Улар “оппоқ” эмас! Чегара постида уч ҳарбий коррупцияда шубҳаланиб қўлга олинди

Чегара хизмати ва маҳаллий ҳокимият доимо чегара постидаги қонунбузарликларни инкор қилиб келишади.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасидаги энг йирик “Достук” (“Дўстлик”) постида коррупцияга аралашганликда шубҳаланиб, уч ҳарбий ҳибсга олинди. Бу ҳақда «Озодлик» радиоси маълум қилди.

Улар билан бирга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бир ходими, санитария-карантин пунктининг собиқ раҳбари ҳамда коррупция ишларида ўртамчилик қилган икки киши ҳам қамоққа олинган. Уларнинг ҳаммаси суд қарори билан 24 июнга қадар, яъни тергов давомида ҳибсда ушлаб туриладиган бўлди.

Ҳибсга олинган еттовлон “Достук” пости орқали чегарадан ўтаётган фуқаролардан доимий равишда қонунсиз равишда пул олиб туришган деб айбланмоқда.

Номи тилга олинган чегара постидан кунига минглаб икки қўшни давлатларнинг фуқаролари ва чет элликлар ўтиб туришади. Кўп йиллардан бери бу постда хизмат ўтаётган чегарачилар, божхона ва тиббиёт ходимлар ишига нисбатан оддий фуқаролардан тортиб, таниқли сиёсатчилар томонидан ҳам эътирозлар айтилиб келган.

Жумладан, яқинда Қирғизистон парламенти депутати Алишер Козуев ушбу чегара постида айрим қирғиз чегарачиларининг одамлардан ноқонуний пул олаётганини айтиб чиққан эди. Халқ вакили постнинг Қирғизистон томонида “тушунарсиз одамлар монополия тузиб олишгани, уларга қарашли таксичилар ва маршрутка ҳайдовчилари йўлкира 200 сўм бўлган жойга йўловчилардан 2 минг сўмдан 5 минг сўмгача талаб қилишларини айтган.

“Бунга қараб туриб, уяласан”, – деди Алишер Козуев. Лекин чегара хизмати ва Ўш вилояти ҳокимлиги бундай айбловларни инкор қилиб келишган. Вилоят раҳбари ҳатто постга маҳаллий журналистларни таклиф қилиб, у ерда ходимларнинг “қанчалик ҳалол ва сидқидилдан ишлашаётганини” намойиш қилган.

Депутат Қозуевнинг сўзларидан сўнг чегара хизмати яна раддия тарқатиб, депутатдан айтилган муаммолар бўйича “фактлар келтиришни” сўраган. Фактлар эса интернет тармоғида етарлича эълон қилиб турилади. Гап фақат уларни холис текшириб, қонуний чора кўришда қоляпти, холос.

Бир йил аввал «Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати Ўзбекистон фуқароларининг чегарадаги юлғичликлар ҳақида Қирғизистон президентига мурожаат қилишгани ҳақида ёзган эди. Бу ҳақда видео ҳам тарқаган. Шундан сўнг Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматига қарашли бир қатор юқори лавозимли шахсларнинг ҳибсга олинганини маълум қилган. Улар орасида Чегара хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари ва Ўш вилояти бўйича бошлиғи ҳамда “Достук” постининг раҳбари бўлган.

Кўриниб турибдики, ҳатто юқори лавозимдаги шахсларнинг қўлга олиниши ҳам (тўғри, уларнинг тақдири кейин нима бўлгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ) муаммони ҳал қила олмаяпти. Чунки бундай коррупцияга қарши кураш доирасидаги қўлга олишлар кўпинча яна коррупция билан тугалланади. Яъни, қўлга олинганлар маълум пул эвазига ёки каттароқ лавозимдаги танишларининг ёрдами билан жавобгарликдан қутулиб қолишади. Маълум вақт ўтгандан кейин эса, қарабсизки, қўлга олинганлар яна ўз хизматларига қайтиб (бошқа вилоят ёки шаҳарда), ўзларининг қора ишларини давом этдираверадилар. Демак, муаммонинг ечими бу ерда ҳам давлат ташкилотлари ишини ошкора юритишни таъминлаш, уларнинг фаолиятини рақамлаштириш ва фуқаролик назорати ўрнатишда экани ойдай равшан бўлиб турибди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди. Мақолага бевосита даҳлдор эмас

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг