биринчи галда АҚШ манфаатлари йўлида қурбон бериляпти. Бу уруш аслида Украина ва Россия эмас, АҚШ ва Россия ўртасида бўляпти. Шундай бўлгач, айни меҳнатга яроқли бўлган, бир-икки чақа топиш илинжида юрган ёшларимизни алдаб, жанггоҳларга жўнатиш, уларни ўзгалар манфаати йўлида қурбон қилиш ақл эгаларининг ишими?
Масаланинг яна бир нозик томони
Юқоридагига ўхшаган, шахсий манфаатлар йўлида калтабинлик билан кўрсатилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузига ва унинг Россия билан алоқаларига ҳам путур етказиши мумкин. Марказий Осиё давлатларидан қўлловга умид қолмади. Минтақанинг энг қудратли давлатлари бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистон бу урушни қўлламасликларини маълум қилишди.
Қандай қўлласин, агарки Россия собиқ СССР давридаги чегараларни тиклашга ошкора интилаётган бўлса? Турли даражадаги рус сиёсатчилари қўшни давлатлар ҳудудларини бизнинг ерларимиз, деб даъво қилишаётган бўлса? Қозоғистондек улкан давлатни пастга ураётган бўлса?
Россия парламенти депутати Евгений Фёдоров “Говорит Москва” радиосида Пермь ўзбекларини қўллаб-қувватлашини айтиб, мамлакат фуқароларини “Ватан сарҳадларини тиклаш”да иштирок этишга чақирди.
“Бизнинг барча боболаримиз, шу жумладан ўзбекистонлик боболар ҳам ягона Ватан учун жон фидо қилган… Ҳозир фақат махсус операция эмас, балки Ватан сарҳадларини тиклаш бўйича операция ўтказилмоқда”, дейди Фёдоров. Бу жаноб қайси “ватан”ни айтяпти?
Бу депутат Украина ва Болтиқбўйи давлатларини (Латвия, Литва, Эстония) қайтадан Россия таркибига қўшиш зарур, деб ҳисоблайди.
“Биз… 1991 йилда Украинанинг СССР таркибидан чиқиш ҳақидаги ноқонуний қарорларини бекор қилишимиз керак. Украина ва Болтиқбўйи давлатлари – ноқонуний. Шу аснода Ўзбекистон ҳам бу операцияни халқаро нуқтаи назардан ўзиники сифатида тан олиши учун у билан иш олиб боришимиз лозим… Тошкентда туғилганининг фарқи йўқ. Агар сиз Ватан учун курашсангиз, Россия қаҳрамони бўлишингиз мумкин”, – дейди депутат Фёдоров Пермдан чиқиши мумкин бўлган ўзбек кўнгиллиларига мурожаат қилиб.
Нозикдан ҳам нозик масала
Украинадаги уруш Россия ва ундан ташқарида яшаётган, фуқаролиги турлича бўлган бир миллат вакилларини бири-бирига қарши қилиб қўймоқда. Масалан, Украинада ишлаб, яшаб қолган аксари ўзбеклар Украинани ўз ватани деб билиб, унинг ҳимоясига отланганлар. Ёки украин халқига баҳоли қудрат ёрдам беришга интилмоқдалар. Яқинда биз Украинанинг Чугуев шаҳрида ҳалок бўлган ўзбек йигити ҳақида ёзган эдик.
Асли ўзбекистонлик бўлиб, 2000 йилдан бери оиласи билан Украинада яшаб келган 36 ёшли ошпаз Сардор Ҳакимов уруш бошлангач, ҳар куни ош қилиб, маҳаллий украин халқига бепул тарқатиб келаётган эди. Ракета ҳужумидан ҳалок бўлган Сардор ва бошқа кўпчилик ўзбеклар Украинани иккинчи ватанлари деб билишади.
Хўш, кимларнингдир кўр-кўрона сиёсати ва манфаатлари деб чегаранинг икки томонидаги бир миллат вакиллари энди бири бирини ўлдиришлари керакми? Афсуски, бу савол турли миллатга мансуб мусулмонларга ҳам тегишли.
Урушнинг дастлабки кунлариёқ Украина мусулмонлари муфтийси Саид Исмагилов бу босқинни қоралаб, мамлакат мусулмонларини ватан ҳимоясига чорлади. Россия ва бошқа давлат мусулмонларини рус армиясига ёлланмасликка даъват қилди. Кейинроқ 44 ёшли уламо ўз лавозимини топшириб, Украина қуролли кучларига келиб қўшилди.
Россия мусулмонлари муфтийси Талгат Тожиддин эса март ойида Украинага қарши бошланган урушни қўллаб-қувватлаб, Россия бошлаган “махсус ҳарбий операцияни” “зарурий чора” сифатида баҳолаган. Орадан 4 ой ўтиб, Қурбон байрами куни муфтий, “ҳарбий операцияга” 8 йил давомида Донбасс ерида давом этиб келаётган биродаркушлик уруши сабаб бўлганини ва “ёнимизда ҳеч қандай фашистлар ва паразитлар бўлмаслиги учун” Украинада урушиш зарурлигини айтган.
“Бўлмаса, кейин [уларни ўлдириш учун] дихлофос етмай қолиши мумкин”, деган Россия мусулмонлари раҳбари.
Энди икки муфтийнинг гаплари ва тутган йўлларини солиштириб кўринг. Нима бўлганда ҳам икки давлат мусулмон биродарларининг бу урушга тортилиб, бири-бирига қарши турганлари ачинарли ҳол. Фожиа.
Даъватчининг даъватчидан фарқи
Сўз охирида Қирғизистонда туғилиб ўсган, кейинроқ Украина фуқаролигини олган ишбилармон Абдураим Рисқулов ҳақида айтиб ўтсак. У ўзини “қирғиз украини” деб атайди.
Ўттиз йилдан бери Украинада яшаб келаётган Рисқулов 24.kg сайти журналисти билан суҳбатда Украинада кўплаб қирғизлар яшаб келаётгани ва уларнинг барчаси ўзларининг янги уйларини севишини ва уларни ҳимоя қилишга тайёр эканини айтган. Ўзининг Украинада қадр топгани, миллати туфайли зиғирча камситилмагани, аксинча ҳатто туман кенгашига депутат бўлиб сайланганини айтади.
Рисқуловнинг Украинада кичкина бизнеси бор, мураббий сифатида болаларга бокс сирларини ўргатади. Маҳаллий давлат маъмурияти бошлиғининг маслаҳатчиси. Украин миллатига мансуб аёли билан 33 йилдан бери бирга яшайди, икки фарзанди бор.
“Уруш бошланганда қариндошларим мени Қирғизистонга, уйларига чақиришди. Мен кўнмадим, қирғиз украини сифатида Украинани ҳимоя қиламан”, деб жавоб бердим, – дея эслайди у. – Қандай қилиб у ёққа кетаман? Ахир авваллари бу ердаги дўстларим менга ҳамиша ёрдам беришган. Қандай қилиб уларни ташлаб кетаман? Мен унақа одам эмасман”.
Мураббий ҳозирда унинг кўплаб тарбияланувчилари, ҳатто бир қиз бола ҳам, фронтда жанг қилишаётганини қўшимча қилади. Рисқулов бугунги кунда Қирғизистонда ва Россияда бу урушни, Путиннинг сиёсатини қўллаётган қирғизларга мурожаат қилар экан, Қирғизистон жанубини мисол келтиради.
“…Ўшда, Жалолободда, Новқат туманида жуда кўп ўзбеклар яшайди. Ўзбекистон эса аҳолиси Қирғизистонникидан бир неча баробар кўп бўлган, улкан давлат. Энди тасаввур қилинг, улар Ўш ва Жалолободда ўзбеклар кўп яшагани учун уларни ўзларига қўшиб олишни хоҳлаб қолсалар. Биз ҳам бу ерларни бермаган бўлардик, 2014 йилдан бери уришаётган Украина каби биз ҳам уришсак керак эди”, – дейди у.
Бу суҳбат интернетда эълон қилингач, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатди. Вазирлик Рисқуловнинг “Қирғизистон жанубидаги вилоятлар аҳолиси ҳақида ўринли бўлмаган мисол келтирганини” айтади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги алоқалар дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик ҳамкорлик руҳида ва ўзаро ҳурмат, давлатлар суверенитети, мустақиллик ва тенглик тамойиллари асосида ривожланаётганини таъкидлаб, давлатлар ўртасидаги бу ўзгачалик умумий тарих, маданий ва маънавий қадриятлар, кўп асрлик анъаналар билан боғлиқ эканини эслатади.
“Қирғиз Республикаси кўп миллатли давлат бўлиб, бу ерда турли миллат вакиллари дўстлик ва баҳамжиҳатликда яшаб келаётганини белгилаб ўтиш зарур, – дейилади вазирлик тарқатган хабарда. – Мана шу маънода Украина фуқароси Абдураим Рисқуловнинг фикрларини унчалик тўғри эмас деб ҳисоблаймиз ва уни қўшни давлатлар муносабатларига баҳо беришда этика қоидаларига амал қилишини сўраган бўлардик”.
Хуллас, Украинадаги уруш ўзбек ёки қирғизнинг ва ёки бошқа бир миллатнинг уруши эмас. Умуман уруш – ўзаро муносабатларни тартибга солишда ақли борки одамларга ярашмайдиган энг ёмон, кечириб бўлмайдиган восита. Жиноят.
Қандай кўринишда бўлмасин, уруш халқларга вайроналик, тинч аҳолига фақат кулфат келтиради. Буни сўнгги йилларда АҚШ ва НАТОнинг дунёнинг турли давлатларида, асосан Шарқ ва Яқин Шарқда олиб бораётган урушлари ҳам кўрсатиб турибди. Мақола бошида айтилган воқеани эсланг. Қотил зобитни ҳам маълум даражада уруш қурбони десак бўлади. Чунки уруш одам руҳиятига қаттиқ таъсир кўрсатиб, солдат ёки зобит учун одам ўлдириш одатий ҳол бўлиб қолади.
Шундай экан, биз урушга эмас, урушни тўхтатиш, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишни бас қилишга даъват қилишимиз даркор. Ўзини лидер деб билган ҳар бир инсон эса кимларни нимага даъват қилиб, кимга эрчишни ихтиёр қилишдан олдин ақлларини бир ишлатиб кўрсалар, ортиқчалик қилмайди.
Бобур Мирзоев, “Оқбура” учун.
Расм интернетдан олинди