Рамазон шукуҳи: Муҳтож бўлсангиз олинг, қодир бўлсангиз саватга солинг!

Ният яхши бўлса, уни амалга оширишнинг йўллари ва қўлловчилари ҳам топиларкан.

Ўзбек халқи меҳмондўст, олийжаноб ва саҳоватли инсонларга бой. Қувонарлиси, улар орасида ёшлар ҳам кўп. Ўшлик 24 ёшли нонвой Абдуғани ўғли Абдуллоҳ ана шундай инсонлардан бири. У шаҳарнинг Амир Темур (Ўнадир) шаҳарчасида яшайди.

Саҳоватпеша йигитнинг ягона тирикчилик манбаи нонвойчилик. Ҳали уйланмаган. Унинг асосий кўзлаган мақсади эса нонвойчилик ҳунари орқали халқига хизмат кўрсатишдан иборат. Қарангки, кўзлаган мақсади уни бир савобли ишга қўл уришига сабаб бўлди.

Абдуллоҳ шаҳарчадаги кам таъминланган ва ногиронлиги бор бўлган инсонлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнглини оз бўлсада кўтармоқчи эди. Лекин бунга на маблағи ва на ҳомийси йўқ. У имкон қадар ўз маблағи ҳисобидан кам таъминланган оилаларга, боқувчисини йўқотган инсонларга эҳсон қилишни ўзгача йўлини ўйлаб топди. Яъни, нонвойхона олдига бир саватча ўрнатиб, унга «Муҳтож бўлсангиз олинг, қодир бўлсангиз саватга солинг!» деб ёзиб қўйди. Буни қарангки, кўп ўтмай муҳтож инсонлар қалбини хушнуд этиш учун бошланган хайрия ишини қўллайдиган бир гуруҳ саҳоватли ҳомийлар топилди.

– Мен бунчалик тез ва кўп ҳомий топилишини кутмагандим. Ҳаш-паш дегунча саватча нонга тўлди. Бир кунда 40-50та нонни муҳтожлар олиб кета бошлади. Саватни эса саҳоватли ҳомийлар тўлдириб қўйишади. Бу менга ҳам шижоат берди», – дейди Абдуллоҳ.

Саватда ноннинг тафтидан, чанг ва ёғин тегмасин, деб тортилган пленка терлаб туради. Камтарин йигит ўз расмининг интернетда пайдо бўлишини истамади.

Абдуллоҳ нонвойнинг айтишича, «бу савобли хайрия иши Рамазон ойидан кейин ҳам йиллар давомида бардавом бўлиб қолади». Зеро, Ҳадиси қудсийда: “Қайси бир инсон бировнинг оғирини енгил қилса, ҳожатини раво қилса, Мен ўша инсоннинг оғирини охиратда енгил қиламан, ҳожатини раво қиламан”, – деб Парвардигори олам ваъда қилгани баён этилган. Шундай экан, ижтимоий таъминотга муҳтожларга қўлимиздан келганича хайр-саҳоват қилайлик. Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажру-савобларга эга бўлайлик.

Юқоридаги ва шунга ўхшаш ошкора ва яширин хайрли ишларнинг сабабчилари ҳамда соҳибларини ҳам ана шундай улуғ савобларга эришишларини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга ва етимларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин!

Муборак Рамазон ойи дунёнинг барча мўъмин-мусулмонлари томонидан ўзгача шукуҳ, хурсандчилик ва тиловат билан ўтказилмоқда. Муборак рамазон шукуҳи кечаётган даврда саҳоватли инсонларнинг борлиги, уларнинг ҳайрли амаллари барчани мамнун этиб, одамларнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббати ила муборак айёмни эсон-омон, ҳамжиҳатлик билан ўтишига ишонч ва куч-ғайрат бағишламоқда.

Одилжон Дадажонов, Оқбура, Ўш.

Расмлар ва видео муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг