Германия-Қирғизистон: Қашшоқларга уй қурсанг, қарзингдан кечаман!

Германия Қирғизистоннинг қарийб 15 миллион евро қарзидан кечишга тайёр. Фақат бир шарти бор экан…

Қирғизистон парламенти депутати Дастан Бекешев ўзининг телеграм каналида 15 май куни берган хабарга кўра, Германия Қирғизистоннинг қарийб 15 миллион евро қарзидан кечишга қарор қилган. Депутат шуни ҳам маълум қиладики, бугун бу ҳақдаги битим лойиҳаси Бекешев аъзо бўлган Бюджет қўмитасида муҳокама қилинади.

“Эзгу қалблари сабабми, ёки бизнинг қашшоқлигимизни ҳисобга олибми, Германия бизнинг 14 миллион 900 минг евро [давлат] қарзимизни кечишга қарор қилди”, деб ёзади халқ вакили. Унинг айтишича, қарздан кечиш маълум шарт асосида амалга оширилади.

“Қарздан кечишдан биз қандайдир сабоқ олишимизга ақли етган немислар бу маблағни икки йил давомида кам даромадга эга бўлган қирғизистонликларга ипотека (кредит) қарзларини беришга йўналтиришни сўрашяпти” – дейди Бекешев.

Дастан Бекешевнинг ёзишича, таклиф қилинаётган битимга кўра, Қирғизистон молия вазирлиги ҳар саккиз ойда (уч маротаба) Давлат ипотека компаниясига деярли 5 миллион евродан бериб туради. Ипотека компанияси эса бу маблағни ипотека беришга йўналтириб, ундан олинадиган фоизларни ўзига олади. Ипотека қарзларини бериш Бишкек ва Ўш шаҳри аҳолисидан ташқари барча фуқароларга берилиши кўзда тутилган.

Депутат бу сахийлиги учун Германияга миннатдорчилик билдирган.

Бу хабар одатдагидай одамлар орасида салбий муҳокамани пайдо қилди. Чунки, аҳоли орасида давлат муассасаларига ишонч жуда кам.

Масалан, Кристина исмли телеграм фойдаланувчиси “Албатта, вазирлар ва депутатлар қариндошларининг даромади кам бўлиб чиқади. Доимгидай”, деб ёзса, “Ач” номли фойдаланувчи депутатдан қўшимча маълумот бериб туришни сўраган.

“Дастан, сал кейинроқ битим кучга киргандан сўнг ва пуллар Ипотека компанияси ҳисобига тушгач, фуқаролар учун ўша ипотека қарзини олиш шартларини эълон қила оласизми? Эҳтимол шунда нимадир кўзланган мақсадга етиб борар”, деб ёзади “Ач”.

Қирғизистоннинг ташқи қарзи 2021 йил охирига келиб, деярли 5 млрд. 150 миллион долларни ташкил қилган. Жорий йилнинг январи охирида бу кўрсаткич $4 млрд 290 млн. долларга тушган. Шу вақтнинг ўзида ўша қарзларни узиш учун давлат 2022 йилда яна 360 миллион 441 минг доллар қарз олишни режалаштирган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг