Қирғизистон: Прокурор таниқли ҳуқуқ ҳимоячисини беш йилга қамашни сўради

Афтидан расмийлар ишни “сих ҳам куймасин, кабоб ҳам” қабилида тугатишга интилмоқдалар.

Жорий йилнинг 15 августида Иссиқкўл вилоятининг Қорақўл шаҳри суди маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиси, “Вентус” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг раҳбари Камилжан Рўзиевнинг иши бўйича ҳукмни эълон қилишини айтган. Куни кеча шаҳар прокурори вакили суддан Рўзиевга беш йиллик муддатга қамоқ жазоси беришни сўраган.

Камилжан Рўзиев кўп йиллардан буён инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келади. Унга асосан ноқонуний ҳибсга олинганлар, қийноққа олинган фуқаролар ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Яъни, у иши юзасидан милиция, прокуратура, суд ва бошқа давлат органлари ходимлари ва раҳбарлари йўл қўйган қонун ва қоидабузарликларга қарши курашиб келади.

Натижада унга маҳаллий куч тизими органлари томонидан доимий равишда босим ўтказилиб келган. Ана шундай мақсаддами, 2020 йилнинг 30 майида Рўзиевни махсус хизмат ходимлари ҳибсга олишган. Унга маҳаллий фуқаролардан бирининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш давомида унинг фойдасига бир ҳужжатни сохталаштирган деган айблов қўйилган.

Суд уни тергов давомида уй қамоғида ўтириши ҳақида қарор чиқарган. Ҳуқуқ ҳимоячисининг ўзи ва унинг адвокати унга қўйилган айбловнинг сохталаштирилгани, унинг ҳеч қандай айби йўқ эканини икки йилдан бери айтиб келишади.

Судда адвокат Рўзиевга қўйилган барча айбловларни олиб ташлаб, уни эркинликка чиқаришни сўраган. Адвокатнинг айтишича, ўтган икки йил давомида тергов Рўзиевнинг айбдор эканини исботловчи бирорта далил келтирмаган. Юристлар шунингдек Камилжан Рўзиевга нисбатан қийноқ қўлланганини ҳам айтиб келишади, лекин буни прокуратура ва суд инобатга олмаган.

Яқинда соғлиги ночорлашган ҳуқуқ фаоли даволаниш учун йўлланма билан Грузияга отланганда уни Бишкек аэропортидан ортга қайтаришган. Аэропортда унга прокуратура органлари томонидан чет элга чиқишни тақиқлаб қўйганини айтишган. Рўзиев бу чекловни олиб ташлашини сўраб, аввал прокуратурага, у ердан рад жавобини олгач, Қорақўл шаҳар судига мурожаат қилган.

Юристларнинг маълум қилишича, суд прокурор талаб қилган беш йиллик қамоқ жазосини белгиласа, у ҳолда Рўзиевга нисбатан амнистия қўлланиб, суд залидан озод қилиб юборилиши мумкин. Афтидан прокуратура ва суд шу йўл билан далил ва исботлар етишмаслиги натижасида чўзилиб келаётган суд жараёнини тезроқ тугатишга интилишмоқда. Сабаби бу иш аллақачон халқаро ташкилотлар назарига ҳам тушиб, улар Қирғизистон ҳукуматидан ҳуқуқ фаолига босим ўтказишни тўхтатишни, унга қўйилган асоссиз айбловларни олиб ташлашни талаб қилиб келишмоқда.

Иккинчи томондан олиб қараганда, қонунлар ва ҳуқуқдан яхши хабардор бўлган Камилжан Рўзиевни оқлаб юборишса, у сўзсиз давлат органларидан ўзига етказилган маънавий ва моддий зарарни қоплаб беришларини талаб қилади. Шу сабабли расмийлар суд уни айбдор деган ҳолда озодликка чиқариб юборса, ўзлари ва давлат органларининг бошлари камроқ оғрийди, деб ўйлашади шекилли.

Бунгача ҳуқуқ фаоли ҳимоя сўраб, республика омбудсмени ва ҳатто президент Садир Жапаровга ҳам бир неча бор мурожаат қилган. Уйғур миллатига мансуб Камилжан Рўзиев 58 ёшда, оилали, икки фарзанднинг отаси.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар Камилжан Рўзиев шахсий архивидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг