Чегарадаги туннеллар Ўзбекистондан олинган маълумотдан кейин топилган

Ерости йўлларини топган қирғизистонлик тартиб посбонлари бу ҳақда оғиз очишмаган эди.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати тарқатган маълумотга кўра, май-июнь ойларида ўзбек-қирғиз чегарасида топилган туннеллар ҳақида Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларига Ўзбекистон расмийлари маълумот берганлар.

Хабарда қайд этилишича, қўшнилар чегарада аниқланган учта ерости йўли ҳақида Қирғизистоннинг тегишли идораларини апрель ойидаёқ хабардор қилганлар. Уларга ерости йўлининг Қирғизистон томонида жойлашган манзиллари ҳамда ташкилотчилари тўғрисида маълумотлар юборилиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўриш сўралган.

Топилган туннеллар ҳақида хабар берар экан, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари бу ишда қўшни давлатдаги ҳамкасбларининг ҳам иштироки борлиги ҳақида айтмаган эдилар.

Ўз навбатида Ўзбекистон чекистлари Андижон вилояти Қўрғонтепа туманининг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудида ана шундай ерости йўли орқали 1,6 млн. доллар валютани Қирғизистонга олиб ўтиш пайтида 8 кишини қўлга олишган. Уларнинг 6 нафари Қирғизистон фуқароси экани, гуруҳга 48 ёшли қирғизистонлик фуқаро раҳбарлик қилиши аниқланган. Жорий йилнинг 25 майида Ўзбекистон суди уларни 6 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Ана шу ишни тергов қилиш давомида шу яқин орада узунлиги 400 метрдан ортиқроқ яна бир туннель топилган. Унда ҳатто қўлбола темирйўлда ҳаракатланадиган электр двигателли аравача ҳам борлиги аниқланган. Бу ҳолат бўйича тергов ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўш вилоятининг Қорасув туманида уч ерости йўл топилиб, улар орқали қўшни Ўзбекистонга ноқонуний равишда валюта ва турли хил товарлар ташиб турилгани аниқланган. Яширин ерости йўлларининг чуқурлиги 13 метрдан 17 метргача, баландлиги 1 метрдан кўпроқ, узунлиги эса 170 метрдан 270 метргача бўлган.

Қирғизистон жанубида жойлашган Қорасув шаҳри ва тумани қўшни Ўзбекистоннинг шу номли аҳоли пункти билан чамбарчас боғлиқ жойлашган. Қирғизистоннинг Қорасувидаги машҳур бозорда икки давлат фуқаролари бемалол савдо-сотиқ қилишган. Бозорда икки давлат валютаси бирдай муомалада бўлган. Икки давлат ўртасида чегара постлари пайдо бўлиб, чегаралар ёпилгач, ана шу савдо алоқаларига жиддий путур етиб, анча вақтгача чегаранинг икки томонидаги одамлар турли йўллар билан савдо-сотиқни, жумладан, валюта савдосини амалга ошириб келишган.

Одамлар юкларни икки давлатни ажратиб турган Қорасув дарёси орқали ўтказишга ҳаракат қилиб, одамлар тезоқар дарёга оқиб, нобуд бўлган ҳолатлар ҳам бўлган. Афтидан, ерости йўли орқали савдо қилиш анчадан бери мавжуд бўлгану, энди аниқлана бошланган.

Шу кунгача Ўзбекистон тарафдан бу ерости йўллари ҳақида бирор хабар берилмай келаётган эди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг