Президент Садир Жапаров: Бу фожиа кўп нарсаларга кўзимизни очди…

Юртбоши мамлакатда миллий сиёсатни амалга оширишда ўта эҳтиёткорлик зарурлиги таъкидлади.

Бугун, 10 июн куни Қирғизистон Республикасининг президенти Садир Жапаров фожиали “июн воқеалари”нинг 12 йиллиги муносабати билан мамлакат халқига мурожаат қилди. Қуйида ушбу ҳужжат матнини тўлиғича ҳавола қиламиз.

Қирғизистон Республикасининг президенти Садир Жапаров июн воқеаларининг 12 йиллиги муносабати билан мамлакат халқига мурожаати

“Қадрли қирғизистонликлар!

Ҳурматли узоқ ва яқинда юрган ватандошлар!

Етти вилоят эли бор, етти бетакрор ери бор Ватанимиз Қирғизистон бошидан не-не кунларни кечирмади. Халқимиз қандайгина замонларни, нима деган қийин, эл тақдирини ҳал қилувчи кунларни кўрмади. Мана шуларнинг барчасидан буюк қадриятларнинг, урф-одатларнинг, мустаҳкам бирликнинг шарофати билан, бузилмас бирдамлик туфайли сақланиб келмоқдамиз.

Мустақилликка эришгандан бери ўтган 30 йил давомида ҳам тарихнинг оғир синовларидан четлаб ўта олмадик. Улардан бири 2010-йилги фожиали июн воқеаларидир.

Азалдан кўп миллат вакиллари истиқомат қилиб келаётган, уч минг йилдан ортиқ тарихга эга, қадимий ва навқирон Ўш шаҳри, ёшлар шаҳри номини олган, кенг Жалолобод шаҳрида ташқи кучлар, ички айирмачилар – мамлакатимиз келажагига ҳасад қилаётган душманлар бизни бўлиб пароканда қилишга ҳаракат қилишди. Мана шу кучлар давлат келажаги учун эмас, ўз манфаатларини кўзлаб, жамиятда миллатлараро адоватни қўзғатувчи ёлғон маълумотларни тарқатиб, бирдамлигимизни бузиб, ёнма-ён яшаётган икки халқ орасига нифоқ солишди. Қон тўкилиб, оналар бўзлади, оталар йиғлади, болалар етим, аёллар бева қолди. Энг хавфлиси, Ватанимизнинг яхлитлигига путур етказган фожиага дуч келдик.

Бироқ кўҳна тарихда бундан ҳам оғир, бундан ҳам машаққатли тақдирларни бошидан кечирган халқимизнинг мардлиги, бағри кенглиги, донишмандлиги, саховати ва сабри ўртада аланга олган оловни ўчириб, яхлитлигимизни сақлаб қолди. Тинч ҳаётни тиклаш ва барқарор ривожланиш йўлига киришнинг мислсиз намунасини кўрсатди. Халқимизнинг ўзга хос бу олижаноб фазилатини, қадриятларининг қадрига етишимиз керак!

Биз ҳар йили ўша фожеада ҳалок бўлганларни ёдга оламиз, Яратгандан уларга жаннатдан жой беришини сўраймиз.

Қирғиз халқи ёрдам қўлини чўзганларни ҳеч қачон унутмайди. Ўша оғир кунларда мамлакатимизни қўллаб-қувватлаган барча томонларга, халқаро ҳамжамиятга миннатдорчилик билдирамиз. Жабрланганларга кўрсатган ёрдами учун бутун юртимизга миннатдорчилик билдирамиз.

Мана шу фожиали воқеа бир жойда яшаётган барча миллат вакилларининг бирдамлиги барча нарсадан устун эканини яна бир бор исботлади, деб ўйлайман. Бу офат кўп нарсага кўзимизни очиб, юртнинг бирдамлигига дахли бўлган ҳар бир ҳаракатларимизда эҳтиёткор бўлишимиз кераклигини яққол тасдиқлади. «Мен қирғизистонликман!» деб фахрланган ҳар бир фуқарога юрт учун масъул эканлигини ҳис қилдирди.

Бу кун бизга қонли қирғинни эслатиш билан биргаликда, бундан кейин дўстлик-бирдамлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш бурчини эслатиб туради! Энг аввало, келажак авлодлар учун қудратли ва ривожланган Қирғизистонни барпо этиш – зиммамиздаги муқаддас фарз эканлигини ҳис қилдириб туради!

Мамлакат раҳбариятининг диққат марказида ҳар доим миллатлар ўртасида бирдамлик ва миллатлараро тотувликни муҳофаза қилиш масаласи бўлиши керак. Мамлакатимизда миллий сиёсатни юзага оширишда жуда эҳтиёткор бўлиш зарур!

Қирғизистонда қайси миллатнинг вакили бўлишидан қатъи назар – ҳаммамиз барча миллатларнинг маданияти, урф-одатлари, анъаналарига эҳтиёткор бўлишимиз кераклигини сира унутмаслигимиз керак.

«Аҳил халқнинг ризқи баракали бўлади”, дейди халқимиз, бундан кейин низоларни олдини олиш учун миллатларни бирлаштирувчи умумий ғоя ёшларни бағрикенглик руҳида тарбиялашда йўналиш бўлиши зарур. Қирғизистоннинг қизил байроғи остида бошимизни бирлаштириб, юртимизни олға суришимиз зурур!

Қирғизистондаги тинчлик ва фаровонликни ўзимиздан бошқа ҳеч ким таъминлай олмайди.

Яратган эл-юртимизни қўллаб қувватласин! Йўлимизни очиб, аҳиллик, барака берсин!»

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрелида преидент Садир Жапаров июн фожиалари билан боғлиқ материалларни қайта кўриб чиқиш ҳақида фармон чиқарган. Унга кўра бир қатор собиқ ва ҳаракатдаги катта амалдорлар сўроқ қилиниб, 5-6 нафарига айблов эълон қилинди. Улар орасида собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам бор. Яқинда ишнинг судга ўтказилиб берилиши кутилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм президентнинг расмий сайтидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг