Россияда автоҳалокатда 14 қирғизистонлик қурбон бўлди

Президент Садир Жапаров жасадларни олиб келиш учун махсус самолёт жўнатишни буюрди. (Видео, ишонч телефонлари)

Россиянинг Ульяновск вилоятида юз берган фожиали автоҳалокатда 16 кишининг қурбон бўлган. Уларнинг 14 нафари Қирғизистон фуқаролари экани аниқланди. Уч нафар қирғизистонлик оғир аҳволда шифохонага етказилган.

Ҳодиса кеча, 21 август, Москва вақти билан соат 13.00 атрофида М-5 Урал трассасида содир бўлган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари воқеа жойидан видео ва суратларни жойлаштирмоқда. Сурат ва видеоларга қараганда, оғир юк машинаси йўл четида тўхтаб турган пассажирларга тўла микроавтобусга бориб урилган. Микроавтобус олдинда турган икки фура билан урилган машина ўртасида қолиб, бутунлай мажақланиб кетган.

Россия ИИВ вазирлиги берган дастлабки маълумотга кўра, микроавтобусга келиб урилган фура ҳайдовчиси тормоз бериб улгурмагани автоҳалокатга сабаб бўлган. Афтидан у рулда ухлаб қолган. Ҳалокатда ўша атрофдаги 5 автомобиль турли даражада зарар кўрган. Айбдор ҳайдовчининг шахси ва аҳволи ҳақида маълумотлар йўқ.

Ульяновск вилояти губернатори Алексей Русских ўзининг телеграмдаги каналида Николаев вилоят касалхонаси шифокорлари омон қолган уч кишининг ҳаёти учун курашаётганини айтди.

“Икки эркак ва бир аёлнинг аҳволи оғир. Барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилади. Биз беморларни Ульяновск шаҳрида жойлашган вилоят ихтисослаштирилган травматология марказига ўтказиш учун тайёрлаяпмиз”, – деб ёзган губернатор.

Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси ходимлари консуллик ва бошқа зарур ёрдамни кўрсатиш учун воқеа жойига жўнаб кетишган. Тез орада қурбонларнинг шахси аниқланиб, эълон қилиниши кутилмоқда.

Президент Садир Жапаров ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия изҳор қилди ва Бишкекдаги “Манас” аэропорти раҳбариятига жасадларни олиб келиш учун махсус самолёт жўнатишни топширди.

Яқинлари аталган ҳудудда ишлаётган ёки ўша ёққа отланган фуқаролар воқеа тафсилотларини билиш учун элчихона ташкил қилган бевосита телефон рақамига қўнғироқ қилишлари мумкин: +79268615098.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам қирғизистонликлар учун икки маҳаллий телефон рақамини эълон қилди: +996 508 628588, +996 551 312000 (WhatsApp).

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг