Россия меҳнат муҳожирларига эшик очиб, талабни ҳам кучайтирмоқда

Саксон мингдан ортиқ Қирғизистон фуқаросининг бир қисми “қора рўйхат”дан чиқарилди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, Россия Федерацияси ҳудудида “майда ҳуқуқбузарлик содир этган қирғизистонликларнинг” бир қисми, яъни 47 минг киши яна Россияга кириши мумкин. Бу икки давлат ўртасида 2022 йилнинг май ойида бўлиб ўтган “олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича олиб борилган ишлар” натижаси бўлган. Яъни, муҳожирларни “қора рўйхат”дан чиқариш масаласига икки давлат президентлари шахсан аралашишган.

Аталган рўйхатдан чиқарилмаганлар орасида суд ҳукми билан мамлакатдан чиқариб юборилганлар, депортация қилинганлар ва турли жарималардан қарзи бор мигрантлар борлигини www.MIGRANT.mobi ахборот хизмати портали маълум қилади.

Шу билан бирга вазирлик Қирғизистоннинг яна 35 мингга яқин фуқароси Россияга кириши тақиқланган шахслар рўйхатида қолаётганини маълум қилган. Расмий маълумотларга кўра, бугунгача Қирғизистоннинг 82 мингга яқин фуқароси Россиянинг “қора рўйхати”да турарди. Лекин бу кўрсаткич анча кўп бўлиши мумкин, чунки уларнинг аниқ ҳисобини олиб борадиган ташкилот йўқ.

Охирги расмий маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг 1 миллиондан ортиқ фуқароси Россияда меҳнат муҳожирлари сифатида ишлайди.

Кузатувчиларнинг наздида “Қора рўйхат” номи билан машхур бўлган ҳужжат Россиянинг Қирғизистонга сиёсий босим ўтказиш учун бир неча йил аввал киритган амали. Сабаби, ҳамон бу рўйхатга нега киритилганидан бехабар, бунинг сабабини суриштириб ҳам била олмаган фуқаролар жуда кўплаб топилади.

Бир неча йил аввал Қирғизистон ва умуман Марказий Осиё давлатларидан борган меҳнат муҳожирларини Россиядан оммавий турда чиқариш бошланган. Россия расмийлари буни муҳожирлар орасида тартиббузарликларнинг кўпайгани билан тушунтиришган. Ижтимоий тармоқларда ва айрим сиёсатчилар орасида эса муҳожирлар туфайли маҳаллий аҳоли орасида ишсизлик кучайганидан шикоят қилиш кўпайган.

Кўп ўтмай мамлакатда ишчи кучига эҳтиёж ортгани борасида хабарлар тарқала бошлади. Ҳатто пойтахт Москва кўчалари ахлатга тўлиб кетди, қишда кўчаларни қордан тозалайдиган одам етишмай қолди. Чунки “оқсуяк” маҳаллий аҳоли бундай “қора” ишларни, яна арзон-гаров иш ҳақи эвазига қилиб ўрганмаган.

Коронавирус пандемияси сабаб муҳожирларнинг уйларига қайта бошлаши туфайли, Россияда яна ишчи кучи етишмаслиги кучайди. Масалан, яқиндагина расмийлар фақат Москванинг ўзидаги қурилишларда 5 минг нафарга яқин ишчи етишмаётганини билдиришди.

Бунгача ҳам мамлакатнинг турли ҳудудларида йирик қурилиш объектлари ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишчи кучи танқислиги борасида хабарлар эълон қилиниб келган.

Айни пайтда Россияда қарийб 10 млн. нафарга яқин меҳнат муҳожирлари бор экани айтилади. Уларнинг деярли ярми Марказий Осиё давлатларидан боришган.

Бундан бир неча кун аввал Роспотребнадзор (истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи давлат ташкилоти. – Таҳр.) ковид пандемияси муносабати билан киритилган барча чекловлар олиб ташланганини маълум қилди. Бунга сабаб сифатида расман коронавирусга чалинаётганлар бўйича кўрсаткичларнинг кескин камайгани айтилмоқда. Бироқ экспертларнинг фикрича, бунга Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган босқинчилик уруши ва бунинг натижасида мамлакатга нисбатан киритилаётган мислсиз иқтисодий чекловлар туфайли пайдо бўлган муаммолар ҳам катта таъсир кўрсатган.

Шу вақтнинг ўзида Россия расмийлари меҳнат муҳожирларига бўлган талабларни ҳам кучайтиришмоқда. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси тарқатган маълумотда айтилади. Шу муносабат билан элчихона Қирғизистон фуқароларини Россиянинг ички қонунлари ва икки давлатнинг меҳнат муҳожирларига доир қонунлари талабларига қатъий риоя қилишга даъват қилади. Қонунбузарлик ва турли жиноятлар учун жазо қўлланиши муқаррар эканини эслатди.

Элчихона меҳнат муҳожирларини Россияда яшаш ва ишлаш учун зарур бўлган расмий ҳужжатларни тўлдиришда турли хил ўртамчилар хизматидан фойдаланмасликни тавсия қилиб, Россия ҳудудига киргач, 30 кун давомида муҳожирлик рўйхатидан ўтиш лозимлигини эслатади. 

Сўнгги қонун ва ўзаро битимларга кўра, Россияга ишлаш учун келганлар 30 кунлик муддат ичида давлат дактиласкопиясидан рўйхатдан ўтишлари ва расмга тушиб, тиббий кўрикдан ўтишлари лозим. Ишга кирган ҳолатда улар иш берувчи билан шартнома тузиб, ҳамиша ёнида паспортини, муҳожирлик қоғозини (миграция картаси) ва ОМС (суғурта) полисини олиб юришлари талаб қилинади.

Шошилинч тарзда юридик маслаҳат ёки консуллик ёрдамини олиш учун элчихонага, кеча-кундуз ишловчи +7 925 115-50-47 рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг