Ола! Энди помидор экишни ҳам эплолмай қолдикми? (Луқма)

Аграр Қирғизистон Туркманистон чўлларидан миллионлаб долларга помидор олиб келмоқда.

Қирғизистон Миллий статитика қўмитаси берган маълумотга кўра, жорий йилнинг январь-май ойлари давомида Қирғизистонга Туркманистондан 6,6 миллион долларлик помидор олиб келинган. Маълумотда айтилишича, Туркманистон Қирғизистонга энг кўп помидор етказиб бераётган давлат ҳисобланади.

Бу йил мамлакатга 11,4 минг тонна помидор олиб келинган бўлса, ўтган йили деярли унинг ярми – 6,4 минг тонна маҳсулот олиб келинган. Яъни, маҳсулот импорти ҳажми кўпаймоқда.

Туркманистон Қирғизистонга помидор етказиб бераётган ягона давлат эмас. Қирғизистон анъанага кўра бу маҳсулотни қўшни Ўзбекистондан келтирарди. Айниқса, мамлакат жанубидаги бозорларда помидор асосан “Тошкентники”, деб сотилади.

Ўзбекистондан кўрсатилган вақт ичида 1,8 миллион долларга 3,9 минг тонна помидор олиб келинган.

Статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, Туркманистон Қирғизистонга помидордан ташқари карам ҳам экспорт қиларкан. Ўтган йили айнан ўша Туркманистондан чипси сотиб олиб келган эдик. Шунчалик ҳам нўноқмизми биз, карамниям четдан олиб келадиган? Ахир мамлакат аҳолисининг 60 фоизи қишлоқда яшайдику!

Камига Қирғизистон иқлими қишлоқ хўжалиги учун қулай давлат бўлса, Туркманистоннинг ерлари асосан чўлликдан иборат.

Тушунарсиз ва ачинарли ҳолат шундаки, Қирғизистон жанубидаги деҳқонлар етиштирган помидор ва карамини сота олмай шудгорда чириб кетган ҳоллар кам эмас. Айнан маҳсулотни сотиш муаммо бўлгани сабаб деҳқонлар ушбу маҳсулотларни камроқ экишга ҳаракат қилишади.

Нима бўлганда ҳам мамлакатда ҳар йили минглаб гектар унумдор ерлар ишлатилмай, қуруқшаб, ўт босиб ётганда биз шундоғам танқис бўлаётган валютага помидор ва карам ташиб келишимиз – бўлмади деганда жуда уятли ҳолат эмасми?

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг мингдан ортиқ ходимлари нима билан машғул? Бу хабардан уялиб, уларнинг ранги помидордек сал қизарармикин?

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг