Қирғизистон: Жосусликда айбланаётган сиёсатшунос касалхонада вафот этди

Бир кун аввал у қамоқхонадан “Тез ёрдам” машинасида касалхонага келтирилган эди.

Шаҳар клиник касалхонасининг бош врачи Ақилбек Мусаевнинг “24.kg” маълумот агентлигига маълум қилишича, уни касалхонага бехуш ҳолда олиб келишган. Текширувлар натижасига кўра беморга “геморрагик инсульт” деган ташҳис қўйилган. Аҳволи оғир бўлгани боис уни сунъий нафас олиш аппаратига улашган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг апрелида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси давлатга хиёнат қилишда айбланаётган икки кишини ҳибсга олганини маълум қилган. Кейинроқ улардан бири таниқли сиёсатшунос Марат Қазақпаев, иккинчиси – Қирғизистондаги қозоқ диаспорасининг собиқ раҳбари Марат Токтоучиков экани маълум бўлган.

Сиёсатшуноснинг иши май ойида судга ўтказилган эди. Ҳибсга олинганларнинг қайси даврда ва қайси давлат фойдасига ишлашгани ҳақида ҳанузгача расмий маълумот берилмаган. Қазақпаевнинг ўзи ва адвокати унга қўйилган айбловларни инкор қилиб келишаётган эди.

Терговнинг охирги ойлари давомида қамоқда сақланаётган Қазақпаев соғлигининг ёмонлашганидан шикоят қилиб келган.

“Туни билан унинг аҳволи беқарор бўлиб турди. Тиббий ходимлар унга қон босимини ушлаб турувчи дорилар бериб туришди. Лекин унинг қон босими паст бўйича қолаверди…”, – деган Мусаев.

Кўрилган чораларга қарамай, бугун соат 13.00 дан ўтиб сиёсатшуноснинг юраги тўхтаб қолган. Бир кун аввал қариндошлари унинг аҳволи оғирлашиб, комага тушиб қолгани ҳақида хабар қилишган эди.

Марат Қазақпаев мамлакат телеканалларида тез-тез чиқиб турар, журналистларнинг саволларига жавоб тарзида мамлакатдаги сиёсий воқеаларга ўз баҳосини бериб, шарҳлаб келарди. Уни турли вақтларда ким ҳокимиятга келса ўшанинг фойдасига гапиришда айблаб келишган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг