Футбол бирлаштиради. Ўшда ўзбекистонлик талабалар ўртасида турнир бўлиб ўтди

Мусобақалар ғолибига Равшан Эрматов ва Баҳодир Қўчқоров дастхатлари туширилган футбол тўпи совға қилинди.

Бугун, 8 май куни Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўш шаҳридаги А.Момунов номидаги “Қағанат” Футбол академияси футбол майдонида Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 77 йиллигига бағишланган мини-футбол бўйича турнир бўлиб ўтди.

Маълумки, қўшни Ўзбекистонда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Турнирда Қирғизистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ўзаро куч синашдилар.

Турнир ташкилотчиларидан бири, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Қирғизистондаги вакили Бобурмирзо Абдусаматовнинг айтишича, биринчи бор ўтказилган бу мусобақаларнинг мақсади – ўзбекистонлик талабаларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг муаммоларини эшитиб, фикр алмашиш, ўзаро дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни ягона, ёрқин ғоялар атрофида бирлаштиришдан иборат эди.

Футбол беллашувларида Ўш ва Жалолобод шаҳарларида билим олаётган талабалардан ташкил топган 12 жамоа қатнашиб, жуда чиройли, жонли ўйин кўрсатдилар. Турнирга алоҳида кўрк бағишлаган масалалардан бири, ўйинларга халқаро тоифадаги футбол ҳаками Баҳодир Қўчқоров ҳакамлик қилди.

Учрашув натижаларига кўра, Ўш гуманитар-педагогика университетининг «Ассоциация» командаси турнир ғолиби бўлди. Иккинчи ўринни Жалолобод шаҳридаги Илмий-тадқиқот, тиббий-ижтимоий институтининг “НИМСИ” командаси эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Ўш давлат педагогика университетининг “Шунқорлар” командасига насиб қилди.

Шиддатли курашларда ғолиб бўлган жамоаларга турнир кубоги, медаллар ва фахрий ёрлиқлар топширилди. Турнир ғолиби бўлган «Ассоциация» жамоасига ўзбекистонлик Халқаро тоифадаги футбол ҳаками, Футбол бўйича жаҳон чемпионатларида одилона ҳакамлик қилиб, Жаҳон футбол федерацияси (ФИФА) ва ҳатто бутун дунё футбол ишқибозларининг ҳурматини қозонган Равшан Ирматовнинг ҳамда Баҳодир Қўчқоровнинг дастхати туширилган футбол тўплари ҳам топширилди.

Эслатиб ўтамиз, ўшлик ҳакам Баҳодир Қўчқоров Равшан Ирматовнинг бригадасида жаҳон чемпионатларида бирга ҳакамлик қилган.

Бобурмирзо Абдусаматовнинг айтишича, жорий йилнинг май ойи охирларида турнир ғолиби бўлган жамоа иштирокида қирғизистонлик талабалар жамоаси ўртасида дўстлик учрашувини ўтказишга қарор қилинди.

Турнир Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси тарафидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, “DATKA HOLDING”, SАPREMO ва бошқа компаниялар ҳамкорлигида ташкил қилинган.

Бугунги кунда Қирғизистондаги олий ўқув юртларида 231 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Уларнинг деярли учдан бир қисми, яъни 70 минг нафардан кўпроғи – чет элликлар. Уларнинг энг кўпи (қарийб 39 минг талаба) Ўзбекистондан келиб ўқийди. Ҳиндистондан 14,5 минг талаба ўқиса, салкам 10 минг талаба Покистон фуқаролари.

Соҳибжон Мамиров, Оқбура, Ўш

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг