Қирғизистон-Тожикистон: Чегарада биру-бир, стадионда ҳам дуранг

Иккала терма жамоа ҳам футбол бўйича Осиё кубогининг финал ўйинларига йўлланма олишди.

Футбол бўйича Қирғизистон ва Тожикистон терма жамоалари ўртасида 14 июнда Бишкекда ўтган беллашувда дуранг натижаси қайд этилди. Шу билан Осиё кубогининг саралаш ўйинлари ниҳоясига етди. Ўйинлар натижасига кўра ўз гуруҳларининг ғолиблари финал ўйинларига йўлланма олишди.

Шу куни кутилмаганда Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яна қисқа низо бўлиб ўтди. Сабаби ноаниқ бўлган можарода томонлар бири-бирига қарши биттадан ўқ узишган. Икки давлатнинг чегара ишлари бўйич вакиллари учрашиб, кучайиб кетиши мумкин бўлган низонинг олди олинди. Қувонарлиси шуки, икки давлат чегарасида доимий равишда тутаб, баъзида ўт олиб турган жанжаллар футбол ўйинига салбий таъсир қилмади. Шу маънода Бишкекда ўтган қирғиз-тожик футбол ўйинида эски таъбир билан айтганда “дўстлик ғалаба қозонди”.

Жуда шиддатли, ҳаяжонли вазиятларга бой бу ўйинни 18 минг кишилик стадион тўла ишқибозлар томоша қилишди. Улар орасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров, парламент раиси Талант Мамитов, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ва бошқа амалдорлар бор эди.

Шуни айтиш керакки, ҳар икки жамоа ҳам келаси йили ўтадиган футбол бўйича Осиё кубогининг финал ўйинларига йўлланма олишган эди. Бу икки давлат тарихида биринчи бор қўлга киритилган ютуқ ҳисобланади. Тожикистон F гуруҳи пешқадами сифатида бу ғалабани муддатидан олдин қўлга киритган бўлса, Қирғизистон терма командаси ўз гуруҳида иккинчи ўринни олган жамоалар рейтингида ғолиб бўлди, яъни энг кўп – 6 балл тўплай олган эди.

Тожикистон ва Қирғизистон жамоалари олтитадан очко тўплаб, давра ўйинлари жадвалининг 1 ва 2 ўринларини эгаллаб туришганди. Ҳар икки жамоа иккитадан ғалабага эришган, фақат голлар нисбати тожикистонлик футболчилар фойдасига бўлгани учун улар биринчи ўринни эгаллаб туришган эди. Қирғизистон футболчилари давра ўйинлари давомида 4 гол уриб, битта гол ўтказиб юборишган бўлса, тожикистонликлар рақиблар дарвозасига жавобсиз беш гол киритишган.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Қирғизистон футболчилари Бишкекда ўтган беллашувларда мьянмаликларни 2:0 ҳисобида икки кун аввал эса Сингапур терма жамоасини 2:1 ҳисобида енгиб олган эди.

Осиё кубоги-2023

Совғага янги стадион

Садир Жапаров Қирғизистон футболчиларининг ечиниш хонасига кириб, уларни бу жуда муҳим ютуқ билан табриклар экан, уларнинг Осиё кубогида иштирок этиш билан боғлиқ барча сарф-ҳаражатлари ўз вақтида, тўлиғи билан ҳал қилинишини ваъда қилди. Шунингдек президент жорий йилнинг август ойидан бошлаб, Бишкекда 22,5 кишига мўлжалланган янги, замонавий стадион қурилиши бошланишини маълум қилди. Тўғри, унинг қаерда қурилиб, қачон фойдаланишга топширилиши аниқ эмас.

Бугун кунда мамлакатнинг пойтахтда жойлашган асосий стадиони бўлгани 18,5 кишига мўлжалланган ва жуда эскириб, хароб ҳолга келган. Шу сабабдан Садир Жапаров шахсан келиб томоша қилган ўйинлар давомида ишқибозлар шунга шама қилиб, “Садир, стадион!” деб бақириб туришган эди.

Кеча ўтган ўйинда эса чет эллик ишқибозлардан бири Али Салих Ифлазўғлу ҳам Садир Жапаровга бу муаммони эслатиб қўймоқчи бўлди. У жойида тик турган ҳолда халқ ўйинига тақлид қилиб, “Оқ терак, кўк терак, бизга стадион керак!” бақирган. Бу жонкуярлиги учун учун ўйиндан сўнг милиция ходимлари уни қўлга олишиб, тушунтириш хати ёздириб олишган. Бу ҳақда унинг таниши Адилет Али Миқтибек ижтимоий тармоқларда ёзган.

Қўшимча маълумот: Осиё кубоги-2023 саралаш ўйинларининг учинчи давраси олти гуруҳда ўтиб, ҳар гуруҳда тўрттадан жамоа бор эди. F гуруҳида Қирғизистон, Тожикистон, Сингапур ва Мьянма давлатлари футбол жамоалари иштирок этишди. Номлари биринчи аталган икки илғор жамоа Осиё кубогининг финал ўйинларида иштирок этишади.

Бунгача Эрон, Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Ливан, Ироқ, Сурия, Сауд Арабистони, Япония, Австралия, Уммон, Вьетнам, Хитой ва Қатар давлатлари Осиё кубогининг финал ўйинларига йўлланма олишган эди.

Финал ўйинлари 2023 йилнинг 16 июнида Хитойда бошланиши керак эди. Лекин Хитой мамлакатдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ оғир эпидемиологик вазиятни ҳисобга олиб, бу имкониятдан воз кечгач, ҳозирча ўйинларнинг қаерда ўтиши ноъмалум. Бу ҳақда Халқаро футбол федерацияси жорий йилнинг кузида қарор қабул қилиши кутилмоқда.

Осиё чемпионати 1956 йилдан бери ҳар тўрт йилда бир ўтказилади. Шу давр мобайнида Япония 4 марта, Саудия Арабистони ва Эрон уч мартадан Осиё кубогини қўлга киритишган. Жанубий Корея икки марта, Исроил, Қатар, Австралия ва Қувайт бир мартадан чемпионлик нашидасини суришган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг