Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилишида Қирғизистоннинг улуши қандай?

Қирғизистон темирйўл транпортини ривожлантиришга қарор қилди. Гап пул топишда қолди.

Қирғизистон вазирлар маҳкамаси кеча, 21 май куни мамлакат темирйўл транпортини ривожлантиришнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган асосий йўналишларини белгиловчи қарор қабул қилди.

Бош вазир Ақилбек Жапаров бу соҳанинг вазирлар маҳкамаси фаолиятининг устивор йўналишларидан бири эканини айтиб, жорий йилнинг кузида “давлат мустақиллиги тарихида энг кўламли бўлган лойиҳа” – Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланишини маълум қилди.

Ушбу темирйўл қурилиши ҳақида дастлаб 1996 йилда айтилган. Ўшанда Хитой ўз ҳудудида Корла ва Қашғар шаҳарларини боғловчи Жанубий Синцзян темирйўл магистрали қурилишини бошлаганини маълум қилган эди. Орадан бир йил ўтиб, уч давлат вакиллари Тошкент ва Бишкекда Қашғар-Ўш-Андижон темир йўлини қуриш бўйича ҳамкорлик ҳақидаги меморандум ва биргаликдаги ишчи комиссиянинг биринчи протоколини имзолашган.

Кейинги уч йил ичида Хитой Урумчи ва Қашғар шаҳарларини бирлаштирувчи қарий 1000 километрлик Жанубий Синцзян темирйўл магистрали қурилишини битириб, 2000 йили ишга туширди. Бироқ уч давлат ўртасида қурилажак темирйўл бўйича ишлар қоғозда қолиб кетаверди. Бунга қисман Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара баҳслари сабаб бўлаётган эди.

Ушбу темирйўл қурилиши юкларни Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга, ундан нари уч давлат юкларини Яқин Шарқ давлатларига, жумладан Туркияга, ва оқибат натижада Европа Иттифоқи давлатларига етказиб бериш имконини берган бўларди. Шу сабабдан ушбу лойиҳа бўйича музокаралар 2021 йилда яна жонланди. Ана шундай музокаралар чоғида Ўзбекистон ушбу магистралнинг айрим участкаларини лойиҳалаш ва қуришда иштирок этишга тайёр эканини маълум қилди. Лойиҳа жуда қиммат бўлгани боис асосий бунгача молиялаштириш масаласини Хитой ўзига олган эди. Қирғизистоннинг эса бунга молиявий улуш қўшишга имкони йўқ ва бўлмаган. Демак, яна қарз олиш керак…

Ушбу лойиҳа жуда катта стратегик аҳамиятга бўлиб, келажакда катта геосиёсий ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Чунки янги магистрал қурилиши Марказий Осиё давлатларининг Россияни четлаб ўтиб, Европага, арзон денгиз йўлларига чиқишига йўл очади. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон юк жўнатувчилари Қозоғистон ва Россия ҳудудида йўл олислигидан ташқари бошқа яна турли муаммоларга дуч келяптилар. Шу сабабли бу лойиҳа тақдирини ғарб давлатларида ҳам қизиқиш билан кузатишяпти.

Идораси АҚШ пойтахти Вашингтонда жойлашган “The Diplomat” онлайн нашрининг қайд этишича, Ўзбекистон жаҳон транспорт ва савдо йўлларига уланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Яқинда Пекинда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) йиғилишида «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси» тақдим этилди. Унга кўра, Ўзбекистон учун Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси муҳим ўрин эгаллайди. Хитойнинг Ланчжоу шаҳрини Тошкент билан боғловчи йўлнинг умумий узунлиги қарийб 4 400 километрни ташкил қилади. Ушбу темир қурилса, юклар Тошкентдан Қирғизистоннинг Ўш шаҳри орқали Хитойнинг Ланчжоу шаҳрига етиб боради.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу темир йўлнинг аҳамиятига катта эътибор бермоқда. Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари вакиллари ана шу темир йўл қурилиши билан боғлиқ масалалар борасида келишувга эришилганини эълон қилишди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашиб, ушбу лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш истагини билдирди.

“The Diplomat” шуни ҳам эътироф этадики, ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, Ўзбекистоннинг юклари нотинч Афғонистонни четлаб, Хитой орқали Покистонга ҳам ўтиши мумкин бўлади.

Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси Ўзбекистоннинг тижорий ва савдо йўналишларини кенгайтириш борасидаги интилишларига мос келади. Гарчи икки давлат чегарадош бўлмаса-да, Ўзбекистон «Бир камар, бир йўл» учун муҳим ўрин тутади. Айниқса, Украинадаги уруш ва Россияга қарши киритилаётган иқтисодий, молиявий санкциялар туфайли бу ҳамкорликнинг аҳамияти янада ортмоқда. Чунки ана шу санкциялар туфайли Россия билан алоқа қилиш тобора қийинчилик туғдирмоқда.

Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори бўлиб, 2021 йилда ўзаро савдо ҳажми 7,5 миллиард долларни ташкил этган. Хитой билан Ўзбекистоннинг ўзаро савдо кўлами эса 7,4 миллиард доллардан бир оз кўпроқ бўлган.

“The Diplomat” нашрида эълон қилинган мақолада айтилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон Россиянинг “Газпромбанк”, ВТБ, ВЭБ ва бошқа банкларидан йирик иқтисодий лойиҳалар учун катта миқдорда кредит олган. Россияга қарши киритилаётган санкциялар туфайли бу маблағлар келмай қолиши мумкин. Ушбу бўшлиқни тўлдириш учун Хитой билан ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқ.

Хитой бераётган кредитларнинг бошқа давлатлар учун таваккалчилиги жуда юқори эканига урғу берган нашрнинг фикрича, “агар Ўзбекистон минтақавий транзит хабига айланиб, ўз иқтисодий қудратини оширмоқчи бўлса, хорижий ҳомийга қарамликни камайтириш учун бошқа давлатлар йўл қўйган хатолардан эҳтиёт бўлиши, ва турли молиявий “тузоқ”ларни олдиндан кўра билиши керак”.

Албатта, бу огоҳлантириш молиявий-иқтисодий салоҳияти Ўзбекистонга қараганда анча заиф бўлган Қирғизистонга ҳам тегишли. Шу йилнинг февралига кўра, мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 5 миллиард доллардан ошди. Бу қарзнинг 40 фоиздан ортиғи, яъни деярли 2 млрд. доллари Хитойга тўғри келади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг