Ўзбекистон-Тожикистон: Ҳар душанба куни Душанбадан Тошкентга поезд келади

Ўттиз йиллик танаффусдан сўнг икки давлат ўртасидаги йўловчи поезд қатнови қайта тикланди.

Бир кун аввал Тожикистон пойтахтидан чиққан йўловчи поезд 21 июнь, душанба куни Тошкент темир йўл вокзалига кириб келди. Бу сўнгги 30 йил ичида икки давлат пойтахтини бирлаштирган биринчи йўловчи поезд бўлди. Поезд қатнови икки давлат раҳбарлари ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли тўхтаб қолган эди. Андижон-Тошкент поездининг бир қисми Тожикистондан ўтгани учун, тожик расмийлари ушбу поездларни мамлакат ҳудудидан ўтишини тақиқлаб қўйгани боис, Ўзбекистон Қамчиқ довони орқали альтернатив темир йўлни қуришга мажбур бўлган.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати берган хабарга кўра, поезд қатновининг тикланиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилган. Унда Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Абдусамад Мўминов, Тожикистон транспорт вазири ўринбосари Шоҳиста Саидмуродзода ҳамда Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзодалар иштирок этишди.

Июнь ойининг бошида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Тошкентга расмий сафар билан келган, ва ўша сафар доирасида икки давлат президентлари Тошкент-Душанбе-Тошкент йўналишидаги поезд қатновини йўлга қўйиш ҳақида келишиб олишганди.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг билдиришича, поезд ҳар душанба куни Душанбедан йўлга чиқади ва сешанба куни Тошкентга етиб келади. Тошкентдан ҳафтанинг ҳар сешанба куни жўнаб кетиб, чоршанба куни Душанбега етиб боради. Икки пойтахт орасидаги масофа 916 километрга тенг бўлиб, поезд бу масофани 21 соатда босиб ўтади.
Тошкентдаги учрашув пайтида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ўша кунларда ўзбек-тожик чегаралари орқали 20 мингга яқин одамлар ўтиши ва бу самолёт ҳамда автомобиль қатнови тобора фаоллашиб бораётганини айтган.

Ўртача ҳисобда 500-600 йўловчига мўлжалланган поезд таркиби 10 вагондан иборат бўлиб, 4 купе, 5 плацкарт ва вагон-ресторандан иборат.
Халқаро йўловчи поезди қуйидаги шаҳарлар орқали ўтади: Душанбе-Қудуқли-Сариосиё-Қумқўрғон-Дарбанд-Деҳқонобод-Қарши-Самарқанд-Жиззах-Гулистон-Тошкент.
Бу янгилик Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий-сиёсий ва маданий алоқаларнинг тобора кенгайиб бораётганининг яна бир далили бўлди.

Оқбура, Бишкек.
Расмлар интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг