Ўзбекистон-Саудия: Визасиз режим, дунёнинг энг йирик шамол электр станцияси

Икки давлат ўртасида умумий ҳажми 13 миллиард доллардан зиёд сармоя шартномалари имзоланди.

Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташрифи арафасида имзолаган фармонга кўра, 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб Саудия Арабистони фуқаролари учун Ўзбекистонда 30 кунлик визасиз режим жорий қилинади.

Расмий маълумотларда айтилишича, “фармон Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида маданий, илмий ва сармоявий иқлимни яхшилаш, икки давлатнинг туристик салоҳиятини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатадиган халқаро муносабатларни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида” қабул қилинган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 август тонгида давлат ташрифи билан Саудия Арабистонига жўнаб кетган. Бугун расмий ташриф ниҳоясига етади.

Шавкат Мирзиёев бу давлатга “икки муқаддас масжид ходими”, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ас-Сауднинг таклифи билан ташриф буюрган. Мирзиёев Мадинаи Мунавварани зиёрат қилгач, Жидда шаҳрида олий даражадаги Ўзбекистон-Саудия учрашувида иштирок этди. Томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламдги йўналишлари бўйича музокаралар олиб бордилар.

Шу ернинг ўзида икки давлат ишбилармонлари кенгашининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди. Ишбилармонлар кенгаши йиғилиши натижаларига кўра Ўзбекистонда энергетика, кимё саноати, инфратузилмавий ва уй-жой қурилиши, фармацевтика, тиббиёт, транспорт ва логистика соҳаларида аниқ лойиҳаларни амалга оширишга бағишланган 15 ҳужжат имзоланди. Шартномаларнинг умумий миқдори 13,1 млрд доллардан ошди.

Кўрсатилган сумманинг 12 млрд. доллари учта йирик келишувга тегишли бўлиб, улар асосида икки давлат ўртасида ёнилғи-энергетика комплексидаги ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган.

Биринчи ҳужжат негизида Саудиянинг ACWA Power компанияси Қорақалпоғистонда қуввати 1,5 ГВт бўлган шамол электр станциясини қуриб беради. Бу иншоот нафақат минтақада, балки бутун дунёдаги энг йирик шамол станцияси бўлиши кутилмоқда. Станция 1,65 млн хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини бериб, йилига 2,4 млн. тонна углерод чиқиндилари чиқишининг олдини олади.

Иккинчи шартнома ACWA Power and Air Products компанияси билан Ўзбекистонда яшил водородни илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ривожлантириш ва кейинчалик ишлаб чиқаришни кўзда тутади.

Умуман Саудия яқин 5 йилда Ўзбекистон энергетика мажмуасига 10 млрд. доллар сармоя киритиш ниятини билдирди ва бу ҳақда ҳам тегишли ҳужжат имзоланди.

Ташриф арафасида Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига сафари доирасида Умра зиёратини ҳам амалга ошириши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқалган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг