Қиморнинг хумори: Қирғизистон яна қиморбозлар ўлкасига айланадими?

Бир неча йиллик қонуний тақиқдан сўнг мамлакатда яна казиноларни очишга рухсат берилиши мумкин.

Шуни айтиш лозимки, Қирғизистонда 10 йил аввал жамоатчилик ва айрим жамоат арбобларининг талаблари асосида ёпилган қиморхоналарни қайтадан очиш масаласи “юқорида” деярли ҳал бўлган. Бироқ “паст томонда” бунга нисбатан қаршиликнинг кучайиши кутилмоқда.

Ўлган илоннинг бошини қўзиш кимга керак?

Бир йилдан бери, аниқроғи 2015 йилдан бери қайта кўтарилиб келаётган бу масала ҳақида Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаровнинг шу йил март ойи охирларида айтган гапларидан маълум бўлдики, казиноларни қайта очиш ташаббуси вазирлар маҳкамасига тегишли. Президент эса уни қўллайди.

Қирғизистонда казинолар кенг жамотчиликнинг талаби билан мамлакатда ўтказилган қатор митинглардан кейин 2012 йили ёпилган. Сабаби, ўшанда кўплаб эркаклар казинода пулларини ютқазиб қўйиб, қарзга ботиши туфайли юзлаб оилалар қашшоқликка маҳкум бўлиб, ажрашишларга сабаб бўлаётган эди. Айрим ҳолларда иш ютқизган аҳмоқнинг ўз жонига суиқасд қилиши билан ниҳоя топган. Камига казиноларга ёшлар ва ҳатто болалар ҳам тортила бошлаган эдилар.

Психологлар қимор ҳам гиёҳванд моддалар каби одамни ўз домига тортиб кетиши, қиморга бир ружу қўйган одам унинг чангалидан чиқа олмай қолиши, бор-йўғини сотиб, ютқазиб бўлган бўлса ҳам қимордан воз кеча олмай қолишини айтиб, бонг уриб келишади. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса, ўз мулки, ҳатто уйларини қиморга ютқазиб, аёли болалари билан кўчада қолган ҳолларни ошкор қилишган. Ҳатто ўз аёлини қиморга тикиб, ютқазиб қўйган ҳолатлар ҳам бўлгани айтилади.

Фуқаролик жамияти ниятига етиб, бу ғалабани нишонлаб ҳам улгургандан кейин орадан 2-3 йил ўтиб, улкан даромад келтирувчи қиморхоналарни қайтадан очишга уринишлар бошланган. Бунинг тарафдорлари, аслида ўзларининг мўмай даромадлари ҳақида қайғурсаларда, казиноларнинг давлат бюджетига улкан ўлчамда солиқлар тушишини рўкач қилиб келишади.

Ташаббусни қўлловчилардан бири, Қирғизистон Миллий банкининг собиқ раиси, ҳозирда Молия бозорини назорат қилиш бўйича давлат хизмати раиси Улан Сарбанов келтирган ҳисоб-китобларга кўра, казиноларни очиш давлат бюджетига 2022 йилнинг охиригача 1 млрд. сўмдан ортиқ, 2024 йилга келиб эса 2 млрд. сўмдан ортиқ даромад олиб келади.

Унинг бу рақамларни ишонч билан келтиришига қараганда, қонун қабул қилиниши билан ишлаб кетишга шай турган казинолар ва уларга ёпирилиб кириб келадиган мижозлар мавжуд. Лекин аслида бу алдовдан бошқа нарса эмас. Ахир янги бизнес очиб, уни ишга тушириш катта тайёргарлик ишларини талаб қилади-ку?!

Депутат Исҳақ Масалиев казинодан тушадиган маблағнинг жиддий эканини эътироф этган ҳолда, қонун “аниқ бир лойиҳа учун ёзилгандек туюлганини” айтган. Сабаби ҳозирдан казинога келадиган чет элликлар учун 7 меҳмонхона қурилиши ҳақида гап бўлмоқда. Шу билан бирга унинг фикрича, қиморхоналарнинг ёпилиши оқибатида яширин ишлаётган муассасалардан бюджетга келиши мумкин бўлган маблағлар ҳозир амалдорлар ва “погонли одамлар”нинг чўнтагига тушмоқда. Яъни, демоқчики, ўша пулларни бюджетга йўналтириш мумкин.

Иқтисодиёт вазирлиги киритган ташаббус тез орада депутатлар томонидан муҳокама қилиниб, 11 май куни тегишли қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Қонун лойиҳасини қўллаб 68 депутат овоз берган бўлса, 23 нафар халқ вакили қарши овоз берган. Лекин ҳужжат қабул қилингач, 4 депутат “тасодифан” овоз бериб юборганини айтиб чиқишди. Улардан бири Айбек Осмоновнинг айтишича, жами 10 депутат овоз беришда тушунмовчилик қурбони бўлишган ва бунда парламент аппаратини айблаган.

Унинг айтишича, масалага овоз бериш 8 апрелга қўйилган бўлиб, ўшанда унга қарши чиққанлар кўп эди, шу сабабдан овоз бериш кейинга қолдирилиб, депутатларга босим ўтказиш бошланган. Ниҳоят, 11 май куни казиноларни очишга рухсат берувчи қонун лойиҳаси бошқа кўплаб масалалар билан бирга (улгуржи) овозга қўйилгани сабабли ўнга яқин депутат унга “билмасдан” овоз бериб қўйган.

Энди қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилинса, дастлаб Иссиқкўлдаги “Томчи” халқаро аэропорти яқинида, кейинроқ эса, Бишкек, Ўш ва Боткен вилоятларидаги аэропортларга яқин ҳудудларда казиноларнинг очилишига рухсат берилади.

Шерни тулки, тулкини шер айлаган…

Қиморхоналарни қайтадан очиш ҳақидаги гапларни кузатиб ўтириб, болаликда ўқиган бир шеър эсимга тушди. «Шерни тулки, тулкини шер айлаган, эҳтиёждир, эҳтиёждир, эҳтиёж…» Муаллифи эсимда йўқ. Албатта, зарурат кишини ҳар кўйга солиши мумкин, лекин бир эҳтиёжни қондираман деб, ундан-да мусибатлироқ бошқа муаммоларни пайдо қилиб олмаймизми?

Бундан 10 кунча аввал президент Садир Жапаров ҳам бу ғояни қўллаб-қувватлашини маълум қилган. У ҳатто ўз аппаратига ушбу масалани кўтариб, парламентга мурожаат қилишни топширганини ҳам ошкор қилган. У казинолар атрофида бўлган салбий ҳолатларни тан олар экан, энди қонун талаблари ўзгаришини, қиморхоналарнинг жамиятга салбий таъсир қилмаслигини айтган. Асосий талаб шуки, Қирғизистон фуқароларига казиноларга кириш ва ўйнаш қатъий тақиқланади. Яъни, бу муассасалар фақат чет эллик қиморбозлар учунгина қурилади. Эмиш…

Қиморхона ташаббускорларининг асосий важлари давлат бюджетини тўлдиришдан ташқари янги иш ўринларини очиш билан ҳам боғлиқ. Расмий маълумотларга кўра, қиморхоналар ёпилган 2012 йилда мамлакатда 17 ана шундай муассаса бўлиб, уларда 11-15 минг одам ишлаган. Давлат бюджетига эса йилига 400-600 миллион сўм қўшимча солиқ тушиб турган. (Улан Сарбанов айтган 2 млрд. сўм қаёқдан келишини ёлғиз унинг ўзи билса керак).

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили Қубан Айдаралиевнинг айтишича, Қирғизистонда казинолар ёпилгач, бу бизнес асосан қўшни Қозоғистонга кетиб қолган. Қирғизистонда эса қиморхоналар яширин ҳолатда ишлашда давом этмоқда. Йилига ҳуқуқ-тартибот органлари камида 1-2 ана шундай муассасани топиб туришади.

Қонунга амал қилиш бу қадар ночор бўлиб турганда янги қонуннинг Қирғизистон фуқароларига қиморхоналарга киришни таъқиқлаши ҳақидаги талаби бажарилишига ким кафолат беради? Кўпчиликнинг фикрича, порахўрлик авж олган мамлакатда талабининг ишлаб кетишига ишонч йўқ. Яъни, қимор ишқибозлари назоратчилар “томоғини мойлаш” орқали бемалол қиморхоналарга киришлари мумкин бўлади.

Оқибатда яна қиморга берилганлар кўпайиб, бор-йўғини бой бериб, камига яна банкдан қарз олишда, оилаларини хонавайрон қилишда давом этишлари мумкин.

Албатта, давлат бюджетини тўлдириш жуда муҳим. Айниқса бугунги шароитда. Ўтган йили пандемия туфайли давлат бюджетининг камомади 30 млрд. сўмни ташкил қилган. Бу йили солиқ йиғиш самарали олиб борилиб, бюджет анча бойиб қолган, бироқ бюджет соҳаси ходимларининг ойлиш маошлари, пенсия ва нафақа пулларининг кескин турда ошиши давлат бюджетининг кираша қисмини ҳам кескин кўпайтириш заруратини келтириб чиқармоқда. Қолаверса, Россия-Украина уруши туфайли пайдо бўлаётган муаммолар ҳам ҳукуматнинг шаштини олиб қўймоқда.

Бошқа томондан давлатнинг ташқи қарзи тобора ортиб, қарийб 5 млрд. долларга бориб қолди. Бу дегани – Қирғизистоннинг ҳар бир фуқароси калла бошига, янги туғилган чақалоқдан тортиб, энг қари оқсоқолгача ўртача 700 доллардан ортиқроқ қарз тўғри келади.

Хуллас, аҳолига кўплаган ваъдаларни бериб улгурган президент Садир Жапаров казинолар ёпилиши сабабли йўқотилган миллиардлаб сўмни қайтариш учун ҳаракат қилишга мажбур бўляпти. Ўзининг чиқишларидан бирида у “акс ҳолда пенсия, нафақалар ва ташқи қарзни тўлай олмай қоламиз”, деган. Лекин фойда кетидан қувиб, ижтимоий томондан тортадиган талофатларни ким ҳисоблайди?

Бишкеклик сиёсатшунос Руслан Ақматбекнинг фикрича, қиморхоналар очилса, пуллар оқиб келади дегани – бекор гап. Чунки, масалан жиноят дунёсининг таъсири кучли бўлиб турган Иссиқкўлда қонун назорати заиф бўлиб, оқибатда жамиятга оғир талофат етиши мумкин.

“Кўплаган ноқонуний ишлар бўлгани учун 2012 йили бу муассасалар ёпилган эди. Нима учун бу хатоларни яна такрорлаш керак эканини тушунмайман”, – деган у “Озодлик” радиосига.

Бугунги қонунларда тақиқланган фаолият (уларнинг ичида казинолар ҳам бор) билан шуғулланган шахсларнинг 5-7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши кўзда тутилган. Бироқ, йилига яширин кизинолар борлиги фош қилиниб турсада, шу кунгача бирорта айбдор шахснинг жавобга тортилгани ҳақида маълумот йўқ. Чунки уларнинг «юқорида» ҳимоячилари борда!

Яратганга ёқмаган иш

Казинолар очиш таклифи жамиятда катта норозилик туғдириши мумкинлиги ойдай равшан. Масалан, қонун лойиҳаси қабул қилинган куннинг эртаси Ўш шаҳрида ўнга яқин фуқаро «Ўш казинога қарши» деган плакатлар билан кўчага чиқди.

Ўшдан ўттиз чақиримча нарида жойлашган Аравон тумани марказида “Элдик” депутатлар гуруҳи кўчма йиғин ўтказган. Йиғин кун тартибида баҳорги дала ишлари, йўл қурилиши, ижтимоий ва чегара масалалари муҳокама қилинган. Бироқ мажлис бошида бир гуруҳ маҳаллий аҳоли вакиллари норозилик намойиши сифатида залдан чиқиб кетишган. Уларга мажлисда “Қуръон маъноларини нотўғри талқин қиладиган” депутат Асланбек Малиевнинг иштирок этаётгани ёқмаган. Бир неча кун аввал бу халқ вакили қиморхоналар очилиши ташаббусини қўллаб-қувватлаб гапирар экан, ўз фойдасига Қуръон оятларидан мисол келтирган. Унинг талқинида Муқаддас китобда “спиртли ичимликлар ва қимор – зарарли, бироқ уларда фойда ҳам бор”, дейилган.

Кўп ўтмай, Қирғизистон мусулмонлари идораси расмий баёнот бериб, депутатларни ўз ишлари билан шуғулланишга ва Қуръон маъноларини бузиб талқин қилмасликка чақирди.

“Нима ҳалол ва нима ҳаром экани Муқаддас Қуръонда XIV асрдаёқ айтилган ва бу Қиёмат кунигача ўзгармайди. Ўт билан ўйнашманглар. Сиёсий очко тўплаш мақсадида Қуръондаги сўзларни бузиб талқин қилманг. Қуръондан қўлингни торт!  …Агар ақлинг етмаса, маслаҳат қилиш керак”, дейилади муфтиятнинг баёнотида.

Бу масала пойтахт масжидларида ўтган жума намози хутбасида ҳам тилга олиниб, депутат айтган оятлар Исломнинг илк даврида нозил бўлгани, кейинроқ эса ичкилик ва қимор ҳаром деб деб эълон қилиниб, бутунлай таъқиқлангани эслатилди.

Юқорида айтилганидек, Қирғизистонда қиморхоналарнинг таъқиқланиши фуқаролик жамиятининг бир неча йиллик кураши натижаси ўлароқ амалга ошган эди. Бир неча йил давомида фаоллар қатор норозилик намойишлари ўтказишиб, давлат раҳбариятига, депутатларга петициялар йўллашган. Масала турли давра суҳбатларида кенг муҳокама қилиниб, қаттиқ танқид остига олинган эди.

Ижтимоий тармоқларда бошланган қизғин муҳокамаларга қараганда ва муфтиятнинг муросасиз позициясини ҳисобга олганда яқин орада бу норозилик ҳаракатлари яна кучайиши мумкин. Агар парламентда кейинги овоз бериш пайтида ўзини алданган деб ҳисоблаган депутатлар сони кўпайса, қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишларда ўтказиш осон бўлмаслиги аниқ.

Албатта, қадимги рим императори айтганидек, «пулнинг сассиқ ҳиди бўлмайди». Яъни, пул топиш учун қора ишлардан жирканиш керак эмас. Бироқ пул топишнинг ўнлаб, юзлаб пок, ҳалол йўллари борку! Масалан, бугунги кунда оддий олмани Польша, Хитой каби давлатлардан олиб келяпмиз, ҳатто бўлмағур чипсани ҳам Туркманистондан олиб келган кунимиз бўлди. шу вақтнинг ўзида боғ-роғлар қиладиган минглаб гектар ерларимиз ўт босиб бекор ётибди. Ўша чипса тайёрланадиган картошка ўзимизда истаганча етиштирилади.

Ўзимизда юзлаб, минглаб доривор моддаларга, минералларга бой табиий булоқларимиз бўлатуриб, оддий сувни ҳам Қозоғистонда сотиб олиб келамиз. 30 йилдан бери туризмни ривожлантириш ҳақида гапириб келамиз, лекин шу пайтгача хизмат кўрсатиш сифатини ошириб, одамларимизга муомала маданиятини ўргата олмадик. Нархлар эса… Бугунги кунда Иссиқкўлдаги пансионатларда дам олишдан кўра, Антальяга бориб дам олган арзонроқ тушади.

Хуллас, тафаккур кишилари учун фикр қиладиган ишлар кўп. Чамаси гап шундай кишиларни топишда қолди, холос.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг