Ва ниҳоят! Ўш аэропортидаги таксичилар фаолияти текширила бошланди

Қирғизистон президентининг Ўш вилоятидаги вакили милиционерларга топшириқ берди.

Қирғизистоннинг жанубий пойтахти бўлган Ўш шаҳридаги халқаро аэропортида қайд қилинаётган маҳаллий таксичиларнинг қўполлиги ва зўравонлиги бўйича шикоятлар ниҳоят мутасадди раҳбарлар қулоғига бориб етди, шекилли.

Ўш вилояти милицияси аэропорт ҳудудида ишлаётган таксичиларнинг 105 нафарини аниқлаб, уларни сўроқ қилишни бошлади, дея хабар қилди Ўш вилояти Ички ишлар бошқармаси. Бошқарма берган маълумотга кўра, бунга интернетда Ўзбекистон фуқароларининг шикоятлари, жумладан Ильёс Рашидовнинг видео мурожаати туртки бўлган.

Биз аввал хабар берганимиздек, Ильёс Рашидов чипталар нархи арзонроқ бўлгани боис кўплаб ўзбекистонликларнинг Россияга бориб келишда Ўш аэропорти орқали учаётганини айтиб, у ердаги таксичиларнинг қўполликлари ҳақида айтган. Маҳаллий таксичилар қўшни Ўзбекистон фуқароларини “Достук” (“Дўстлик”) чегара постидан аэропортгача, ёки аксинча аэропортдан чегара постигача олиб бориб қўйиш учун одатдаги 150-160 Қирғизистон сўми ўрнига ҳар бир одамдан 500 сўмдан олишаётгани, бунга кўнмаганларни эса мажбуран ўз машиналарига ўтқизишаётгани ҳақидаги маълумотни такрорлаган.

Бу ҳақда авваллари ҳам бир неча бор айтилган. Жумладан, журналист Шохруҳ Соипов ҳам ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида бу ҳақда ёзиб, сайтимиздаги мақолаларида ҳам баён қилиб келган. Бироқ шу пайтгача расмийлар бу хабарларга лоқайдлик ва сусткашлик билан қараб, бу ҳолатни инкор қилиб келишаётган эди.

Рашидов ўзи гувоҳи бўлган маҳаллий таксичиларнинг зўравонлиги ва қўполлигига ўша атрофда, яъни аэропорт ҳудудида юрган милиция ходимлари эътибор қилишмаганини айтган.

“Улар ҳеч нарса қилишмади. Нима, бу ерда ҳокимият йўқми, уларнинг ишини назорат қилишмайдими?” – дея савол қўйган блогер.

Ички ишлар бошқармаси берган хабарга кўра, ўзбекистонлик фуқаронинг мурожаати милицияда расмий рўйхатга олиниб, текшириш ишлари бошланган. Натижада аэропорт ҳудудида 105 таксичи ишлаши аниқланиб, уларнинг бир қисми сўроқ қилинган. Рашидов ўзининг мурожаатида айтиб ўтган таксичининг ҳам шахси аниқланган. Бу одам Қорасув туманидан келиб ишлаётган И.К. бўлиб, агар (аэропорт – чегара пости йўналишида) йўловчи ёлғиз бўлса 500 сўм тўлаши, тўрт киши бўлишса, ҳар бири 200 сўмдан тўлашини айтган. Шу вақтнинг ўзида интернет иловалари ёрдамида хизмат кўрсатувчи компаниялар тарифига кўра, ушбу йўналишда йўловчи неча киши бўлишидан қатъи назар, такси хизмати учун 160 сўм тўлашлари кифоя.

Милицияда Рашидов ўз мурожаатида айтиб ўтган таниш таксичи ҳам қидирилмоқда. Блогер таниш таксичи билан аввалдан уни ва шерикларини арзонроқ олиб кетишга келишиб олганига қарамай, бошқа таксичилар унинг шерикларини бошқа машиналарга алоҳида-алоҳида чиқишга мажбур қилишга уринишган.

Такси хизматидаги ана шу тартибсизликлар ва ўзбошимчаликлар сабаб Қирғизистон президентининг Ўш вилоятидаги вакили Зиядин Жамалдинов анча кеч бўлсада, ниҳоят вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказган. Учрашувда милиция ходимларига Ўзбекистон фуқаролари ва бошқа давлатлардан келаётган туристларнинг хавфсизлигини сақлаш бўйича топшириқлар берган.

Шикоятларга сабаб бўлаётган такси йўналишида, аэропорт ва чегара пости ҳудудида тартибни кучайтириб, қонунбузарлик ҳоллари аниқланганда айбдорларга қарши жиддий чоралар кўриш ҳақида кўрсатмалар берган. Шу билан бирга президент вакили таксичилар хизмати учун олинаётган ҳақни арзонлатиб, тартибга солиш бўйича ҳам аниқ топшириқлар берган.

Йиғилишда муаммоли транспорт йўналишида алоҳида, расмий транспорт қатновини йўлга қўйиш таклифи ҳам ўртага ташланди. Энди муҳими, бу гаплар гап бўйича қолиб кетмаса бўлди. Афсуски, одатда шундай бўлиб келганини аччиқ тажриба кўрсатиб турибди. Ахир гап бутун бошли бир давлатнинг нуфузи, қолаверса миллатнинг халқаро ҳамжамият олдидаги юзи ҳақида кетяпти…

Оқбура, Ўш

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг