Офат чекинди, чегаралар очилмоқда

Туркий давлатлар чегарадаги коронавирус билан боғлиқ чекловларни бирин-кетин бекор қилишмоқда.

Ўзбекистон 10 июндан бошлаб мамлакатга келаётганлар учун коронавирус пандемияси билан боғлиқ барча чекловларни бекор қилади. Меҳмонлардан энди ПЗР тести ёки эмлангани ҳақидаги сертификат талаб қилинмайди.

Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги берган маълумотга кўра, бу ҳақда республика махсус комиссияси қарор қабул қилган. Яъни 10 июндан бошлаб туристлар Ўзбекистонга ҳаво, темир йўл вокзаллари ва бошқа чегара ўтказиш пунктлари орқали бемалол киришлари мумкин.

Ушбу қарор Ўзбекистонда коронавируснинг тарқалиш динамикаси, касалхонага ётқизилган ва чиқарилган беморлар сони, карантинга олинган фуқаролар сонининг ижобий ўзгариши, шунингдек, мамлакатдаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган.

Маълумот ўрнида: бутун пандемия даврида Ўзбекистонда коронавирусни юқтирганлар 239 мингда кўпроқ бўлиб, касалликдан 1637 вафот этган.

Бугун, 8 июндан тортиб, Қозоғистонга киришда ҳам ПЗР тести ёки эмлангани ҳақидаги ҳужжат талаб қилинмайди. Қарор Қозоғистон фуқаролари ва ҳорижий фуқароларга ҳам бирдек тааллуқли. Шунингдек, мамлакатнинг 7 та вилоятидаги вақтинча ёпилган 12 автомобил чегара ўтказиш пунктларининг иши қайта тикланмоқда.

Шу кунга қадар Қозоғистонда 1 300 мингдан ортиқ коронавирус юқиши ҳолатлари аниқланган ва салкам 14 минг киши бу касалликдан вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, бундай қарорни минтақа давлатлари орасида биринчи бўлиб Қирғизистон қабул қилган эди. Чегарадан эркин ўтиш ҳолати бу ерда 1 апрелдан бошлаб жорий этилган. Қирғизистон Республикаси бўйича коронавирусни шу кунгача юқтирганлар сони 200 мингдан ошган ва ўлим ҳолати қарийб 3 мингга етган бўлсада, охирги ойларда коронавирус юқтирилган ҳолат еярли қайд этилмай қолган.

Туркийзабон давлатларнинг энг қудратлиси бўлган Туркия чегарадан коронавирус бўйича текширишларсиз кириш ҳолатини 1 июндан бошлаб  эълон қилган. Номи тилга олинган туркий давлатларнинг ўзгачалиги уларнинг иқтисодиётида туризм алоҳида ўрин тутади. Айрим фикрларга кўра, бу давлатларда пандемиянинг эрта чекинишига сабаб исломий турмуш тарзи ва анъаналарига риоя қилиниши бўлган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг