Қирғизистонда 2010 йилги июнь воқеалари бўйича иш судга ошди

Жазога тортиш муддати ўтиб кетган бўлсада, собиқ президент Алмазбек Атамбаев судлашмоқчи.

Алмазбек Атамбаевнинг адвокати Сергей Слесаревнинг 24.kg сайтига берган хабарига кўра, иш судга оширилган. Бишкек шаҳрининг Биринчи май (Первомайский) тумани суди бу жиноий ишни келаси душанба, 15 август куни қарашни бошлайди. Собиқ президент Атамбаев ва бошқа айбланувчилар хизмат мавқеини суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Атамбаев ҳозир таниқли жиноятчи Азиз Батуқаевни қамоқдан асоссиз чиқариб юбориш бўйича ишда айбдор деб топилиб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Мамлакат жанубида 2010 йилнинг июнида содир бўлган қонли тўқнашув пайтида мамлакатни Муваққат ҳукумат бошқариб турган. Алмазбек Атамбаев ўшанда Муваққат ҳукумат раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаб турган эди. Шу билан бирга унга мамлакат жанубида юзага келган оғир сиёсий ва миллий вазиятни ҳал қилиш ҳам топширилган эди. Бироқ Атамбаев на қонли воқеаларгача, на жанжал бостирилгандан кейин анчагача Ўш, Жалолобод томонларга бормаган.

Жиноий иш доирасида Муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳам айбловлар эълон қилинган. Ҳукумат бошлиғи, кейинчалик муваққат президент вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган Роза Отунбаевани бу иш бўйича безовта қилишмаган бўлсада, жамиятда унинг номига жуда кўп айбловлар ва норозиликлар янграб турибди.

Қирғизистон Муваққат ҳукумати 2010 йилнинг 7 апрелида юз берган давлат тўнтаришидан кейин тузилган бўлиб, унга ҳукумат раиси Роза Отунбаевадан ташқари унинг уч ўринбосари Алмазбек Атамбаев, Темир Сариев ва Азимбек Бекназаров (суд ва прокуратура ҳамда куч тизимлари куратори), Дамира Ниязалиева (соғлиқни сақлаш вазири), Эмилбек Қаптагаев (аппарат бошлиғи) ва бошқалар киришган.

Яна бир ҳукумат аъзоси, мудофаа вазири Исмаил Исақов Муваққат ҳукуматнинг мамлакат жанубидаги махсус вакили бўлган. Миллий хавфсизлик хизматини Кенешбек Дуйшебаев бошқарса, Байтемир Ибраев бош прокурор вазифасини бажарувчи бўлган. Улардан ташқари июнь воқеаларини қайта кўриб чиқиш доирасидаги жиноий иш бўйича Жалолобод вилоятининг ўша пайтдаги губернатори Бектур Асановга ҳам айблов эълон қилинган.

Адвокатлардан шу нарса маълум бўлдики, жазога тортиш муддати ўтиб кетгани боис бу ишни қисқартириш мумкин экан. Бунинг учун айбланувчилар судга ариза ёзиб беришлари кифоя. Лекин Алмазбек Атамбаев ва Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори Бектур Асанов бундай имкониятдан фойдаланишни лозим топмадилар. Улар суд орқали ўзларини оқлаб олиш учун судда қатнашиш ниятларини билдирдилар.

Собиқ губернатор Бектур Асанов бир вақтлар “Мени жавобгарликка тортишса, судда жуда катта бомбани портлатиб юбораман”, деб таҳдид қилган. Яъни, у июн воқеалари бўйича Муваққат ҳукумат ва кейин ҳокимиятга келган сиёсатчилар ҳақида маълумотлар унда етарли эканига шама қилган. Шу ва бошқа омилларни ҳисобга олганда суд жараёни жуда қизиқ ўтишини, у ерда шу пайтгача маълум бўлмаган сирларнинг очилиб кетилишини тахмин қилиш мумкин. Жумладан, ҳозирда бемалол пенсияда дам олиб юрган собиқ президент Роза Отунбаева ҳақида ҳам.

Турли даражадаги маҳаллий ва халқаро комиссияларнинг хулосаларига кўра Роза Отунбаева ва Муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзоларига нисбатан айбловлар кўп бўлишига қарамай, иш фақат Қирғизистон ўзбекларининг ёрқин лидерларидан бири, марҳум Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши эпизоди бўйичагина тергов олиб борилган.

Қирғизистон жанубида 2010 йилнинг июнида юз берган миллатлараро жанжал оқибатида 500га яқин одам ўлган, минглаб одамлар яраланиб, таланган уй-жойлари ёқиб юборилган.  жанжалда жабр тортганларнинг 70 фоиздан кўпи ўзбеклар бўлсада, узоқ муддатга ва умрбод қамоқ жазосига тортилганларнинг 90 фоиздан кўпроғи ҳам ўзбеклар бўлган. 100 мингдан ортиқ фуқаро ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлишган.

Қирғизистон давлат сифатида парчаланиб кетиши хавфи туғилган 2010 йилнинг майигача Ботиров билан фаол ҳамкорлик қилиб келган Муваққат ҳукумат раҳбарияти ундан вақтинчалик Қирғизистондан чиқиб туришни сўранишган. Отунбаева бу ишни Исмаил Исақовга топшириб, у Қодиржон Ботировни Ўзбекистон чегарасигача кузатиб қўйгани айтилади.

Қирғизистондаги бир гуруҳ сиёсатчилар, жумладан бугунги расмийлар қонли июн воқеаларининг келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири айнан Ботировнинг мамлакатдан чиқиб кетиши бўлган деб даъво қилишади. Ўзбек жамоатчилиги фаолларининг, жумладан иложсиз чет эллардан бошпана олишга мажбур бўлган ўзбек жамоатчилиги вакилларининг ва бир қатор чет эл ташкилотларининг талаб ва тавсияларига қарамай, июн воқеалари бўйича жиноий ишларни кенг кўламда қайта кўриб чиқиш масаласи пайсалга солиниб келмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг