Людмила Молдалиева: Бугун Ўш мусиқали театри ўз номини оқлади

Ўшлик санъаткорлар саҳнада ўз бахти учун курашган шоира Самарбону тимсолини яратишди.

“Республикамизда мусиқали драма театрлари кўп, бироқ мусиқали драма кам қўйилади. Чунки, бу жанр драмалардан фарқли ўлароқ, артистлардан ҳам куйлашни, ҳам сўзлашни талаб қилади. Бугун мазкур театрда ҳам беш-олти йиллик танаффусдан сўнг ўзбек артистлари томонидан жуда гўзал бир асарни томоша қилдик”, – дейди Бишкекдан келган театр танқидчиси Людмила Молдалиева.

Жорий йилнинг 6 июлида Ўш шаҳридаги Бобур номли Ўзбек академик мусиқали драма театрининг ижодкорлари Соҳибахон Хошимова асари асосида тайёрланган “Самарбону” мусиқий драмасини Қирғизистон театрларининг Бадиий кенгашига тақдим қилдилар.

 

Спектакль Ўшдаги Султан Ибраимов номидаги қирғиз миллий драма театри биносида намойиш этилди.

Спектаклда бу йил 185 йиллиги нишонланаётган ўшлик истеъжожли шоира Самарбонунинг аянчли тақдири намоён бўлади.

Спектаклни пойтахт Бишкекдан келган театршунос, танқидчи Людмила Молдалиева, Бадиий кенгаш аъзоси, танқидчи Тинибек Сидиқов, Абдумомунов номидаги Қирғиз миллий академик театрининг бош рассоми Сабир Садировлар келиб томоша қилдилар ва спектаклга ижобий баҳо бердилар. Жонли ижродаги қўшиқлар, мақом меҳмонларга ёқди. Постановкачи рассом Раҳимжон Аҳмаджоновнинг истеъдодига ҳам тасанно айтишди. Костюмлар ва рақслар усталари ҳам ўз маҳоратларини намоён қила олишгани учун муносиб мақтовлар эшитдилар.

Тинибек Сидиқов ижодий жамоа таътилга чиққан бир пайтда, театр биноси 10 ойдирки реконструкция бўлиб, “қўшниларнинг уйида ўтириб ҳам” шундай ажойиб асарни юзага чиқариш, жасоратдир, деди. Айрим жузъий, техник камчиликларни ҳам санаб ўтган комиссия аъзолари бир овоздан спектаклга юқори баҳо қўйдилар ва кенг томошабинлар ҳукмига ҳавола қилишга рухсат бердилар.

Ўш адабий муҳитида ўзининг салмоқли ўрнига эга бўлган машҳур шоирлари – Ҳожаназар Ҳувайдо ва Сирожийларнинг авлоди бўлган шоира Самарбонунинг ҳаёти ва ижодидан лавҳаларни ўз ичига олган мазкур мусиқали драмани устазода бастакор Маъмуржон Шокиров саҳналаштирган.

Ҳам режиссёр, ҳам бастакор ва дирижёр М. Шокировга кўра, ушбу спектакль жараёнида талаб доирасида 20 та қўшиқ куйланган.

“Бу нормал ҳолат, чунки қўшиқлар тўлиғи билан берилмаган, воқеалар ривожига мос қисқа қўшиқлар танланган, куйларини ўзим басталадим. Ролларни ҳам айнан театримизнинг хонандалари ижро этишди. Спектакль театр танқидчиларига маъқул келганидан мамнунман”, – дейди Маъмуржон Шокиров.

Бош ролни ёш ҳофиза Одина Аббосова ижро этган. Шоиранинг ота ва онаси ролларини эса Қирғизистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳамидилло Матҳолиқов ва Мавлуда Абдужабборовалар ўйнашди.

Театрнинг бадиий раҳбари Равшанбек Турсуновнинг айтишича, ушбу спектакль Ўш тарихи ва маданиятининг ривожи учун қўйилган яна бир қадам бўлди. Спектакль комиссия аъзоларига маъқул бўлиб, бизнинг мақсадимиз ҳосили ўлароқ, шоирани ўз ватандошларига танитишга имкон яратилди.

Шоира Самарбону 1837 йили Ўш шаҳрида туғилган. Адабиётшунос олим Тўхтасин Жалоловнинг маълумотларига кўра, Самарбону дастлаб онасидан ўқиш-ёзишни ўрганиб, кейин отаси Сирожийдан таълим олади. Отаси қизининг заковатига лойиқ тарих, фалсафа ва шеъриятдан дарс беради. Истеъдодли қиз бобоси Ҳувайдога эргашиб ғазаллар ёза бошлайди.

Самарбонудан бир фарзанд – Заҳириддин исмли ўғли қолади. Ўз даврининг машҳур инсони бўлган Заҳириддин халфанинг авлодлари Ўш, Қорасув шаҳарлари, Ўзбекистоннинг Марҳамат туманида истиқомат қилишмоқда, деган маълумотлар бор.

Самарбонунинг турмуш ўртоғи – Шариф ролини ижро этган актёр Азиз Ариповнинг айтишича, яхшилик, розилик билан бошланган турмуш охиригача яхши бўлади. Ота-онасига қарши борган ёшларнинг тақдири фожеа билан тугаши муқаррар эди.

Зиёли оилада тарбия кўрган Самарбону ота уйида мактабдорлик қилар, қизларга шеъриятдан, шариатдан сабоқ берарди. Отаси илмдор киши бўлиб, кўплаган шогирдларни ўқитар, уларнинг орасида бир боғбон йигит ҳам бўлиб, дарсдан сўнг Сирожийнинг боғида меҳнат қиларди. Самарбону гўзал ғазаллар ёзар ва уларни куйга солиб, ўз ҳовлисида хиргойи қилиб юрарди. Самарбонунинг шеърлари халқ орасида шуҳрат қозона бошлайди. Қизнинг ёқимли овозига, нозиктаъб шеъриятига ошиқ бўлган боғбон йигит ўз устозига муҳаббати ҳақида айтишга ботинолмайди.

Икки ошиқнинг севгисидан бехабар ота шаҳарнинг номи чиққан тиллафурушининг ўғли Боқи заргарга қизини узатаман, деб ваъда бериб келади. Қиз отасига норозилик билдириб, Шарифни севишини ошкор қилади. Ота дарғазаб бўлиб, энг яхши кўрган зукко шогирдидан воз кечади, боғбон йигитни ҳайдаб юборади.

Йигит дунёси қоронғулашиб ўтирган паллада аммаси келади (Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Дилором Соипова) ва воқеани билгач, қизни олиб қочишни маслаҳат беради. Тўй бўлади деган куни йигит ва қиз Мингтепага қочиб келишади ва оила қуриб яшай бошлашади. Фарзанд кўриб, унга Заҳириддин деб исм қўйишади. Шаҳарга шарманда бўлган Боқи заргар аламидан Шарифни излаб топади ва уни ўз уйида пичоқлаб кетади.

Қўлида чақалоғи билан ёлғиз қолган Самарбону ота уйига қайтиб келади.

Театрнинг директори Аъзамжон Абдураззақовнинг айтишича, ижодий жамоа 12 августда меҳнат таълидан қайтгач, спектаклнинг премьерасини намойиш этишади.

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг