Осиё кубоги: Қирғизистон Бишкекда Сингапурни 2:1 ҳисобида енгди (видео)

Президент Садир Жапаров маҳаллий футболчиларни қўллаш учун стадионга келди.

Футбол бўйича Қирғизистон терма командаси Осиё кубоги-2023 саралаш ўйинлари доирасида Сингапур командасини 2:1 ҳисобида енгиб олди. Гарчи биринчи голни меҳмонлар киритишган бўлсада, қирғизистонлик футболчилар ўзларини йўқотиб қўймадилар ва рақиблар дарвозасига кетма-кет иккита тўп киритиб, уларни доғда қолдиришди.

Қирғизистонлик футболчиларни қўллаб-қувватлаб туриш учун стадионга президент Садир Жапаров, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва бошқа амалдорлар ҳам келишди.

Осиё кубогининг саралаш ўйинлари олти гуруҳда, ҳар гуруҳда тўрттадан жамоа мавжуд.

F гуруҳида Қирғизистон, Тожикистон, Сингапур ва Мьянма давлатлари футбол жамоалари иштирок этишмоқда. Гуруҳда ҳозирча Тожикистон терма жамоаси пешқадамлик қилмоқда. Тожикистонликлар бир кун аввал Мьянма жамоасини 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратишган. Қирғизистон иккинчи ўринда.

Қирғизистон футболчилари гол ургандаги қувончли онлар.

Бу давра ўйинлари натижасига кўра гуруҳ ғолиби бўлган жамоалар кейинги даврага ўтишади. Финал ўйинлари келаси йили ўтказилади.

Шу куни қўшни Ўзбекистон терма жамоаси Шри Ланка футболчиларини 3:0 ҳисобида енгиб, ўз гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. Қозоғистон жамоаси саралаш ўйинларининг дастлабки босқичларида натижасиз ўйин кўрсатиб, бу давра ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини бой берган.

Энди 11 июнда Қирғизистон Мьянма билан, Тожикистон эса Сингапур билан ўйнайди. Ўзбекистон Мальдив ороллари футболчилари билан куч синашади.

Осиё чемпионати 1956 йилдан бери ҳар тўрт йилда бир ўтказилади. Шу давр мобайнида Япония 4 марта, Саудия Арабистони ва Эрон уч мартадан Осиё кубогини қўлга киритишган. Жанубий Корея икки марта, Исроил, Қатар, Австралия ва Қувайт бир мартадан чемпионлик нашидасини суришган.

Оқбура, Бишкек.

Суратлар ва видео интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг