Қуръон топилди, ўғрилар қўлга олинди

Муқаддас китобнинг нима мақсадда ўғирлангани энди тергов давомида аниқланади.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги «Султон Увайс Қараний» зиёратгоҳида сақланаётган Қуръоннинг қўлёзма нусхасини ўғирлаган икки нафар шахс ушланди.

Наманган вилояти ИИБ матбуот хизмати берган хабарга кўра, тезкор қидирув ишлари натижасида мазкур китобни Чортоқ тумани ва Наманган шаҳрида яшовчи икки нафар шахс ўғирлагани аниқланган.

Ўғрилар Қуръоннинг қўлёзма нусхасини Наманган шаҳри Навоий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида сақлаб келишган. Муқаддас китоб ва ноёб экспонатга ҳеч қандай зарар етказилмаган. Бу Яратганнинг Ўз китобини сақлаб олиш борасидаги ваъдасини яна бир карра исботлаш билан биргаликда тергов ходимларининг касб маҳоратларини ҳам намоён қилди.

Тергов ҳаракатлари бошланди, ҳозирча муқаддас китобнинг нима мақсадда ўғирлангани ҳақида маълумот йўқ. Тахмин қилиш мумкинки, бузуқ ниятли кишилар уни сотиб, мўмай пул ишлаб олиш илинжида бўлишган.

Эслатиб ўтамиз, салкам юз эллик йиллик тарихга эга бўлган мусҳаф бир вақтлар Қирғизистоннинг Ўзган шаҳрида сақланиб келган эди.

Бу ҳақда хабар берган Kun.uz сайтининг эътироф этишича, ноёб қўлёзма 1995 йилгача Қирғизистоннинг Ўзган шаҳрида, Тошкентда имомлик қилган ва яшаган Эшонхон Оқилов хонадонида сақланган. 1995 йилда китобни наманганлик Камолхон Муҳиддинов ўз юртига олиб келган. Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи таъмирлангандан сўнг 2019 йили қўлёзма ўша ерга олиб чиқиб қўйилган.

Тергов амаллари тугагач, Муқаддас китоб яна ўз ўрнига қайтарилади. Уни сақлашга доир қандай қўшимча чоралар кўрилиши ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Оқбура, Ўш.

Расмда: Мусҳафнинг ўғирлангунга қадар жойлашган ўрни. Muslim.uz сайтидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг