Шу йилнинг кузида Ўзбек-қирғиз иқтисодий масалалари дўстлик форуми ўтади

Бу каби давомий учрашувлар ўзаро алоқаларнинг устивор даражага чиққанини кўрсатади.

Ўзбекистон иқтисодиёт ассамблеясининг раиси Мухтор Умаровнинг сўзларига кўра, икки давлат ишбилармонлари 2022 йилнинг якунигача Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо айламаси ҳажмини 50% ошириш ҳаракатидалар. Жорий йилнинг ноябрь ойида шу масалада катта иқтисодий анжуман ўтказилади.

“Ўзбек-қирғиз иқтисодий масалаларидаги дўстлик форумида бир йиллик режаларимиз қай даражада амалга ошди, қандай муаммоларга дуч келдик, шу масалаларни кўриб чиқамиз”, – Умаров Тошкентда 23 июль куни ўтган тадбиркорларнинг дўстлик учрашувида.

Бунгача эришилган келишувга биноан Қирғизистон тадбиркорлари делегацияси “Қирғиз – ўзбек тадбиркорларининг дўстлик учрашуви”га Тошкентга борди. Учрашувда савдо-сотиқ соҳасидаги келишувлар, иқтисодий алоқалар йўлида учраётган муаммолар, жумладан ўзбек-қирғиз чегараси масалалари муҳокама қилиниб, жонли мунозаралар бўлиб ўтди.

Ўртадаги долзарб масалалардан бири сифатида чорвачилик соҳасидаги алоқалар ва уларнинг келажакдаги имкониятлари тилга олинди. Азалдан Қирғизистон чорвачиликда Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллаши маълум. Ўзбекистон эса, тоғли ўлка яйловлардан фойдаланиш, бу соҳа маҳсулотларини сотиб олиш ва биргаликда ишлаб чиқаришдан манфаатдор.

Ана шу нуқтаи назардан қирғиз-ўзбек чегарасидан чорва молларини олиб ўтиш, ўзаро манфаатдорлик асосида чорвачилик соҳасини биргаликда ривожлантириш масалалари қизғин муҳокама қилинди. Бунгача ўтказилган мулоқотлар натижаси ўлароқ, шу йил Ўзбекистон Қирғизистоннинг Олай ва Чўнголай туманлари ҳудудида кушхона қуриш лойиҳасини амалга оширилмоқда. Бу цехларда кунига минглаган чорва моллари сўйилиши режалаштирилган. Маҳсулот эса, нафақат Ўзбекистонга экспорт қилинади, балки Қирғизистон аҳолиси учун ҳам кунлик тоза, янги гўшт маҳсулотларии етказиб беришни кафолатлайди. Шу кунларда бу кушхоналар ишга тушиш арафасида турибди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркорлари ўртасида ҳамкорликда сут маҳсулотларини қайта ишлаш заводини қуриб, ишга тушириш ҳам режалаштирилди.

Бу учрашувлар натижасида Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркорлари ўртасида умумий ҳисобда ўттиздан ортиқ йирик шартномаларга қўл қўйилди.

Ана шундан дўстлик учрашуви жорий йилнинг июн ойида Қирғизистонда бўлиб ўтган. Унга Ўзбекистон президентининг ташқи ишлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаров, “Ўзбекистон бизнесни ривожлантириш” уюшмаси раиси Ёрқин Маликовлар бошчилигида 25 дан ортиқ йирик тадбиркорлар келишган. Уларнинг ичида кўзга кўринган “Рўзиметов колбасалари”, “Дафна мебель салонлари” каби бренд фирма ва корхоналар раҳбарлари бор эди.

Учрашув чоғида меҳмонлар қабул қилинган режалар ва лойиҳалар доирасидаги шартномаларда кўрсатилган жойлар билан танишиб, томонлар айрим масалалардаги камчиликларни бартараф этиш устида ишлашган. Ўшанда июл ойида Ўзбекистонда яна учрашишга келишиб олинган эди.

Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарлари маориф ва маданият соҳасига ҳам катта эътибор қаратиб келмоқдалар. Мактаблар қурилиши, дарсликлар тайёрлаш ва спорт йўналишлари ҳам моддий тарафдан қўллаб-қувватлашга эга бўлиб, турли лойиҳалар ишлаб чиқарилган ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Буларга кўпчилик аллақачон хабардор бўлган Ўш ўзбек театрининг реконструкцияси, Ўшдаги Навоий мактаби қурилиши, Боткен вилояти қурилган икки мактаб ва қурилиши бошланиш арафасида турган яна икки мактабни мисол келтириш мумкин. Бу ишлар Ўзбекистон ҳукуматининг молиявий ёрдамида амалга оширилмоқда.

Айтиш мумкинки, ўзбек-қирғиз муносабатлари ҳозирги кунда ҳамкорликнинг барча соҳаларида жиддий кўтарилишни бошидан кечирмоқда. Шу кунларда илгари кузатилмаган олий даражадаги, доимий сиёсий-иқтисодий масалаларга бағишланган мулоқотни кўришимиз мумкин.

Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларидаги бундан ижобий ўзгаришлар Ўзбекистон раҳбариятидаги ўзгаришга бевосита боғлиқ бўлиб, президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсат масалаларига ёндашуви мақтовга лойиқ. У президентлигининг илк кунлариданоқ қўшнилар билан алоқаларда вужудга келган “музликни эритиш”га астойдил бел боғлади.

Ана шундай ижобий ўзгаришларнинг юқори даражадаги натижаси ўлароқ бир ҳафта олдин Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашувини айтиш мумкин. Унда ҳам минтақа давлатлари ўртасидаги савдо, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, инновациялар, хавфсизлик, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги масалалар муҳокама қилинди ва қатор ҳужжатлар имзоланди.

Бу борада Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг ташаббуслари ва таклифлари ҳам жуда ўринли бўлмоқда. Шу йил апрел ойида Садир Жапаров Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирларини қабул қилиб, икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилганди.

Учрашувда Қирғизистон президенти энг яқин қўшни бўлган Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон билан икки томонлама манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш – Қирғизистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлаган эди. 

Охирги йилларда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама алоқалар узвий тарзда, доимий ривожланиб боряпти. Сув ва энергетика соҳаси устивор йўналишдан бўлиб, бу соҳада ҳам қатор битимларга эришилган. Масалан, Қирғизистон президентининг 2021 йилнинг мартидаги Ўзбекистонга сафари чоғида 750 миллион кВт/с электр қувватини ўзаро бир-бирига етказиб бериш бўйича битимга эришилган. Бу бир тарафдан Тўқтағул сув омборини тўлдириш ва 2021-2023 йиллардаги вегетация даврида Ўзбекистонга экинларни суғориш учун сув етказиб бериш имконини беради. Шу вақтнинг ўзида сув омборида сув йиғиш даврида Қирғизистонга зарур бўлган электр қувватини етказиб беришни кафолатлайди.

Дилноз Тапвалдиева, Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг