Алло! Қабул қилинган ўзаро битимлар ўз кучида, аниқ натижаларга эришиш зарур

Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ўзаро ҳамкорлик икки қардош халқ манфаатларига мос эканини қайд этдилар.  

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 май куни телефон орқали суҳбатлашдилар. Бу ҳақда икки давлат президентларининг матбуот хизматлари хабар қилдилар.

Мулоқот чоғида икки томонлама муносабатларнинг кўплаган йўналишлари муҳокама қилинди. Икки давлат раҳбарлари Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва чуқурлаштириш икки халқнинг туб манфаатларига мос келишини таъкидладилар, дейилади Қирғизистон президенти матбуот хизмати тарқатган маълумотда.

Томонлар ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик фаоллашгани, жумладан, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ортганини мамнуният билан қайд этдилар. Ўзбекистон президенти матбуот маркази тарқатган хабарга кўра йил бошидан бери ўзаро товар айирбошлаш 30 фоизга ошган.

Бунгача давлат раҳбарлари ўзаро товар айирбошлаш кўламини 1 млрд. долларга етказиш хусусида келишиб олишган эди.

Қирғизистон билан ўзаро савдо қилишда Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида (қарийб 500 млн. доллар) тўртинчи ўринда туради. Биринчи ўринда Россия (2 285 млн. доллар), иккинчи ўринда Хитой (1 528 млн.) ва учинчи ўринда Қозоғистон (1 060 млн.) туради.

Ўзбекистон президенти матбуот маркази президентларнинг бешта муҳим йўналиш – Давлат чегарасига оид масалаларда, савдо-сотиқ ҳажмини кўпайтириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, транспорт ва энергетика соҳаларида қўшма инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш борасидаги амалий ҳамкорликда аниқ натижаларга эришишга алоҳида эътибор қаратилганини қайд этди.

Икки давлат раҳбарлари яқинда ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви кун тартибини ҳар томонлама тайёрлаш муҳимлиги эътироф этишди. Етакчилар бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.

“Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқлик, ишонч ва дўстлик руҳида ўтди”, дейилади Ўзбекистон президенти матбуот маркази тарқатган маълумотда.

Бунгача, 17 майда, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев  Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов билан учрашган.

Унда икки давлат махсус хизматлари раҳбарлари Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти, Олабуқа  туманидаги чегаранинг мувофиқлаштирилмаган Ғовасай қисмини вертолётда текширишди.

Чегарани аниқлаш борасида олиб борилган ишлар натижасида икки давлат чегараси аниқ таърифланиб, демаркация қилишга тайёрланмоқда.

Икки давлат ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Унинг 1170 километри 2017 йилдаги битим билан ратификация қилинган. Ўтган йилнинг мартида Қамчибек Ташиев икки давлат ўртасидаги чегара масалалари “100 фоиз ҳал бўлганини” маълум қилган.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расм Ўзбекистон президенти матбуот маркази сайтидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг