Ўш-Самарқанд: Дўстлик ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик янада кучаяди

Ўш давлат университети педагоглари Самарқанддаги ҳамкасблари билан дийдорлашиб қайтдилар.

Янги ўқув йилининг бошланиши арафасида Ўш давлат университети қошидаги Саноат-педагогика коллежи директори, доцент Олжабой Шаимқулов бошчилигидаги бир гуруҳ педагоглар қўшни Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳридаги Шароф Рашидов номли Самарқанд давлат университетига ташриф буюришди.

Самарқанд давлат университетининг филология факультети профессор ўқитувчилари билан бўлган ўзаро учрашувда Алишер Навоий ижодининг Қирғизистонда ўрганилиши, диалектология, яъни шевашунослик фанининг ўқитилиши каби бир қатор масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Учрашувда Самарқанд давлат университети талабалари ҳам иштирок этишиб, ўзларини қизиқтирган турли саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Учрашувда икки ўқув жойи ўртасидаги илмий, таълим йўлидаги алоқалар, тажриба алмашиш, ўзбек ва қирғиз тилларининг солиштирма анализи каби масалалар кўрилди. Бу ишлар асосий мақсад – ўзаро дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришга қаратилган.

Олжабой Шаимқуловнинг сўзларига кўра, бундай ташрифлар Самарқанд давлат университети билан Ўш давлат университети ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик ҳақида меморандум асосида амалга оширилмоқда.

“Келажакда бизнинг асосий мақсадимиз иккала университет профессор ўқитувчилари, талабалари орасида узвий илмий, таълимий алоқалар ўрнатамиз, деган ниятдамиз. Яна бир масала, бизнинг коллежда ўзбек тили ва адабиёти ҳам ўқитилади, талабаларни академик ёндашув билан алмашиб ўқитиш ниятимиз ҳам бор”.

Меҳмонлар Самарқанд давлат университети фаолияти билан яқиндан танишдилар, Самарқанд шаҳрининг тарихий жойларини зиёрат қилдилар.

Ўш давлат университети қошидаги Саноат-педагогика коллежи Қирғизистондаги ўзбек тилида ҳам таълим берувчи кам сонли ўқув даргоҳларидан бири ҳисобланади.

2017-йилнинг 30-августида Гуманитар-педагогика коллежи сифатида очилган билим даргоҳи бир йил ўтмай, Саноат-педагогика коллежи этиб тасдиқланди. 2011 йилда биринчи бор “Бошланғич синфларда дарс бериш” мутахассислиги бўйича ўзбек гуруҳи очилиб, унга 25 нафар ўзбек ўқувчилари қабул қилинган.

Самарқанд давлат университетидаги учрашувдан лавҳа

Коллежда ҳозир 2 мингга яқин турли миллат вакиллари таълим олмоқда. Коллежга 9 ва 11 синф битирувчилари бошланғич синфларда ўқитиш, мактабгача таълим, компьютер техникаси ва амалий информатика, дизайн ва моделлаштириш каби мутахассисликларга қабул қилинади.

Коллеждаги “Бошлангич таълим “ ва “Мактабагача  тарбия” мутахассисликлари бўйича ўқиш кўп тиллик таьлим ва тарбия йўналишида олиб бориляпти. Жорий йилдан уч тилдаги мактаб учун мутахассис тайёрлаш бошланади.

Ўқув масканида ўқув таълим ишларидан ташқари жуда кўп байрам тадбирлари, кечалар, жумладан ўзбек тилида ҳам ўтказилиб турилади. Яқинда “Адабиёт гулшани” номли кеча уюштирилиб, унда коллеж директори Олжабой Шаимқулов ҳам иштирок этди.

Қирғизистондаги барча миллат вакиллари орасидан глобаллашув даври талабларига ва тез ўзгариб бораётган дунё шароитларига жавоб берадиган мутахассислар етказиб беришни коллеж ўзининг асосий вазифаси деб билади. Ўқувчиларда фуқаролик позициясини, ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик туйғуларини ошириш, ўқиш ва ҳаётга бўлган маъсулиятни, ижодий муносабатни шакллантириш коллеж ўқитувчиларининг олдига қўйган мақсадлари ҳисобланади.

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш.

Расмлар коллеж томонидан тақдим этилди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг