Қирғизистонда мотам. Автоҳалокат қурбонларининг рўйхати эълон қилинди

Мотам куни уларнинг жасадлари махсус самолётда уйларига, мамлакат жанубига олиб келинади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг фармони билан 23 август мамлакатда мотам куни деб эълон қилинди. Бунгача у Россияда юз берган автоҳалокат муносабати билан қурбонларнинг яқинларига таъзия изҳор қилиб, уларни сабрли бўлишга чақирди.

“Мен ҳалок бўлганларнинг қариндошларини тушунаман ва уларнинг қайғуларига шерикман, уларга ҳозир жуда оғир. Бундай ҳолларда ҳамдардлик сўзларини айтиш жуда қийин. Шундай бўлсада, мен авария натижасида ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва яқинларига ўзимнинг чуқур таъзиямни изҳор қиламан. Мен сизларнинг мусибатларингизга шерикман ва Яратгандан сизларга куч-қувват, сабр беришини сўрайман. Муқаддас Қуръонда айтилган: “Ва Аллоҳ сабр эгаларини яхши кўради”. Сабрли бўлинглар, қадрли ватандошлар!” – деган ўз мурожаатида президент.

Автоҳалокат бир кун аввал Россиянинг Ульяновск вилоятида рўй бериб, унда 14 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган. Россия полицияси тарқатган хабарга кўра, катта юк машинаси ҳайдовчиси тормоз босишга улгурмай қолиб, йўл четида турган микроавтобусга келиб урилган. Афтидан  рулда ухлаб қолган. Микроавтобус эса олдинда турган бошқа фурага урилиб, ўртада қисилиб қолган.

Юк машинасининг ҳайдовчиси ҳам Қирғизистондан экани ва воқеа жойида ҳалок бўлгани маълум бўлди.

Садир Жапаров автоҳалокат ҳақида хабар олиши билан қурбон бўлганларнинг жасадларини олиб келиш учун Ульяновск вилоятига махсус самолёт жўнатишни топширган эди. Қирғизистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги жасадлар эртага кечгача Ўш шаҳрига олиб келинишини маълум қилди.

Бугун ҳалок бўлганлар ва оғир жароҳат билан касалхонада ётганларнинг исмлари ҳам эълон қилинди.

Улар асосан Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидан чиққан фуқаролар экани аниқланди:

  1. Жақипбек Абдулхамид уулу, 32 ёшда, Аравон тумани, Гулбаҳор қишлоғидан;
  2. Диана Ақилбековна Бекмурзаева, 23 ёшда, Новқат тумани, Мурқут қишлоғидан;
  3. Сиймиқбек Қутманали уулу, 23 ёшда, Аравон тумани, Гулбаҳор қишлоғидан;
  4. Уулкан Хакимовна Сулайманова, 46 ёшда, Қорасув тумани, Кенжеқул қишлоғидан;
  5. Шекербек Аманалиевич Жуманалиев, 22 ёшда, Жалолобод вилояти, Ахси туманидан;
  6. Элнура Турганбаевна Мусабаева, 42 ёшда, Жалолобод шаҳрига қарашли Чингиз Айтматов қишлоғидан;
  7. Алина Ормонбек қизи, 27 лет, Тошкўмир шаҳрига қарашли Қизилолма қишлоғидан;
  8. Адилет Турсунали уулу, 22 ёшда, Ахси тумани, Учқўрғон қишлоғидан;
  9. Азиз Қанибек уулу, Сузоқ тумани, Жиғачқўрғон қишлоғидан;
  10. Ойгул Ғани қизи Абдуллаева, 31 ёшда, Қадамжой тумани, Марказ қишлоғидан;
  11. Майрамбек Ақилбек уулу, 25 ёшда, Қадамжой шаҳридан;
  12. Қанибек Мухамадзакирович Қожомбаев, 36 ёшда, Қадамжой тумани, Марказ қишлоғидан;
  13. Нуртилек Аристанбек уулу, 25 ёшда, Табилға қишлоғидан;

Ҳалок бўлган аёллардан бирининг кимлиги аниқламоқда.

Қуйидагилар оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган:

  1. Айгул Алибаева, 41 ёшда, Боткен шаҳридан;
  2. Сиймиқ Бекназар уулу, 21 ёшда, Боткен вилояти, Сонгент қишлоғидан;
  3. Таалайбек Абдусалим уулу, 28 ёшда, Ўш вилояти, Новқат туманидан.

Сайтимиз раҳбарияти ва жамоаси ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор қилиб, ҳамдардлик билдиради.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг