Ўшдаги «Илҳом» клуби: Ноёб истеъдодларни кашф этган ошиён

Бугун илк дамлардаги клуб аъзоларининг деярли ҳар бири ҳақида алоҳида ҳикоя қилса арзийди.

Ўш шаҳрида ҳамон фаолият юргизиб, қирғизистонлик ижодкорлар белига қувват бўлиб, уларни янги-янги чўққилар сари илҳомлантириб келаётган «Илҳом» клуби бу йил ўзининг 63 йиллигини нишонлаб, таъбир жоиз бўлса, “пайғамбар ёшини” қарши олди. Шу муносабат билан клубнинг доимий фаолларидан бири, таниқли адиб ва санъат арбоби Абдуғани ака Абдуғафуровнинг хотираларига саҳифаларимиздан ўрин бердик.

Марказий Осиё республикаларидагина эмас, балки бутун Совет иттифоқи миқёсида ҳам ном чиқарган ёзувчи ва шоирларни етиштира олган гўша тарихини унинг тамал тошини қўйган вилоят «Ленин йўли» газетаси ўтмишидан айро тасаввур қилиш мумкин эмас.

Шу сабаб, газетага оид мозийга қисқагина назар ташлаймиз. Ўш вилоятида ўзбек тилида чиқувчи биринчи газета 1932 йили «Коммунист» номи билан лотин алифбосида, Тошкентда нашр этилган. Унинг биринчи бош муҳаррири Муродхон Собиров бўлган. Улуғ Ватан уруши йилларида журналистлар фронтга кетиб, газета нашри тўхтаб қолган.

Қирғизистонда 16 йил давомида оқилона, фидокорона раҳбарлик қилган Исҳоқ Раззақов ташаббуси билан 1957 йили пойтахт Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрида «Қирғизистон ҳақиқати» деган ном билан ўзбек тилида газета чиқа бошлади. Газетага дастлаб Қирғизистон компартияси Марказий қўмитасининг бўлим мудири Маҳмуджон Исмоилов, кейинчароқ Тошкентдан таклиф этилган журналист Нўъмон Ғуломов бош муҳаррир бўлди.

Ўша йиллари газетада олис Олабуқадан Турсунбой Адашбоев, Сузоқдан Жўравой Қурашев, Бозорқўрғондан Ўсканбой Матқосимов, Мосидан Қодиржон Собиров, Аравондан Усмон Тоштемиров, Ўшдан Қўлдош Бекмирзаев, Ўзгандан Ҳайитбой Ҳакимов (“Машъал”) ва каминанинг шеър ва ҳикоялари, долзарб мақолалари мунтазам чоп этилиб турди.

Бу ижодкорлар газета орқали бири-бири билан танишиб, ўзаро хат орқали мулоқот қила бошладилар.

1959 йили газета Ўшга кўчирилди ва «Ленин йўли» номи билан вилоят газетаси мақомида чиқа бошлади. Газетага собиқ фронтчи журналист Ҳалимжон Ҳамидов бош муҳаррир этиб тайинланди. Фрунзе шаҳридан журналистлар – Ҳайитбой Ҳакимов, Турсунбой Адашбоев, Раънохон Сарибоева, Болтабой Юсупов, машинистка Санобархон Тошматовалар Ўшга кўчиб келишди. Аравондан Холдоржон Қуронбоев, Абдуқаҳҳор Маннонов, Талъат Солиевлар, Қорасувдан Ҳолматжон Юсупов, Ўшдан Турғунбой Абдуллаевлар таҳририят жамоасига қўшилдилар. Мазкур ижодкорлар бевосита ёки билвосита «Илҳом» клубининг иштирокчилари бўлиб қолдилар.

1960 йилнинг 5 майида Матбуот куни байрам йиғилишидан сўнг Турсунбой Адашбоев «Илҳом» клубини ташкил этиш фикрини ўртага ташлади. Шу-шу, ҳар ойда бир марта таҳририятда барча ижодкорлар тўпланиб, бадиий адабиёт сирларини ўргана бошладилар. Машғулотлар адабий жараёнда пешқадам бўлган Ҳайитбой Ҳакимов, Турсунбой Махмудов, Омонилло Аҳмедов, Одилжон Умаров, Одилжон Раҳимов, Тош Мияшев, Шабданбой Абдирамановларнинг адабиёт назариясига оид маърузалар ва мулоқотлари билан бошланиб, мушоира билан якунланарди.

Ижодий жараён қизғин тус олиб, ойда бир тўпланиш кўпларни қониқтирмай, энди ҳар куни кечки пайт Навоий боғи яқинидаги кўприк тагида жойлашган Ҳакимжон аканинг чойхонасида йиғилиш, бир пиёла чой устида адабий даврада кўришиш одат тусига кирди.

Баъзиларимиз ишдан, баъзиларимиз ўқишдан чиқамиз-у, чойхонага шошиламиз. Дастлаб 3-4 нафар эдик, бир ҳафтадан сўнг 5-6 нафар, бир ойдан сўнг 10-12 нафарга етдик.

Қирғизистон, Ўзбекистон, Россия нашрларида чоп этилган адабий асарларни, „Ленин йўли”нинг ойда бир чиқарилган „Адабиёт саҳифаси”ни элакдан ўтказардик, тортишардик, гоҳида бир мисрага ёки бир жумлага осилволиб, титқилаб тунги соат 23-24 гача мунозара қилардик. Фикрлар ихтилофига адабиёт ўқитувчилари Сирожиддин Нажмиддинов, Эркинбой Турсуновлар ечим топиб беришарди.

Қўлдош Мирзонинг «Хурконда бир дарвоза бор” деб бошланувчи шеърини уч кун титкиладик ва ниҳоят бир шеър жамоатчиликнинг энг яхши баҳосини олди. Ўзбекистон матбуотида чоп этилди.

Давра суҳбатлари шу қадар ҳаяжонли ўтардики, чойхонада ҳеч ким қолмаганини, Ҳакимжон ака эса бизни малол олмай, атрофимизни аста-аста, мулойим сукут билан супуриб юрганини ҳам сезмас эдик.

Ҳакимжон ака адабиёт шинавандасига ўхшамасди, аммо даврамиз суҳбатини асло бўлмас, чарчаганда бизга яқин ўтириб, жимгина қулоқ соларди.

– Турайликми? – дея ярим кечада Ҳакимжон акага савол назари билан қарардик. У эса кайфиятини лабига қўндириб «давом этаверинглар» ишорасини қиларди. Дастурхонимизда кўпинча қуруқ нон-чойлигини кўриб, бизга чойни неча чойнак ичсак ҳам текин қилиб қўйди.

Шу тарзда «Илҳом» клуби аъзоларига шароит яратиб берган раҳматли Ҳакимжон аканинг охирати обод бўлсин!

«Ленин йўли» газетасида «Адабиёт саҳифаси» чиқишини ҳаммамиз сабрсизлик билан кутардик. Кимнинг шеъри ёки ҳикояси саҳифадан ўрин олса, ўша куни муаллиф учун байрам эди, даврага 4 дона нон билан нўхат олиб келиб, “юварди”. Бундан Ҳакимжон ака хабар топса, ҳолва совға қиларди.

Каминанинг «Чўзилди” деган 8 мисра ҳажвий шеърим чоп этилганда, дадам раҳматли Ғафур Махсум клуб аъзоларига ош қилиб, “ювиб берди”. Шеър учун олган гонараримга 4 та нон келди, холос.

Газетада «Адабиёт саҳифаси”ни Ҳолдоржон Қуронбоев, Турсунбой Адашбоев, Мирзоҳид Мирзараҳимов, Омонилло Аҳмедовлар тайёрлашарди. Саҳифага кирувчи адабий асарларни бош муҳаррир Ҳалимжон домла Хамидов ўзи синчиклаб ўқир, сарагини саракка, пучагини пучакка чиқарарди.

“Ҳалимжон домла шеър ёзмайдику, шеърни тушунадими”, дейдиганлар ҳам бор эди. Бизлар уларга «Домла ҳолва қилишни билмас, аммо ҳолвани мазасини жуда яхши билади», дер эдик.

Эсимда, клубга келиб-келмай юрган маҳаллий шоираларнинг бири «Улама дарахт» деган шеърни «Адабиёт саҳифаси”га берибди. Бўлимдан, масъул котибдан ўтган бир шеър Ҳалимжон домлага етиб борганда «яроқсиз» деб қайтарди. Чунки шоир Расул Ҳамзатовнинг „Менинг Доғистоним» асаридан илҳомланган ва шеърда “…русча иккинчи она тилим бўлса, мен улама дарахтга ўхшаб қоламан” деган эди. Бу эса партия сиёсатига мутлақо зид фикр эди. Ҳалимжон домла хушёрлик билан ушлаб қолган шеърни шоир қўшни шаҳар матбуотига юборади. Шеър чоп этилади, аммо нашрга тайёрлаган ижодий ходимлар маъмурий жазо оладилар. Айримлари ишдан бўшатилади. Бу воқеа клубимиз аъзоларини ҳам янада хушёрроқ бўлишга чорлади.

«Илҳом» клуби фаолиятидан лавҳалар

Атоқли ёзувчи, моҳир таржимон Мирзакалон Исмоилийнинг «Фарғона тонг отгунча» номли романи саҳналаштирилиб, мусиқали драма жанрида 1969 йили Ўш ўзбек театрида қўйилди. Премьерага Мирзакалон Исмоилий жияни, ёзувчи Тоҳир Малик билан келди. Эртасига ёзувчилар билан вилоят «Ленин йўли” газетаси таҳририятида учрашув бўлди. Сўнгра учрашув «Илҳом» клуби аъзолари билан Ҳакимжон аканинг чойхонасида бир пиёла чой устида давом этди.

Суҳбат мавзуси кўпроқ таржима санъати хақида эди. Мирзакалон Исмоилий „Уруш ва тинчлик”, „Анна Каренина”, „Телба» каби романлар таржимаси ва бу жанрнинг машаққатлари ҳамда масъулияти борасида қизиқарли суҳбат қурди. Ўшлик ижодкорларни таржимачиликка, қирғиз-ўзбек-рус адабиётининг энг яхши намуналарини ўшлик адабиёт ихлосмандларига етказишга даъват қилди.

– Орангизда таржимонлар борми? – сўради Мирзакалон оға.

– Бор, – дедик бироздан сўнг, гоҳ Турсунбой Адашбоевга, гоҳ Муҳаммаджон Ўринбоевга назар ташлаб.

– Русча матндаги «С лёгким паром” жумласини нима деб таржима қиласизлар? – бизни имтиҳон қилди меҳмон.

– Енгил буғ билан, – деди кимдир. “Енгил бўлинг”, деди яна биров.

– Ўзбек тили бой тил, – ҳиёл жилмайди Мирзакалон оға, – синонимлар сон-саноқиз. Агар сўзма-сўз таржимадан қочиб, бадиий таржима талабларига риоя қилсак, мен бу жумлани «Қушдай бўлинг” деб таржима қилган бўлардим.

Ўша кунги учрашувдан олам-олам таассуротлар олиб, тун ярмида уйга тарқалдик.

***

„Илҳом” клубининг пешқадам аъзоси, тўғрироғи, жўрабошиси, театр ходими Обиджон Ҳамидов эди. У ҳамиша “ким китоб ўқийди?” мусобақасининг ғолиби эди ва бошқалардан ҳам кўп китоб ўқиш бўйича „имтихон” оларди. Яхшигина танқидчи эди.

У клубдаги мунозаралар натижаси ўлароқ ўзининг шеърларини Тошкентга Озод Шарафиддиновга юборди. «Илҳом» клубининг ўз шеърларига айрим эътирозларини ҳам баён қилиб, фикр сўрабди. Ўша вақтларда почта хизмати яхши йўлга қўйилгани учун бир неча кундаёқ Озод акадан хат келади. Хатнинг мазмуни шундай эди:

„Иним Обиджон. Шеърларингизни ўқидим, «Илҳом” клуби аъзоларининг эътирозлари билан ҳам танишдим. Шеърият талабларидан яхшигина хабардор экансиз. Айтилмаган гапни айтишга уринганингиз маъқул. Ҳар ҳолда клуб аъзоларининг фикрларида жон бор. Ўша талаблар асосида яна бир бора кўриб чиқарсиз.

Сизга ва «Илҳом” клуби аъзоларига ижодий баркамоллик тилаб, эҳтиром ила:

Озод Шарафиддинов,

Тошкент шаҳри».

Кейинроқ Озод ака Ўшга келиб, клубимиз аъзолари билан учрашиб, бевосита мулоқотда бўлганлар.

***

Ўзбекистондан Ўшга келган ва «Илҳом” клуби аъзолари билан бевосита мулоқотда бўлган таниқли адиблар:

Мирзакалон Исмоилий, Шухрат, Миртемир, Асқад Мухтор, Комил Яшин, Қудрат Ҳикмат, Пўлат Мўмин, Туроб Тўла, Ўткир Ҳошимов, Саид Аҳмад, Неъмат Аминов, Носир Фозилов, Озод Шарафиддинов ва бошқалар.

Клуб аъзолари Қирғизистоннинг таниқли адиблари билан ҳам мириқиб суҳбат қурганлар. Улар орасида Сооронбай Жусуев, Шабданбой Абдираманов, Суюнбай Эргашев, Қасимали Жантошев, Бексултон Жакиев, Токтоболот Абдумомунов, Жунай Мавлянов, Исраил Сулаймоновлар бўлган эди.

***

„Илҳом” клубининг шаклланиб, ўнлаб адибларни тетапоя қилган 1960-1975-йиллардаги фаоллари номларини ҳам бир-бир атаб ўтсак арзийди, деб ўйлайман. Уларнинг кўпи энди орасмизда йўқ…

Турсунбой Адашбоев, “Ленин йўли” газетасидан, Усмон Темир – талаба, Обиджон Ҳамидов – театр ходими, Қўлдош Мирзо – ўқитувчи, Мирзоҳид Мирзараҳимов – “Ленин йўли”дан, Муҳаммаджон Ўринбоев – радист, Шавкат Раҳмон – “Ленин йўли”дан, Одилжон Умаров – ўқитувчи, Одилжон Раҳимов – ўқитувчи, Саҳибий домла – ҳунарманд, Музаффар Саидов – ўқитувчи, Олмосбек Худойбердиев – талаба, Ҳасанбой Сулаймонов – ДОСААФ ходими, Пўлатжон Шодмонов – ўқитувчи, Убайдилло Хусанчаев – соатсоз уста, Наби Раҳимов – “Ленин йўли”дан, Жўравой Қурашев – ўқитувчи, Сузоқдан, Абдусаттор – ўқитувчи, Новқатдан, камина Абдуғани Абдуғафуров – соатсоз, Бокиржон Азизов телеграф ходими ва бошқалар.

Юқорида номи аталган клуб меҳмонларнинг қанчаси дунё таниган адиблар бўлиб, икки халқ эъзозидаги буюк инсонлар сифатида тарихга киришган бўлса, клуб аъзолари орасидан ҳам шундай истеъдодлар етишиб чиқдики, уларнинг номини халқларимиз чуқур ҳурмат билан тилга олади. Уларнинг қанчаси энди орамизда йўқ… Ўтганларни Аллоҳ раҳмат қилсин!

Клубнинг биринчи раиси Одилжон Раҳимов бўлган, кейин турли йилларда уни атоқли адиблар Турсунбой Адашбоев, Усмон Темур, Қосимжон Раҳмиев, Аъзам Раҳимлар раҳбарлик қилишган. “Илҳом” клуби ҳамон ўз фаолиятини давом эттирмоқда ва ҳар ойда Ўш шаҳрида Қирғизистон жанубидаги ижодкорларни тўплаб, минтақа адабий муҳитини парваришлаб, қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳозир клубга таниқли шоир Абдулҳақ  Абдумаликов (Абдул Ҳақ) раислик қилади.

Абдуғани Абдуғафуров, Ўш шаҳри.

Расмлар муаллиф томонидан тақдим этилди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг